Мустақиллик байрами арафасида янги иншоотлар, йирик ишлаб чиқариш қувватлари фойдаланишга топширилиши эзгу анъанага айланган. Бугун Яшнобод туманидаги кўп тармоқли “Тexnopark” ишлаб чиқариш мажмуасида “Samsung” бренди остида маиший совутгичлар ишлаб чиқариш корхонасининг очилиши ҳам қутлуғ байрамимизга муносиб тўёна бўлди.
Собиқ авиасозлик заводи ўрнидаги 101 гектарлик майдонда жойлашган мазкур ишлаб чиқариш мажмуасига 2019 йил 10 августда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан асос солинган эди. Бу ерда 17 та йирик лойиҳа амалга оширилиши мақсад қилинган. Уларнинг биринчиси 2020 йил февраль ойида ишга туширилиб, электрон газ ҳисоблагичлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилган эди.
Давлатимиз раҳбарига бошқа лойиҳалар ҳақида маълумот берилди.
Бу йил мажмуада лифт ва эскалаторлар, сув насослари, кир ювиш машиналари, витрина совутгичлари ва музлатгичлар ишлаб чиқариш лойиҳалари ишга туширилади. Кейинги йилдан эса мис қувурлари, саноат сув иситиш қозонлари, ошхона техникалари, сендвич панел ва металл конструкциялар, эшик-ромлар учун фурнитура ва аксессуарлар, панелли иситиш радиаторлари, базальт тошидан изоляцион материаллар ишлаб чиқариш лойиҳалари иш бошлайди. Шунингдек, логистика маркази қурилади. Бу ердан маҳсулотларни тўғридан-тўғри хорижга экспорт қилиш мумкин бўлади. “Тexnopark” ҳудудидаги барча лойиҳалар ишга туширилиши билан 10 мингдан зиёд аҳоли доимий иш билан таъминланади.
Давлатимиз раҳбари лойиҳаларни белгиланган муддатларда, сифатли ишга тушириш бўйича топшириқлар берди. Жамоатчилик фаоллари билан мулоқотда саноатни маҳаллийлаштириш масалалари ҳақида гапирди. Хусусан, 2016 йил якунида 100 минг тонна атрофида мис ишлаб чиқарилган бўлса, бу йил охирида 150 минг тоннага етказилиши таъкидланди. Келгусида 400 минг тонна режа қилинган. Маълумки, мис саноат маҳсулотлари тайёрлашда кенг қўлланилади. Уни қазиб чиқариш ҳажми кўпайиши импорт ўрнини босиб, мамлакатимиз маҳсулотларининг дунё бозорида рақобатбардошлигини оширади.
2020 йил 29 август. Ўзбекистон мустақиллигининг 29 йиллиги. Бу сана Ўзбекистон саноати тарихида муҳим тарихий кун сифатида муҳрланиб қолади.
Президент Шавкат Мирзиёев рамзий тугмани босиб, “Тexnopark” мажмуасида “Samsung” бренди остида маиший совутгичлар ишлаб чиқариш корхонаси фаолиятини ишга туширди. Жамоатчилик вакиллари билан ишлаб чиқариш жараёнини кўздан кечирди.
Йирик инвестициявий маиший совутгичлар ишлаб чиқариш лойиҳаси Жанубий Кореянинг “Samsung Electronics” компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилган бўлиб, умумий қиймати 51,5 миллион АҚШ доллардан зиёдни ташкил этади. Ускуналарни монтаж қилиш ва лойиҳани ишга туширишга ҳам кореялик мутахассислар жалб қилинган.
Бир вақтнинг ўзида 4 турдаги совутгичларни ишлаб чиқариш имконияти мавжудлиги лойиҳанинг ўзига хос жиҳатларидан биридир. Ишлаб чиқариш жараёни 70 фоизга автоматлаштирилган, 1500 ишчи фақат техникаларни бошқариш ва бутловчи қисмларни йиғишда қатнашади. Бу эса ҳар 19 сонияда 1 та тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш имконини беради. Маҳсулотлар сифат назорати лабораториясидан 7 дақиқада ўтади. Бунда “Samsung” компаниясининг инновацион технологияси ёрдамига таянилади. Синов натижалари марказлашган маълумотлар базасида сақланади.
Корхона йилига 1 миллион дона совутгич ишлаб чиқариш қувватига эга. Бу нафақат юртимиз, балки МДҲ давлатлари аҳолисини ҳам замонавий, сифатли маҳсулот билан таъминлаш имконини беради.
Йиллик экспорт ҳажми 50 миллион доллардан зиёдни ташкил этади.
Маиший совутгичлар замонавий дизайнга, “No frost”, масофавий “smart” бошқарув тизимига эгалиги, энергия тежамкорлиги, юқори кучланишга қарши ҳимоя тизимининг мавжудлиги билан ажралиб туради.
– Собиқ авиация заводи тўхтаб, қаровсиз қолиб кетган эди. Кейинги йилларда ундан фойдаланиш бўйича кўрган чораларимиз аста-секин ўз натижасини бераяпти. Булардан мақсадимиз – одамларни ишли қилиб, ойлик бериш, рақобатбардош маҳсулот чиқариб, экспорт қилиш, – деди Шавкат Мирзиёев.
Совутгичлардан фойдаланиш йўриқнома-китобчасида “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” деган ёзув турли тилларда муҳрланган. Бу эса хориж давлатларида бизнинг совутгичлардан фойдаланаётган минглаб одамларда Ўзбекистонга, халқимизга ҳавас ҳиссини уйғотиши, юртимиз номини танитиши шубҳасиз.
Улуғбек Асроров, ЎзА