Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони
Қайд этилсинки, амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида Ўзбекистонда мустақиллик йилларида хусусий мулкдорларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоясини таъминлаётган мустаҳкам қонунчилик базаси яратилди, давлат хизматлари кўрсатишнинг тўғридан-тўғри мулоқотсиз замонавий интерактив шакллари жорий этилмоқда, давлат билан ишбилармонлар ўртасида тизимли мулоқот йўлга қўйилди, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ўрта синфини шакллантириш, мамлакат иқтисодиётини барқарор ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли даромадларини оширишнинг энг муҳим омили сифатида кичик тадбиркорликни жадал ривожлантириш учун ишончли ҳуқуқий кафолатлар яратилди.

Шу билан бирга, тараққиётнинг ҳозирги босқичида бизнесни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш масалаларида шаклланган ёндашувларни қайтадан кўриб чиқиш, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини муҳофаза қилишнинг янги тизими яратилишини тақозо этмоқда.

Аҳолини тадбиркорлик фаолиятига янада фаол жалб этиш ва хусусий бизнесини бошлашга, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг барча босқичларида юзага келаётган муаммоларни ортиқча сарсонгарчиликларсиз ва қоғозбозликсиз тезкор ҳал этишга хизмат қиладиган бозор инфратузилмасининг барқарор ишлаши ва янада ривожланишини мувофиқлаштирувчи амалий механизмнинг самарали тизимини яратиш зарур.

Шу ўринда, мақоми, фаолият йўналиши ва кўлами, мулкчилик шаклларидан қатъи назар, барча тадбиркорлик субъектларини бирлаштирувчи нодавлат нотижорат ташкилот ҳисобланган Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасининг вазифалари, фаолият йўналишлари ва ваколатларини тубдан қайта кўриб чиқишни тақозо этмоқда.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни ижро этиш, бизнес ҳамжамияти ва давлат органлари ўртасида самарали мулоқот ва соғлом шерикчилик механизмларини йўлга қўйиш, хусусий мулкчилик ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли муҳофаза қилиш кафолатларини кучайтириш, тадбиркорлар билан бизнес-муҳитни такомиллаштириш масалалари бўйича долзарб ахборот алмашинувининг доимий каналини, аввало вилоятлар, шаҳарлар ва туманларда жорий этиш, тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг амалий натижаларига эришиш, ўзининг бизнесини ташкил этиш ва юритишда аҳолига ҳар томонлама кўмак бериш, шунингдек, тадбиркорлик субъектларига сифатли давлат хизматлари кўрсатишни таъминлаш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси, Иқтисодиёт вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Адлия вазирлиги, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг, шунингдек, тадбиркорлик тузилмаларининг Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тизимини тубдан қайта ислоҳ этиш тўғрисидаги таклифлари қабул қилинсин ҳамда унинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб, қуйидагилар белгилансин:

а) тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида – тадбиркорлик субъектларини, айниқса ўз фаолиятини йўлга қўйиш даврида уларни қўллаб-қувватлашнинг самарали тизимини яратиш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ишончли муҳофазасининг кафолатларини кучайтириш, жадал ривожланишига ҳар томонлама кўмак бериш, хусусий мулк ва тадбиркорликнинг устуворлик роли ва дахлсизлигини таъминлаш, республикамиз туманлари ва шаҳарларида аҳолини тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилиш, жумладан:

ваколатли органлар томонидан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилиши ҳолатини таҳлил қилиш ҳамда унинг натижаларини тизимли асосда Ўзбекистон Республикаси Президенти Девони, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва бошқа ваколатли органларга тақдим этиш;

тадбиркорлик фаолияти соҳаси қонунчилигининг, аввало маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ижро этилиши устидан жамоат назоратини амалга оширишнинг амалий механизмини жорий этиш ҳамда уларнинг фаолияти бўйича мустақил баҳолашни тайёрлаш ва Вазирлар Маҳкамасига тақдим этиш;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг раҳбарлари ва ходимларига нисбатан шикоят аризалари берган тадбиркорлик субъектларининг манфаатларини ҳимоя қилиш;

тадбиркорлик субъектлари фаолияти мониторингини амалга ошириш ҳамда улар фаолияти текширувларида Палата аъзоларининг иштирок этишини таъминлаш.

б) ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яхшилаш соҳасида – тадбиркорлик фаолияти соҳаси қонунчилигини янада такомиллаштириш, тадбиркорлик субъектларини ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, тадбиркорлик фаолияти соҳасида қабул қилинган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг амалиётга жорий этилиши устидан жамоат экспертизасини ташкил этиш ва жамоат назоратини кучайтиришга кенг жалб қилиш, жумладан:

тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш, қулай ишбилармонлик муҳити ва инвестиция муҳитини шакллантириш бўйича давлат дастурлари, шунингдек, ҳудудларни комплекс ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқишда иштирок этиш;

тадбиркорлик субъектларини ишбилармонлик муҳити ҳолатини янада яхшилаш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқишга кенг жалб қилиш, тадбиркорлик тузилмалари билан биргаликда меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг жамоатчилик экспертизасини, жумладан, саноат, транспорт, қурилиш, молия, ахборот-коммуникация технологиялари, савдо ва хизматлар, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва бошқа соҳалар бўйича эксперт кенгашларини ташкил этиш орқали ташкил этиш;

тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари кафолатларини мустаҳкамлаш, уларнинг ривожланишини рағбатлантиришни кучайтиришга қаратилган қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш;

республикамиз туманлари (шаҳарлари), вилоятлари кесимида жойлардаги ишбилармонлик муҳитининг ҳолати ҳамда қонунчиликдаги меъёрлар ва талабларнинг амалга оширилиши натижалари бўйича ҳар чоракда таҳлил ўтказиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Девони, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва бошқа ваколатли органларга уларни яхшилаш бўйича таҳлилий материаллар ва таклифларни тақдим этиш.

в) тадбиркорлик фаолиятига кўмаклашиш соҳасида – тадбиркорлик субъектларига бизнесни ташкил этиш, юритиш ва янада ривожлантиришда амалий ёрдам кўрсатиш, давлат органлари ва бозор инфратузилмаси субъектлари хизматларидан фойдаланиш бўйича имкониятлар ва шароитлар яратиш, маслаҳат ёрдами ва ахборот таъминотини тақдим этишда қуйидагилар орқали кўмаклашиш:

янгидан фаолият бошлаётган тадбиркорларни жойлаштириш учун бизнес-инкубаторлар фаолиятини яратиш ва ташкил этиш ҳамда уларга бизнес-режаларни тайёрлаш, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ зарур ахборотларни олиш ва амалий масалаларни ҳал этишда эксперт, ҳуқуқий ва маслаҳат ёрдами кўрсатиш;

тадбиркорларнинг инвестиция ва ишлаб чиқариш жараёнларини ташкил этиш бўйича амалий кўникмаларни ўзлаштириши, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ зарур ахборотларни олишига ёрдам бериш;

тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишда, улар фаолияти бўйича текширувлар ўтказилганида тадбиркорлик субъектларига ҳуқуқий ва юридик ёрдам кўрсатиш;

молиявий ва товар-хомашё ресурслари, муҳандислик-коммуникация тармоқлари, технологик машиналар ва қурилмалар, ишлаб чиқариш объектлари, шунингдек, ер майдонларидан фойдаланишда амалий ёрдам кўрсатиш;

Савдо-саноат палатаси аъзолари ва ҳамкорлари иштирокида жамоатчилик асосида қўмиталар, ишбилармонлик ва мувофиқлаштириш кенгашларини ташкил этиш;

инновация тадбиркорлигини жорий этишга, «startup» лойиҳалар, ёшларнинг, аввало олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари битирувчиларининг ўз бизнесини ташкил қилиш ва юритишга, шунингдек, аҳоли бандлиги ва даромадларининг жадал ўсишини таъминлашга хизмат қиладиган кичик, хусусий ва оилавий тадбиркорлик, касаначиликнинг турли шаклларини жадал ривожлантиришга фаол кўмаклашиш.

г) давлат органлари билан ўзаро ҳамкорлик соҳасида – давлат ҳокимиятининг барча тармоқлари – қонунчилик, суд ва ижро этувчи ҳокимиятлар, шунингдек, банк-молия ташкилотлари ва бозор инфратузилмасининг бошқа субъектлари билан ўзаро ҳамкорликни таъминлашни мосланувчанлиги ва натижадорлигига хизмат қиладиган самарали ўзаро ҳамкорлик тизимини ва янги иш шаклларини жорий этиш, жумладан:

тадбиркорлик субъектлари билан давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, шунингдек, жойлардаги барча даражадаги давлат ҳокимияти органлари ўртасида ўзаро муносабатларни самарали ташкил этишга кўмаклашиш, “тўғридан-тўғри ва қайта алоқа” тамойили бўйича ўзаро ҳамкорликнинг амалий ва самарали механизмини яратиш;

тадбиркорлик субъектларининг мурожаатларини қабул қилиш ва қайта ишлаш, ваколатли органларга кўриб чиқиш учун тақдим этиш, шунингдек, уларнинг ижро этилиши устидан мониторинг олиб бориш ва таҳлил қилиш;

вилоятлар марказлари, туманлар ва шаҳарларда Тадбиркорликка кўмаклашиш марказлари фаолиятини ташкил этиш, уларнинг ваколатли давлат органлари ва ташкилотлар, шунингдек, давлат хизматлари тақдим этувчи хўжалик бошқаруви органлари билан ўзаро ҳамкорлигини таъминлаш.

д) тадбиркорлик субъектларини ўқитиш ва кадрлар тайёрлаш соҳасида – тадбиркорлик тузилмалари учун кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизими сифатини тубдан ошириш, иқтисодиёт тармоқлари эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда, таълим йўналишлари ва ихтисосликлари бўйича ўқув дастурларини такомиллаштириш, ҳар бир туман ва шаҳарларда кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш доимий курсларини қуйидаги усуллар орқали ташкил этиш:

Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси билан Республика тадбиркорлик фаолияти асосларини ўқитиш маркази ва унинг ҳудудий филиаллари билан, жумладан, касб-ҳунар коллежлари негизида машғулотлардан бўш вақтларида, ўзаро ҳамкорликни ташкил этиш;

марказ фаолиятининг йўналишлари бўйича халқаро молия институтлари, хорижий донорлар ва чет давлатларнинг тадбиркорларни ўқитиш бўйича муқобил марказлари билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш;

тадбиркорларга бизнес юритиш асослари, бизнес-режалар тузиш, тадбиркорлик фаолияти соҳасида қонунчилик ҳужжатлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш, менежмент, молиявий бошқарув ва бошқа зарур фанларга ўқитишни ташкил этиш бўйича тадбиркорлик субъектлари учун ўқув курсларини ишлаб чиқиш ва ўтказиш;

тадбиркорларга ходимларни танлаш ва ўқитишда, уларнинг касб малакасини доимий оширишда кўмаклашиш, ҳудудлар ва тадбиркорлик соҳаларида малакали кадрларга бўлган эҳтиёжлардан келиб чиққан ҳолда, ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълим муассасаларида мутахассислар тайёрлашга давлат буюртмаларини шакллантиришда иштирок этиш;

таълимни ташкил этиш учун олий ўқув юртлари, касб-ҳунар коллежларининг ўқитувчилари, амалиётчи-мутахассислар, юқори натижаларга эришган тадбиркорлар ва хорижий мутахассисларни жалб қилиш.

е) ташқи иқтисодий фаолият ва инвестицияларни жалб қилиш соҳасида – республикамиз тадбиркорлик субъектларининг халқаро ишбилармонлик ҳамжамиятига интеграциялашуви, маҳаллий корхоналар маҳсулотларининг ташқи бозорларга чиқарилишини таъминлаш, миллий брендларни хорижда фаол илгари суриш, маҳаллий ва хорижий инвестицияларни, шунингдек, замонавий технологияларни жалб этиш, жумладан:

бизнес-форумлар, кўргазмалар ва ярмаркаларни ташкил этиш ва уларда маҳаллий тадбиркорлик субъектларининг кенг иштирокини таъминлаш;

тадбиркорлик субъектларига ишончли ҳамкорлар, янги бозорларни излаш ва ишлаб чиқарилган маҳсулотларни ташқи бозорларга олиб чиқиш, экспорт турларини кенгайтириш ва тадбиркорлик субъектларининг экспорт салоҳиятини ошириш, шунингдек, ҳуқуқлари ва манфаатларини муҳофаза қилишда ёрдам кўрсатиш;

ташкил этилган кичик саноат ва эркин иқтисодий зоналарда ички ва ташқи бозорларда талаб юқори бўлган, рақобатдош маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича замонавий ишлаб чиқаришларни ташкил этишга оид лойиҳаларни амалга ошириш доирасида тадбиркорлик субъектлари, жумладан хорижий инвесторларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш;

мазкур вазифаларни амалга оширишда республикамизнинг чет элдаги дипломатик ваколатхоналарининг савдо-иқтисодий масалалари бўйича маслаҳатчилари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасининг чет элдаги ваколатхоналари билан фаол ўзаро ҳамкорликни таъминлаш.

2. Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси белгиланган аниқ стратегик мақсадлар ва асосий вазифаларнинг самарали амалга оширилишини таъминласин, Савдо-саноат палатаси Президиуми мажлисларида қабул қилинаётган чора-тадбирларнинг самарадорлигини мунтазам кўриб чиқсин.

Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг раҳбарлари Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси фаолиятининг стратегик мақсадлари ва вазифаларини амалга оширишда ҳар томонлама ёрдам кўрсатишни таъминласин.

3. Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси муассисларининг қуйидаги таклифлари маъқуллансин:

Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасининг қурултойи олий бошқарув органи ҳисобланади ва у ҳар тўрт йилда камида бир марта йиғилади;

қурултойлар орасида палатанинг бошқарув органи қурултой делегатлари томонидан сайланадиган 25 кишидан иборат Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси Президиуми ҳисобланади;

палатанинг ижро этувчи органи Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ижроия қўмитаси ҳисобланиб, у ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси Президиумига бевосита ҳисобот беради;

Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси раиси лавозимига Ўзбекистон Республикаси Президетининг тавсияси бўйича Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси съездининг делегатлари томонидан сайланади;

Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси раиси лавозими бўйича Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси Президиуми раиси ҳисобланади ва Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ижроия қўмитаси ишини бошқаради;

Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси Ижроия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари ва ўринбосарлари лавозимларига Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси раисининг тавсияси билан Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси Президиуми томонидан тайинланади.

4. Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасига қуйидаги ҳуқуқлар берилсин:

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Ўзбекистон Республикаси Президенти Девони, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, вазирликлар ва идораларга ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яхшилаш, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини тартибга солиш масалалари бўйича таклифлар тақдим этиш;

эксперт кенгашларини ташкил этиш, шунингдек, ваколатли давлат органларига қабул қилинган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар бўйича ноаниқликлар ва турлича ёндашувларни бартараф этиш бўйича мажбурий жавоб талаб этиладиган ёзма сўровномаларни тақдим этиш;

Вазирлар Маҳкамаси, вазирликлар ва идораларга бизнес ривожланишига тўсқинлик қилаётган ва чеклаётган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, уларни бекор қилиш тўғрисидаги таклифларни тақдим этиш;

Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгаши томонидан тасдиқланадиган тадбиркорлик субъектларида ўтказиладиган текширувларнинг муддатлари ва сонини белгилашда, тадбиркорлик субъектларининг манфаатларини ҳимоя қилиш учун бевосита уларнинг фаолияти текширувларида иштирок этиш, шунингдек, текширувларнинг натижаси бўйича қабул қилинган назорат органларининг қарорларига норозилик билдириш;

тадбиркорлик субъектлари ва давлат органлари ўртасидаги низоларни тартибга солишни таъминлаш мақсадида давлат ҳокимияти органлари, маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органлари, хўжалик бошқаруви органлари ва уларнинг ваколатли шахсларидан зарур маълумотлар, ҳужжатлар ва материалларни сўраб олиш;

жиноий ишлар бўйича амалиётда жамоат ҳимоячилари сифатида иштирок этиш;

давлат органларининг ваколатли шахслари қарорлари, ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги устидан шикоятлар бўйича тадбиркорлик субъектлари номидан суд жараёнининг исталган босқичида иштирок этиш, шунингдек, шикоят аризалари билан бир қаторда апелляция, кассация шикоятлари, аризалар, жумладан назорат тартибида рад этиш тўғрисидаги хатларни тақдим этиш;

давлат активларини хусусийлаштириш, жумладан давлат мулки объектларини “ноль”га тенг харид қиймати бўйича сотиш, шунингдек, давлат органлари ва давлат хизматларининг айрим функцияларини хусусий секторга бериш, шунингдек, давлат-хусусий шериклик механизмларини жорий этиш тўғрисида таклифлар тақдим этиш;

ўзининг таркибида белгиланган тартибда таълим муассасаларини ташкил этиш.

5. Белгилансинки:

Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг тадбиркорлик фаолиятига таъсирини баҳолаш тўғрисидаги хулосани бериш бўйича ваколатли орган ҳисобланади;

тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишга бевосита ёки билвосита таъсир қиладиган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳалари мажбурий равишда Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси билан келишилиши зарур;

Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасига мутлақо ёки маълум қисмига қарши бўлган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини тасдиқлайдиган қонунчилик ва ижро этиш ҳокимияти органларига ўз хулосаларини тақдим этиш ҳуқуқига эга;

тадбиркорлик фаолияти ривожланишига тўсқинлик қилувчи ёки чекловчи меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, уларни бекор қилиш зарурияти тўғрисида тақдим этилган тавсиялар ва мажбурий жавобни талаб қиладиган ёзма мурожаатлар қонунда белгиланган муддатда мажбурий равишда кўриб чиқилиши ва Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасига уларни кўриб чиқиш натижалари ҳақида асосланган хулосалар тақдим этилиши лозим;

Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси вакиллари мажбурий тартибда давлат органлари, жумладан, назорат ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ҳузурида ташкил этиладиган жамоатчилик маслаҳат кенгашларининг таркибига киритилади.

6. Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси таркибида вилоят марказлари, Нукус ва Тошкент шаҳарларида, туманлар ва шаҳарлардаги бўлимлари билан, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тизимида “ягона дарча” тамойили асосида тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатиш бўйича ягона марказлар билан қўшма жойлаштириш тамойили асосида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш марказлари ташкил этилсин.

7. Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш марказлари фаолиятининг асосий вазифалари ва йўналишлари этиб қуйидагилар белгилансин:

зарур шарт-шароитларни яратиш ва бир жойнинг ўзида кенг кўламли давлат органлари ҳамда бозор инфратузилмаси субъектларининг хизматлари, бизнес-хизматларидан фойдаланиш имкониятини тақдим этиш орқали тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш;

тадбиркорлик субъектларига муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиш, ахборот таъминоти, давлат хизматларидан фойдаланишда (рўйхатдан ўтказиш, рухсат бериш, лицензиялаш ва бошқа ҳужжатлар) кўмак бериш;

бизнес-режалар ишлаб чиқиш, шунингдек, лизинг, суғурта ва баҳолаш хизматларидан фойдаланиш учун зарур ҳужжатларни тайёрлаш;

молиявий, товар-хомашё ва табиий ресурслар, технологик машиналар ва ускуналар, ишлаб чиқариш объектлари, шунингдек, ер майдонларидан фойдаланишда кўмаклашиш;

солиққа тортилиш, ишчилар ёллаш, статистика, молия, солиқ ва бошқа ҳисоботларни топшириш, банк хизматлари, бино ва жойларни ижарага олиш, давлат мулки объектларини “ноль” қийматида харид қилишда маслаҳатлар бериш;

халқаро стандартлар ва сертификация тизимини жорий этишда, жумладан ташқи савдо ҳамкорлар билан кооперация алоқаларини йўлга қўйишда, шунингдек, ташқи иқтисодий фаолиятни амалга оширишда ёрдам бериш;

тадбиркорлик субъектлари учун тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш ва амалга ошириш билан боғлиқ масалалар бўйича бозор инфратузилмаси субъектлари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан икки томонлама ва кўп томонлама музокараларни ташкил этиш.

8. Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда 2017 йилнинг 1 июлигача бўлган муддатда “бевосита ва қайта алоқа” тамойили бўйича амалий ва самарали ўзаро ҳамкорлик механизмини яратиш мақсадида, тадбиркорлик субъектларининг мурожаатларини қабул қилиш, кўриб чиқиш ҳамда таклифларини муҳокама қилиш бўйича махсус портални ташкил этсин.

9. Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси фаолиятини ташкил қилиш амалиётига қуйидагилар татбиқ этилсин:

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Бош вазири ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати аъзоларининг иқтисодий фаолиятнинг муаммоли масалаларини муҳокама қилиш, уларни ҳал этиш бўйича тадбиркорларнинг таклифларини, шунингдек, янги бизнес-ғоялар ва лойиҳалар амалга оширилишини муҳокама қилиш учун тадбиркорлар билан мунтазам учрашувлар ташкил этиш;

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қўмиталари билан ҳамкорликда хусусий мулк ва тадбиркорликни ривожлантириш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш масалалари бўйича давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарлари ва ходимларининг ҳисоботларини, шунингдек, депутатларнинг сайёр қабулларини ташкил этиш;

ҳар йили бизнес-ҳамжамият, минтақавий ва халқаро бизнес вакилларининг Иқтисодий форумини ўтказиш, унинг мақсади сифатида бизнес доиралар, илмий ҳамжамият, Ҳукумат ва аҳоли ўртасидаги мулоқотларни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, Ўзбекистон, минтақа ва жаҳон иқтисодиётининг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш тенденцияларини мустақил, холисона таҳлил қилиш асосида мустаҳкам алоқалар ўрнатиш.

10. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ҳафта муддат ичида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги қарори лойиҳасини белгиланган тартибда тасдиқлаш учун тақдим этсин.

11. Савдо-саноат палатаси Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ой муддат ичида Вазирлар Маҳкамасига қуйидагиларни тақдим этсин:

мазкур Фармондан келиб чиқиб, қонунчиликка киритиладиган ўзгартиришлар ва қўшимчалар тўғрисидаги таклифлар;

янги таҳрирдаги “Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳаси;

Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси таркибида хорижий инвесторлар, шунингдек, чет эллик ҳамкорлар билан ўзаро муносабатларда миллий компанияларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ишончли муҳофаза қилишини таъминлаш бўйича халқаро тижорат арбитраж судини ташкил этиш бўйича комплекс чора-тадбирлар.

12. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти                          Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри, 2017 йил 19 июнь

* * *
 
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 
“Бизнеснинг қонуний манфаатлари давлат томонидан муҳофаза 
қилиниши ва тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш 
тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар 
тўғрисида”ги Фармонига
 
ШАРҲ

Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш учун қулай шарт-шароит яратиш, хусусий мулк муҳофазаси ва кафолатларининг ҳуқуқий механизмларини янада мустаҳкамлаш, тадбиркорликни ривожлантириш йўлида бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, инвестиция муҳити ва ишбилармонлик ҳолатини яхшилашга қаратилган чора-тадбирлар изчил равишда амалга оширилмоқда.

Мустақиллик йилларида хусусий мулкдорларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоясини, давлат, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат органлари билан ўзаро муносабатларда тадбиркорларнинг ҳуқуқлари устуворлигини, хусусан, тадбиркорлик субъектларининг фаолиятига асоссиз аралашувлардан ишончли ҳуқуқий кафолатларни таъминлаб берадиган мустаҳкам қонунчилик базаси яратилди.

Бугунги кунда юртимизда 525 мингдан ортиқ тадбиркорлик субъекти фаолият юритмоқда. Мамлакатимизда ялпи ички маҳсулотнинг 56 фоиздан ортиғи кичик ва хусусий бизнес субъектлари томонидан ишлаб чиқарилаётган бўлиб, улар республикамиз меҳнатга лаёқатли аҳолисининг 78 фоиздан ортиғини иш билан таъминламоқда.

Шу билан бирга, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни ижро этиш, жумладан, бизнес соҳаси вакиллари ва давлат органлари ўртасида самарали мулоқот ва фойдали ҳамкорлик механизмларини йўлга қўйиш, хусусий мулк ва тадбиркорликнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли муҳофаза қилиш кафолатларини кучайтириш, вилоятлар ва туманларда бизнес-муҳитни такомиллаштириш масалалари бўйича, шунингдек, тадбиркорлик субъектларига, аввало, вилоятлар, шаҳар ва туманларда сифатли давлат хизматлари тақдим этилишини таъминлаш давлат органлари ва тадбиркорлик тузилмаларининг ўзаро ҳамкорлигини, айниқса, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини энди бошлаган даврларда уларни қўллаб-қувватлашнинг янги самарали тизимини яратишни тақозо этади.

Юқорида кўрсатилган вазифаларнинг ҳал этилиши нодавлат нотижорат ташкилоти ҳисобланиб, мақоми, йўналиши ва фаолияти кўлами, мулк шаклидан қатъи назар, тадбиркорлик субъектларини бирлаштириб турувчи Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси томонидан таъминланиши кўзда тутилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг мазкур Фармони аввало тадбиркорлик фаолияти ривожланиши ва бизнеснинг қонуний манфаатлари муҳофазасини, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси фаолияти тубдан такомиллаштирилишини назарда тутади.

Фармонда Савдо-саноат палатасининг қуйидаги аниқ ва энг муҳим вазифалари белгилаб берилган:

а) тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида – тадбиркорлик субъектлари, айниқса, уларнинг ўз фаолиятини йўлга қўйиш даврида қўллаб-қувватлашнинг самарали тизимини яратиш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли муҳофаза қилиш кафолатларини кучайтириш, соҳанинг жадал ривожланишига ҳар томонлама кўмак бериш, хусусий мулк ва тадбиркорликнинг устуворлик роли ва дахлсизлигини таъминлаш, мамлакатимиз туман ва шаҳарларида аҳолини тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилиш;

ваколатли органлар томонидан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига риоя этилиши ҳолатини таҳлил қилиш ҳамда таҳлил натижаларини тизимли равишда Ўзбекистон Республикаси Президенти Девони, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва бошқа ваколатли органларга тақдим этиш;

тадбиркорлик фаолияти соҳаси қонунчилигининг авваламбор маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ижро этилиши устидан жамоат назоратини ўрнатишнинг самарали тизимини жорий этиш ва уларнинг фаолияти бўйича мустақил баҳолаш мезонини ишлаб чиқиш ва Вазирлар Маҳкамасига тақдим этиш;

давлат ва хўжалик бошқаруви ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг раҳбарлари ва ходимларига нисбатан шикоят аризалари билан мурожаат қилган тадбиркорлик субъектларининг манфаатларини ҳимоя қилиш;

тадбиркорлик субъектлари фаолияти мониторингини амалга ошириш ҳамда улар фаолияти текширувларида Палата аъзоларининг иштирок этиши.

б) ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яхшилаш соҳасида – тадбиркорликка оид қонунчиликни такомиллаштириш, тадбиркорлик муҳитини янада яхшилаш, тадбиркорлик соҳасидаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг амалиётга жорий этилиши устидан жамоат экспертизасини ташкил этиш ва жамоат назоратини кучайтиришга кенг жалб қилиш;

тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш ҳамда қулай ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини шакллантириш бўйича давлат дастурлари, шунингдек, ҳудудларни комплекс ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқишда фаол иштирок этиш;

тадбиркорлик субъектларини ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқишга фаол жалб қилиш, тадбиркорлик тузилмалари билан биргаликда меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг жамоатчилик экспертизасини, жумладан, саноат, транспорт, қурилиш, молия, ахборот-коммуникация технологиялари, савдо ва хизматлар, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва бошқа соҳалар бўйича эксперт кенгашларини ташкил этиш;

тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари кафолатларини мустаҳкамлаш, уларнинг ривожланишини рағбатлантиришни кучайтиришга қаратилган қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш;

республика туманлари (шаҳарлари), вилоятлари кесимида жойлардаги ишбилармонлик муҳитининг ҳолати ҳамда қонунчиликдаги меъёрлар ва талабларнинг амалга оширилиши натижалари бўйича ҳар чоракда таҳлил ўтказиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Девони, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва бошқа ваколатли органларга уларни яхшилаш бўйича таҳлилий материаллар ва таклифларни тақдим этиш.

в) тадбиркорлик фаолиятига кўмаклашиш соҳасида – тадбиркорлик субъектларига бизнесни ташкил этиш, юритиш ва янада ривожлантиришда амалий ёрдам кўрсатиш, давлат органлари ва бозор инфратузилмаси субъектлари хизматларидан фойдаланиш имкониятлари ва шароитларини тақдим этиш, маслаҳат ёрдами ва ахборот таъминотини тақдим этишда қуйидагилар орқали кўмаклашиш:

янгидан фаолият бошлаётган тадбиркорларни жойлаштириш учун бизнес-инкубаторлар яратиш ва фаолиятини ташкил этиш ҳамда уларга бизнес-режаларни тайёрлаш, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ зарур ахборотларни олиш ва амалий масалаларни ҳал этишда эксперт, ҳуқуқий ва маслаҳат ёрдами кўрсатиш;

тадбиркорларнинг инвестиция ва ишлаб чиқариш жараёнларини ташкил этиш бўйича амалий кўникмаларни ўзлаштириши, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ зарур ахборотларни олишга кўмаклашишини таъминлаш;

тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишда, улар фаолияти бўйича текширувлар ўтказилганида тадбиркорлик субъектларига ҳуқуқий ва юридик ёрдам кўрсатиш;

молиявий ва товар-хомашё ресурслари, мухандислик-коммуникация тармоқлари, технологик машиналар ва қурилмалар, ишлаб чиқариш объектлари, шунингдек, ер участкаларидан фойдаланишда амалий ёрдам кўрсатиш;

Савдо-саноат палатаси аъзолари ва ҳамкорлари иштирокида жамоатчилик асосида қўмиталар, ишбилармонлик ва мувофиқлаштириш кенгашларини ташкил этиш;

инновация тадбиркорлигини жорий этишга, «startup» лойиҳалар, ёшларнинг, авваламбор олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари битирувчиларининг ўз бизнесини ташкил қилиш ва юритишга, шунингдек, аҳоли бандлиги ва даромадларининг жадал ўсишини таъминлашга хизмат қиладиган кичик, хусусий ва оилавий тадбиркорлик, касаначиликнинг турли шаклларини жадал ривожлантиришга фаол кўмаклашиш.

г) давлат органлари билан ўзаро ҳамкорлик соҳасида – давлат ҳокимиятининг барча тармоқлари – қонунчилик, суд ва ижро ҳокимиятлари, шунингдек, банк-молия ташкилотлари ва бозор инфратузилмасининг бошқа субъектлари билан ўзаро ҳамкорликнинг самарадорлигига хизмат қиладиган тизимнинг янги шаклларини жорий этиш;

тадбиркорлик субъектлари билан давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, шунингдек, жойлардаги барча даражадаги давлат ҳокимияти органлари ўртасида ўзаро муносабатларни самарали ташкил этишга кўмаклашиш, “тўғридан-тўғри ва қайта алоқа” тамойили бўйича ўзаро ҳамкорликнинг амалий ва самарали механизмини яратиш;

тадбиркорлик субъектларининг мурожаатларини қабул қилиш ва қайта ишлаш, ваколатли органларга кўриб чиқиш учун тақдим этиш, шунингдек, уларнинг ижро этилиши мониторинги ва таҳлилини олиб бориш;

вилоятлар марказлари, туманлар ва шаҳарларда Тадбиркорликка кўмаклашиш марказлари фаолиятини ташкил этиш, уларнинг ваколатли давлат органлари ва ташкилотлар, шунингдек, давлат хизматлари тақдим этувчи хўжалик бошқаруви органлари билан ўзаро ҳамкорлигини таъминлаш.

д) тадбиркорлик субъектларини ўқитиш ва кадрлар тайёрлаш соҳасида – тадбиркорлик тузилмалари учун кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизими сифатини тубдан ошириш, иқтисодиёт тармоқлари эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда, таълим йўналишлари ва ихтисосликлари бўйича ўқув дастурларини такомиллаштириш, ҳар бир туман ва шаҳарларда қуйидаги усуллар орқали кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш доимий курсларини ташкил этиш:

Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, шунингдек, Республика тадбиркорлик фаолияти асосларини ўқитиш маркази ва унинг ҳудудий филиаллари билан касб-ҳунар коллежлари негизида машғулотлардан бўш вақтларда ўзаро ҳамкорликни ташкил этиш;

марказ фаолиятининг йўналишлари бўйича халқаро молия институтлари, хорижий донорлар ва чет давлатларнинг тадбиркорларни ўқитиш бўйича муқобил марказлари билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш;

тадбиркорларга бизнес юритиш асослари, бизнес-режалар тузиш, тадбиркорлик фаолияти соҳасида қонунчилик ҳужжатлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш, менежмент, молиявий бошқарув ва бошқа зарур фанларга ўқитишни ташкил этиш бўйича тадбиркорлик субъектлари учун ўқув курсларини ишлаб чиқиш ва ўтказиш;

ходимларни танлаш ва ўқитишда, уларнинг профессионал малакасини доимий оширишда тадбиркорларга яқиндан кўмаклашиш, ҳудудлар ва тадбиркорлик соҳаларида малакали кадрларга бўлган эҳтиёжлардан келиб чиқиб, ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълим муассасаларида мутахассислар тайёрлашга давлат буюртмасини шакллантиришда иштирок этиш;

таълимни ташкил этиш учун олий ўқув юртлари, касб-ҳунар коллежларининг ўқитувчилари, амалиётчи-мутахассислар, юқори натижаларга эришган тадбиркорлар ва хорижий мутахассисларни жалб қилиш.

е) ташқи иқтисодий фаолият ва инвестицияларни жалб қилиш соҳасида – мамлакатимиздаги тадбиркорлик субъектларининг халқаро ишбилармонлик ҳамжамиятига интеграциялашуви, маҳаллий корхоналар маҳсулотларининг ташқи бозорларга чиқарилишини таъминлаш, миллий брендларни хорижда фаол илгари суриш, маҳаллий ва хорижий инвестицияларни, шунингдек, замонавий технологияларни жалб этиш;

бизнес-форумлар, кўргазмалар ва ярмаркаларни ташкил этиш ва уларда маҳаллий тадбиркорлик субъектларининг кенг иштирокини таъминлаш;

тадбиркорлик субъектларига ишончли ҳамкорлар, янги бозорларни излаш ва ишлаб чиқарилган маҳсулотларни ташқи бозорларга йўналтириш, экспорт турларини кенгайтириш ва тадбиркорлик субъектларининг экспорт салоҳиятини ошириш, шунингдек, уларга ҳуқуқ ва манфаатларини муҳофаза қилишда ёрдам кўрсатиш;

ташкил этилган кичик саноат ва эркин иқтисодий зоналарда ички ва ташқи бозорларда талаб юқори бўлган, рақобатдош маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича замонавий ишлаб чиқаришларни ташкил этишга оид лойиҳаларни амалга ошириш доирасида тадбиркорлик субъектлари, жумладан, хорижий инвесторларга ҳар томонлама кўмаклашиш;

ушбу муҳим ва долзарб вазифаларни амалга оширишда мамлакатимизнинг чет элдаги дипломатик ваколатхоналарининг савдо-иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчилари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасининг чет элдаги ваколатхоналари билан ўзаро ҳамкорликни таъминлаш.

Давлатимиз раҳбарининг “Бизнеснинг қонуний манфаатлари давлат томонидан муҳофаза қилиниши ва тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, Савдо-саноат палатаси меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг тадбиркорлик фаолиятига таъсирини баҳолаш тўғрисидаги хулосани бериш бўйича ваколатли орган этиб белгиланди. Яъни, тадбиркорлик соҳасидаги барча лойиҳалар мажбурий равишда Савдо-саноат палатаси билан келишилиши зарур.

Назорат органлари томонидан режалаштирилган текширувлар ҳақида аввалдан Савдо-саноат палатасига хабар берилиши, шунингдек, давлат органлари, жумладан, назорат ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ҳузурида ташкил этиладиган жамоат маслаҳат кенгашлари таркибига Савдо-саноат палатаси вакилларининг киритилиши тартиби жорий этилмоқда.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида бизнес-ҳамжамияти билан давлат органлари ўртасида мулоқот қилишинг самарали механизмини йўлга қўйиш бўйича белгиланган чора-тадбирларни амалга ошириш мақсадида Фармонда Савдо-саноат палатаси ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қўмиталари ҳамкорликда хусусий мулк ва тадбиркорликни ривожлантириш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш масалалари бўйича давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарлари ва ходимларининг ҳисоботларини тинглаш назарда тутилган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан муаммоли масалаларни, бизнес-ғояларни ҳамда лойиҳаларни муҳокама қилиш бўйича тизимли асосда учрашувлар ўтказиш, бизнес доиралар, илмий ҳамжамият, Ҳукумат ва аҳоли ўртасидаги мулоқотларга кўмаклашиш мақсадида ҳар йили бизнес-ҳамжамият, минтақавий ва халқаро бизнес вакилларининг Иқтисодий форумини ўтказиш кўзда тутилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси олдига қўйилган вазифаларни ҳамда берилган қўшимча ҳуқуқ ва ваколатларни тўлиқ ва самарали амалга ошириш мақсадида Фармон ижроси доирасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси фаолиятини ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Унда Савдо-саноат палатасининг ташкилий-бошқарув тузилмасини тубдан такомиллаштириш назарда тутилган.

Хусусан, Тадбиркорликка кўмаклашиш марказларининг ташкил этилиши кўзда тутилган бўлиб, улар давлат органлари ва бозор инфратузилмаси субъектларининг хизматлари, бизнес-хизматлардан бир жойда фойдаланиш учун зарур шароитлар яратиш ва имкониятларни тақдим этиш орқали тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган.

Бунда ташкил қилинаётган Марказларнинг тадбиркорларга “ягона дарча” тамойили асосида давлат хизмати кўрсатиш субъектлари билан, шунингдек, банк, лизинг, суғурта, аудиторлик, баҳолаш, риэлторлик компаниялар ва бошқалар каби бозор инфратузилмаси субъектлари билан узвий алоқалар ташкил қилиш назарда тутилган. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят марказлари ва Тошкент шаҳрида уларнинг шаҳар ва туманларда бўлинмалари билан Марказлар ташкил этилади.

Шу билан бирга, хорижий инвесторлар, шунингдек, чет эллик ҳамкорлар билан ўзаро муносабатларда миллий компанияларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ишончли муҳофаза қилишини таъминлаш мақсадида Савдо-саноат палатаси таркибида Ҳалқаро арбитраж судини ташкил этиш бўйича комплекс чора-тадбирлар назарда тутилмоқда.

Қабул қилинган чора-тадбирларнинг ҳаётга татбиқ этилиши тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари муҳофазаси кафолатлари кучайишини таъминлаш, бизнесни ташкил этиш ва юритишда ҳар томонлама кўмак кўрсатиш, сифатли давлат хизматларини тақдим этиш, шунингдек, бизнес-муҳитни такомиллаштириш масалалари бўйича тадбиркорлар билан ахборот алмашинувининг самарали усулини жорий этиш имконини беради ва мамлакатимизда хусусий мулк ва тадбиркорликнинг янада ривожланиши, чет эл инвестицияларининг кенг жалб қилиниши ва маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг ташқи бозорларга чиқишига хизмат қилади.