Маҳсулот тури ва сифати ошади

Қорақалпоғистон Республикаси Нукус туманидаги чорвачиликка ихтисослашган «Қўнғиротбой Меҳри» фермер хўжалиги аҳолини гўшт ва сут маҳсулотлари билан таъминлашда юқори натижаларга эришиб келмоқда.
–2004 йилда фаолиятимни 150 бош қорамол билан бошлаган бўлсам, бугунги кунга уларнинг сони 473 бошга етди, – дейди фермер хўжалиги раҳбари, O’zLiDeP фаоли Есенбой Айтмуратов. – Шундан 80 боши Украина ва Германия давлатларидан олиб келинган наслли мол ҳисобланади. Жами 705 гектар ер майдонининг 525 гектарига озуқа учун маккажўхори, беда ва бошқа экинлар экилган. Ҳозирда 75 нафар маҳаллий аҳоли, асосан ёшлар доимий иш билан таъминланган.
Фермер хўжалиги қошида сутни қайта ишлаш цехи ҳам ишга туширилди. Италия давлатидан олиб келинган замонавий ускуналар билан жиҳозланган цехда бир кеча-кундузда 3 тонна сут қайта ишланади. Бу ерда 7 турдаги сут маҳсулоти ишлаб чиқарилади.
Фермернинг истиқболдаги нияти катта. Хўжалик фаолиятини янада кенгайтириш мақсадида жорий йили Дания мамлакатидан 200 бош наслли қорамол ва 14,2 миллиард сўмга сут маҳсулотини қайта ишлаш ускуналарини олиб келиш режалаштирилган. Бу эса, аҳолини сифатли ва арзон чорвачилик маҳсулотлари билан таъминлаш, янги иш ўринларини яратиш, иқтисодиётнинг ажралмас бир қисми бўлган соҳани янада ривожлантиришга хизмат қилади.

 

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА