Шавкат Мирзиёев замонавий қурилиш корхонасини бориб кўрди

Президент Шавкат Мирзиёев Бектемир туманидаги «Бинокор» масъулияти чекланган жамиятнинг ишлаб чиқариш майдонига ташриф буюрди.

Давлатимиз раҳбарининг туманга аввалги ташрифи чоғида бу корхона фаолияти ҳақида тақдимот ўтказилган эди. Умумий қиймати 50 миллион доллардан зиёд бўлган лойиҳанинг биринчи босқичи 2018 йилда ишга туширилган. Бугунги кунда иккинчи босқичи фаолият бошлаш арафасида.

Бунинг учун янги мажмуага Германиянинг “Vollert”, “Würschum”, Италиянинг “Maema”, “Schnell”, “AWM”, Россиянинг “Точная Строительная Механика”, “Грузоподъем”, Польшанинг “Airpol” ва Испаниянинг “Azcona Y Pantoja SL” компаниялари билан ҳамкорликда замонавий технология ва дастгоҳлар келтириб ўрнатилган.

Шу ўринда эслаш жоизки, аввалги йигирма йилда кўп қаватли уйлар қуриш тажрибаси йўқ бўлиш ҳолатига келиб қолганди. Бунга ихтисослашган автокранлар ҳам, мутахассислар ҳам етишмасди. Охирги 3 йилда биргина Сергели туманида 460 та кўп қаватли уй барпо этилди. Мамлакатимиз бўйлаб бундай бунёдкорлик ишлари жадал давом этмоқда.

«Бинокор» корхонасида тайёрланаётган темир-бетон панеллар кўп қаватли уйлар ва бошқа иншоотлар қуришда қўлланилмоқда. Ҳозиргача бу ерда 1 минг 200 дан зиёд муҳандис ва мутахассислар ишлаб, йилига 150 минг квадрат метр маҳсулот ишлаб чиқараётган эди. Корхона тўлиқ қувватга чиққач, йилига яна 180 минг квадрат метр қурилиш панели тайёрланиб, қўшимча 670 та иш ўрни яратилади.

Президент корхона фаолияти билан танишар экан, масъулияти чекланган жамиятнинг моддий-техник базасидан фойдаланиб, бу ерда ўқув-амалиёт комбинати ташкил этиш бўйича кўрсатма берди.

– Мамлакатимизда катта-катта қурилишлар бўляпти, яна режалар кўп. Ёшларга замонавий қурилиш технологиялари бўйича етарли малака берсак, даромадлари ҳам икки-уч баробар ошади, – деди давлатимиз раҳбари.

Шу ерда 2020-2022 йилларда Тошкент шаҳри ҳамда Бектемир туманида амалга ошириладиган экспорт ва инвестиция лойиҳалари бўйича маълумот берилди.

 

ЎзА