​Мўйноқ туманидан 20 та ёш давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинадиган бўлди

2020-2021-ўқув йилида Мўйноқ туманидан 20 та ёш Тошкент ахборот технологиялари университетининг Нукус филиали бакалавриатига давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинадиган бўлди.
New Muynak City телеграм каналида маълум қилинишича, Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссия мажлисининг баёнига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг таклифига асосан Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ туманининг ахборот технологиялари соҳаси бўйича олий маълумотли кадрларга бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида 2020-2021-ўқув йилида Тошкент ахборот технологиялари университетининг Нукус филиали бакалавриатига белгиланган грант асосидаги қабул кўрсаткичларига қўшимча равишда Мўйноқ тумани учун бакалавриат таълим йўналишлари кесимидаги мақсадли қабул параметрлари тасдиқланди.
Абитуриентлар тўплаган балларига мувофиқ, баллар кетма-кетлигига қатъий риоя қилинган ҳолда танлов натижаларига кўра 20 та туман ёшлари давлат гранти асосида талабаликка тавсия қилиниши белгиланди.

 

ЎзА