Оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда Президентлар музокаралар ўзаро англашув, очиқлик ва самимият руҳида, ишчан кайфиятда ўтганини, эришилган келишувлар икки халқ манфаатларига хизмат қилишини таъкидладилар. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Матбуот хизмати хабар берди.
Шавкат Мирзиёев Қирғизистон Президентининг биринчи ташрифи чоғида имзоланган ҳужжатлар халқларимизнинг талаб ва истакларидан келиб чиқиб қабул қилингани, улар мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорликни янада ривожлантиришда муҳим омил бўлишини қайд этди.
Сооронбой Жээнбеков эришилган келишувлар халқларимиз кутган воқеа бўлганини, ўзаро муносабатлар тарихида қоладиган шундай хайрли ишларга ҳисса қўшганидан мамнун эканини таъкидлади.
Маълумки, Қирғизистон Республикаси собиқ президенти Алмазбек Атамбаев икки томонлама муносабатларни ривожлантириш йўлидаги улкан хизматлари учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни «Данакер» ордени билан мукофотлаган эди. Қирғизистоннинг олий мукофотларидан бўлган ушбу орден халқлар ўртасида тинчлик, дўстлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлашга, миллатлараро тотувликни сақлашга, илм-фанни ривожлантиришга, миллий маданиятларни яқинлаштириш ва бойитишга катта ҳисса қўшган инсонларга берилади.
Қирғизларда “Икки киши гуноҳкор бўлса, бир киши данакер” деган гап бор. Яъни икки киши ўртасидаги можарони ҳал этувчи бир киши бўлади. Давлатимиз раҳбарига бундай мукофот берилиши унинг Ўзбекистон-Қирғизистон муносабатларини равнақ топтириш, икки халқ ўртасидаги дўстона алоқаларни кенгайтириш йўлидаги хизматларининг юксак эътирофидир.
Кўксарой қароргоҳида Қирғизистон Республикаси Президенти Сооронбой Жээнбеков Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга «Данакер» орденини тантанали равишда топширди.
Қирғизистон Республикаси Президенти Сооронбой Жээнбековнинг мамлакатимизга расмий ташрифи давом этмоқда.