Жаҳон бозорида талабгорлар ортмоқда

Бугунги кунда мамлакатимизда жорий этилган карантин шароитида ҳам тадбиркорлик субъектларида ишлар тўлиқ ҳажмда ташкил этилмоқда.
Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида фаолият юритувчи экспортёр корхоналар томонидан мамлакатимиз ҳудудида етиштирилган, ишлаб чиқарилган ва қайта ишланган маҳсулотларнинг Хитой, Россия, Туркия, Қозоғистон, Латвия, Бангладеш, Тожикистон, Афғонистон каби қатор давлатларга экспорти амалга оширилмоқда.
Шулардан бири қизилмия илдизи бўлиб, бугунги кунда мазкур маҳсулотни жаҳон стандартларига жавоб берувчи ускуналар ёрдамида қайта ишлаш натижасида олинаётган “экстракт“ дунё бозорида харидоргирлиги билан мамлакатимизнинг экспорт салоҳияти ўсишида катта омил бўлмоқда. Бунда божхона хизмати органлари тадбиркорлик субъектларига яқиндан амалий ёрдам кўрсатиб, таянч бўлмоқда.
Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси «Нукус» ташқи иқтисодий фаолият божхона пости ходимлари Кегайли туманидаги “LANKOMIYA” қўшма корхонасида бўлиб, тадбиркорлик субъекти фаолияти билан танишди. Ўтган йиллар давомида жаҳон андозаларига мос энг илғор ускуналарни олиб келишда тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича давлатимиз раҳбарининг тегишли қарорлари билан божхона тўловларидан биргина 2019 йил давомида жами 1 миллиард 859,2 миллион сўм миқдорида имтиёз тақдим этилди.
Берилган имтиёздан оқилона фойдаланган ушбу корхона тез фурсатларда қорақалпоқ заминида етиштирилган қизилмия илдизини йиғиш ва уни қайта ишлаш фаолиятини йўлга қўйди. Натижада 320 нафар маҳаллий аҳоли доимий иш ўрни билан таъминланди.
–Давлатимиз томонидан яратилган имконият ҳамда божхона органлари томонидан кўрсатилаётган амалий кўмак биз тадбиркорларга ўз фаолиятимизни самарали амалга оширишимизда катта туртки бўлмоқда. – дейди корхонанинг ташқи ишлар бўйича масъул ходими Ўмирбой Сарсенбоев. –Қизилмия илдизидан табобат ва косметологияда кенг қўлланиладиган экстрактини ишлаб чиқариб, дунё бозорларига экспорт қилишни йўлга қўйганмиз. Ярим тайёр маҳсулотларнинг экспортини амалга оширишда божхона расмийлаштирув жараёнлари қисқа фурсатларда амалга оширилмоқда. Йил бошидан ушбу кунга қадар 4 миллион 313 минг АҚШ доллари миқдоридаги 881 тонна «қизилмия экстракти» маҳсулоти АҚШ ва Хитой давлатларига экспорт қилинди.
Албатта, ҳозирги шароитда тадбиркорлар, айниқса, экспортёр корхоналар иқтисодиётнинг асосий таянчи бўлиб қолмоқда. Уларга яратилган шароит ва тақдим этилаётган имтиёзлар эса, давлатимиз иқтисодий салоҳиятини оширишга хизмат қилмоқда.
photo_2020-08-07_17-14-46.jpg

 

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА