Аҳвол шундай давом этса, қишда нархлар қандай бўлади?

Шу кунларда озиқ-овқат ва дориларнинг нархларида ўсиш кузатилмоқда. Агарда аҳвол шундай давом этса, қишга бориб қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг баҳоси жуда ошиб кетмайдими? Бозордаги нархларни солиқ идоралари назоратга олганми?
Ушбу саволга Давлат солиқ қўмитаси матбуот котиби Елена Исаева жавоб беради.
«Давлат солиқ хизмати органлари прокуратура идоралари билан биргаликда асосий турдаги озиқ-овқат ва тиббиёт маҳсулотлари нарх-навоси устидан доимий назорат олиб бормоқда. Карантин даврида, яъни 16 мартдан буён фуқаролардан нархларнинг сунъий оширилганлиги юзасидан 31 мингта мурожаат келиб тушди. Унинг 90 фоизи бўйича профилактик ва расмий огоҳлантириш ишлари олиб борилди. 2,5 мингга яқин ҳолат бўйича эса тегишли чоралар кўрилди. Шу кунларда нарх-навонинг асоссиз ўсиши юзасидан келаётган мурожаатлар сони кескин қисқариб, июль ойида 340 ташкил этди. Яъни, март ойидаги мурожаатларга (14 715 та) нисбатан қарийб 43 баробарга камайган. Ҳурматли фуқаролар! Агар сиз нарх-навони асоссиз ошириш, харид чекини тақдим этмаслик ҳамда пластик карточка орқали тўловни рад этиш ҳолатларига дуч келсангиз Давлат солиқ қўмитасининг (71) 244-98-98 рақамли ишонч телефони ва (1198) қисқа рақамли Сall марказига мурожаат қилишингизни сўраймиз!»

 

ЎзА