Имтиҳонлар учинчи августда бўладими?

Айни вақтда магистратурада ўқиш истагидаги 78 минг нафардан ортиқ ёшлар кириш имтиҳонларида иштирок этиш учун онлайн ариза топширди. Бу рақамлар 2018 йилга нисбатан 7 баробар, 2019 йилга нисбатан 3 баробар кўп.
Энг катта танлов хорижий тиллар, ахборот-коммуникация технологиялари ва иқтисодиёт мутахассисликларига тўғри келмоқда. Масалан, Фарғона давлат университетида хорижий тиллар мутахассислигида бир ўринга 105 та ҳужжат топширилган бўлса, Тошкент ахборот технологиялари университетининг компьютер инжениринги мутахассислигида бир ўринга 68 та, Иқтисодиётда бир ўринга 45 та талабгор тўғри келмоқда.
Энг кўп ҳужжат топширилган олий таълим муассасалари қаторида Ўзбекистон миллий университети, Самарқанд давлат университети ва Термиз давлат университетини кўриш мумкин.
Кириш имтиҳонлари мутахассислик фани ва хорижий тильдан тест кўринишида бўлади. Шунингдек, мутахассислик фани имтиҳонида бакалавриатда ўрганилган мутахассислик фанидан ташқари илмий-педагогик лаёқатни ва IQ даражасини аниқлашга қаратилган тестлар ҳам киритилади.
«Кириши имтиҳонларини 3 августдан бошлаш режалаштирилган эди. Бироқ, барчангизга маълум пандемия режаларимизга ўзгартиришлар киритмоқда. Шу боисдан магистратурага қабул имтиҳонлари вақти ҳам давлат комиссияси томонидан белгиланади, дейди Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Ахборот хизмати раҳбари Фарҳод Бабашев.

 

ЎзА