Халқ депутатлари Тахиатош туман Кенгашидаги OʼzLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси Азат Матмуратов ҳар қандай масалада халқ билан бирга бўлиб, сайловчилар ишончини оқлашга, электорат вакилларига елкадош бўлишга интиляпти.
–Ҳамиша сайловчилар ишончини оқлашга ёндашадиган депутат карантин қоидаларига амал қилган ҳолда ўзи сайланган ҳудуд аҳолисининг муаммоларини ўрганиш ва уларни бартараф этишда ташаббус кўрсатиб келмоқда,– дейди OʼzLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши матбуот хизмати котиби Асем Сиримбетова. –Жумладан, яқинда партиямиз вакилига Тахиатош тумани «Нурли келажак» маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи 1-гуруҳ ногирони Бахит Боданова ёнғиндан талафот кўрган уйини қайта таъмирлаб беришда амалий ёрдам сўраб мурожаат этди.
Маълум бўлишича, 2012 йил унинг уйида газ баллон портлаши оқибатида ўзи, ўғли ва қизи куйиб, жароҳат олган. Ҳозирги кунда учаласи ҳам ногиронлик нафақасини олишади. Тўрт хонали уйи ёнғин оқибатида анча талафот кўрган. Шу кунга қадар уйни таъмирлашга эса моддий шароит бўлмаган.
Халқ вакили ушбу мурожаат эгаси билан суҳбатлашиб, уйни кўздан кечирди ва керакли қурилиш материалларини ўз ҳисобидан олиб берди. Бундан ташқари, ўзи раҳбарлик қиладиган туман Ободонлаштириш бошқармаси жамоаси билан биргаликда уйни қисқа фурсатда қайтадан тиклаб таъмирлаб берди.
Дарҳақиқат, ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири турганлигини унутмаслигимиз керак. Зеро, бизнинг мамлакатимизда инсон манфаати ҳамма нарсадан устундир.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА