Элнинг суйган фарзанди эди

Хотира
Яхшидан боғ қолади, дейди доно халқимиз. Қорақалпоғистонлик юрист, 3-даражали давлат адлия маслаҳатчиси Ҳакимбой Ҳалимовнинг вафоти ҳақида эшитиб, шу эзгу калом ёдимга келди.
Ҳакимбой оғадан юзлаб шогирдлар билан бирга фарзандлари ва набиралардан иборат катта боғ қолди. Муҳими, ёруғ ва ўчмас хотира қолди.
Ҳакимбой Аширович жуда камтарин, бағрикенг инсон эдилар. Бу киши билан 2008 йилдан бошлаб, яъни у киши Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг ўринбосари вазифасида иш бошлаганидан бошлаб ўн йилдан зиёдроқ давр мобайнида бақамти ишлаш насиб этди. У киши билан телефон орқали тез-тез боғланиб, фуқаролик низоларига биргаликда ечим излаган пайтларимиз кўп бўлган.
Лавозими тақозосига кўра у Олий суд пленуми, раёсати мажлисларида қатнашар, кўрилаётган масалаларга ўзининг қатъий муносабатини билдирар эди.
Ҳакимбой Аширович туман прокурорининг ёрдамчилигидан то Бош прокурор ўринбосари лавозимигача бўлган узоқ, сермашаққат йўлни босиб ўтган, кўпни кўрган инсон эди. Шу боис кўпчилик, шу жумладан ўзимиз ҳам у кишини ҳурматлаб, Ҳакимбой оға, деб мурожаат қилар эдик.
Оғанинг энг сара фазилатларидан бири ҳаммага бирдай муносабатда бўлишида эди. Ўзидан ёши каттага ҳурмати, кичикка иззати бўлакча, айни вақтда жуда куйинчак одам эди. Бировларнинг ютуғидан суюниб, ғамига куйиниш бу инсонга хос эди. Феъл-атвори кенг ва беқиёс эди.
Ўз ишига муносабатда доим одамлар манфаатини биринчи ўринга қўяр, фуқаролик иши бўладими, жиноят иши бўладими, миридан-сиригача ўрганиш одати эди.
Орадан йиллар ўтиб, яъни 2017 йилга келиб Ҳакимбой Аширович Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қорақалпоғистондаги халқ қабулхонаси раҳбари бўлиб ишлай бошлади. Қабуллар муносабати билан оға билан яна тез-тез учраша бошладик. Фуқароларни қабул қилиш жараёнида илғаганим шу бўлдики, халқнинг у кишига ҳурмати жуда баланд эди. Ҳакимбой оға элнинг чин маънодаги дарғаларидан бирига айланганди.
Ҳа, Ҳакимбой Аширович Қорақалпоқ элининг суйган фарзанди, бутун юрт таниган намоёндаси эди. Айни вақтда Ҳ.Ҳалимов мамлакатимиз ҳуқуқ соҳаси ривожига ҳисса қўшган йирик амалиётчи ва олим эди.
Оғанинг охиратлари обод бўлсин. Юқорида Ҳакимбой Ҳалимовдан катта боғ қолгани ҳақида тўхталган эдик. Бу боғ тимсолида унинг ишлари даъвом этади, хотираси элда мангу қолади!
Холмўмин Ёдгоров,
Олий суд раисининг ўринбосари.

ЎзА