“Ўзбекистон-24” телеканали бугун 3 ёшга тўлди

2017 йилнинг худди шу куни «Ўзбекистон-24» телеканали илк бор эфир юзини кўрган эди. Шу қисқа вақт ичида телеканал ўз йўналиш ва тамойилларига тушиб олди. Бугун эса томошабинлар учун 24 соат хизматда.

«Ўзбекистон-24» телерадиоканали Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг энг ёш телеканалларидан бири бўлишига қарамасдан қисқа даврда мамлакатимиз медиа маконидан муносиб жой эгаллади дейишга тўла ҳақлимиз. Аниқроғи, бугунги кунда ахборот оқимида локомотив ҳисобланади.

336 нафар ижодкорни ўз сафига бирлаштирган информацион телеканалнинг аҳл жамоаси мамлакатимиз ва хорижда содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларни тезкорлик билан ёритиб келмоқда. Холислик, ҳаққонийлик, тезкорлик тамойилларини ўз иш дастурига айлантирган журналистлар сай-ҳаракати билан «Янгиликлар-24» ва «Ахборот-24», ҳар соатда эфир юзини кўрмоқда. Ҳафта воқеаларини ўзида жамлаган «Таҳлилнома» дастури эса юртимиздаги воқеа-ҳодисаларни атрофлича таҳлил қилиб боряпти. Бу дастурда ҳам профессионал ва тажрибали журналистлар маҳоратдан унумли фойдаланилади.

Мамлакатимиз ва жаҳон миқёсида рўй бераётган кундалик воқеаларни бугунги томошабинларга аниқ ва лўнда қилиб етказишда тажрибали ижодкорлар Шерзод Рўзиев, Навбаҳор Каримова, Шуҳрат Ибрагимов, Назира Мамбетшарипова, Муҳаммаднозим Мавлонов, Улуғбек Раҳмонкулиев каби тажрибали ижодкорлар ёшларга намуна бўлмоқда.

Канал ижодкорлари мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, аҳамияти ва самараларини фаол тарғиб қилишда, ёшларни истиқлол ғояларига садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашга хизмат қилувчи бир қатор теледастурларни ҳам тайёрлаб эфирга узатмоқда. Жумладан «Интервью-24», «Тафсилот»,«Махсус репортаж»,«Тараққиёт формуласи» ва «Студия-24» дастурлари тезкорлик тамойили асосида эфирга чиқади.

maxresdefault.jpg

Телерадиоканалнинг асосий ричаги бўлган «Ҳудудий мухбирлар тармоғи»нинг Бахтиер Аҳмедов раҳбарлигидаги 30 нафардан ортиқ жамоаси мамлакатимизнинг олис нуқталаридан тайёрлаётган ранг-баранг лавҳа ва репортажлари билан кўрсатувларнинг ҳар томонлама қизиқарли ва томошабоп бўлишига хизмат қилишмоқда. Бош муҳарририятининг Наманган вилояти бўйича мухбири Уғилой Болтабоева, Хоразм вилояти бўйича мухбири Интизор Матчоноваларнинг муаллифлик кўрсатувлари, Фарғона вилояти бўйича мухбир Илхом Эшматовнинг репортаж ва лавҳалари шунингдек иқтисодий таҳлилларга бой кўрсатувлари томошабинларимизга яхши таниш. Мухбирлар деярли ҳар бири кўрсатув ва репортажлари учун танланган мавзуларга чуқур ёндашган ҳолда аниқ таҳлилий мисоллар орқали воқеа ҳодисаларнинг моҳиятини очиб бермоқда. Бундай руҳни «Ўзбекистон-24» телеканалинг ҳар бир дастурда учратиш мумкин.

Яна бир янгилик, телеканалнинг мухбирлар тармоғи ўз иш услубини «Ўзбекистон», «Ёшлар» ва «Спорт»телерадиоканалларининг мухбирлар тармоқлари билан мувофиқлаштирган ҳолда ташкил этишни бошлади. Бу эса ўз самарасини бериб ҳудудларда бўлаётган янгиликларни тезликда ёритишга хизмат қилмоқда. Шунингдек, давлат телеканаллари ўртасидаги видео ахборотлар алмашинувини янада такомиллаштиришга ҳам хизмат қилади.

Шуниси эътиборлики, телеканал ижодкорлари ҳозирги коронавирус пандемияси ҳукм сураётган кунларда асосий эфир вақтини касалликнинг олдини олишни тарғиб қилувчи кўрсатувларга ҳам ажратган. «COVID 19 савол жавоб», «COVlD вазият» туркум кўрсатувлар бугунги мураккаб вазиятда барчани «Ўз соғлигингни, ўз болангни, ўз оилангни асра!» шиорига амал қилувчи ғоя остида эфирга узатиляпти. Маълумотлар эса бевосита соҳа мутахассисларнинг фикр-мулоҳазалари орқали, ишончли далиллар билан тайёрланиб етказилмоқда.

24 соат томошабинлар учун ишлаётган мамлакатимизнинг биринчи информацион телерадиоканали – «Ўзбекистон-24» жамоаси бугун ўзининг 3 йиллигини нишонлаяпти. Юртимиз медиа бозорида фаоллик кўрсатаётган аҳл жамоага ижодий баркамоллик тилаймиз.

photo_2020-07-23_18-05-16.jpg

Р.РАЖАБОВ,
журналист

 

ЎзА