Пластик картага яна ёрдам пул тушадими?

«Менга карантин муносабати билан кам таъминланган оила сифатида ҳокимият моддий ёрдам, яъни ичида маълум маблағи бор пластик карта берган эди. Бу пластик картага яна пул тушадими ёки бу ёрдам бир маротаба бериладими?»

Карантин давом этаётган шу кунларда моддий таъминотида узилиш бўлиб қолаётган оилаларнинг кўпчилиги учун қизиқ бўлган саволга Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги матбуот котиби Саодат Боймирзаева жавоб берди.̶ Мазкур пул маблағи «Саховат ва кўмак» жамғармаси ажратган хайрия маблағлари ҳисобидан берилган. Жамғарма ҳукуматнинг тегишли қарори асосида юртимиздаги пандемия муносабати билан аҳолининг эҳтиёжманд қатлам вакилларини ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадида ташкил этилган.

Жамғарма маблағлари тегишли тартибда «Маҳалла» фонди Васийлик кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар, Тошкент шаҳар, туман ва шаҳар кенгашларининг тасдиқланган қарор ва рўйхатлари асосида ижтимоий ҳимояга муҳтож, кўп фарзандли оилалар, ногиронлиги бўлган, ёлғиз яшовчи, шунингдек, вақтинча ишсиз фуқароларни пул маблағлари, кундалик истеъмол товарлари, дори воситалари, шунингдек, бошқа турдаги зарур маҳсулотлар билан таъминлаш учун сарфланади

Бу тоифага мансуб оилалар рўйхатини сектор аъзолари ҳамда маҳалла фуқаролар йиғини вакиллари иштирокида тузилган ишчи гуруҳлари уйма – уй юрган ҳолда тузади. Ижтимоий ёрдам шакли озиқ-овқат маҳсулотлари, шунингдек, «Саховат ва кўмак» жамғармаси ҳисоб рақамларига келиб тушган маблағлардан фуқаронинг номига очилган банк картасига маълум маблағ ўтказиб бериш орқали амалга оширилади.

Сиз мазкур турдаги ижтимоий ёрдамларни яна қайта олиш учун ўзингиз яшаб турган фуқаролар йиғинига мурожаат қилишингиз тавсия этилади. Сизнинг мурожаатингизга кўра, ишчи гуруҳ вакиллари оилангиз ижтимоий ҳолатини мавжуд вазиятдан келиб чиққан ҳолда ўрганиб, ўрнатилган тартибда хулоса беради.

 

ЎзА