Лукашенко Беларусда «сиёсий пандемия» бошланганини айтди

Беларус Президенти Александр Лукашенконинг таъкидлашича, мамлакатда президент сайлови кампанияси кетаётган бир пайтда «сиёсий пандемия» кузатилмоқда. Аммо одамлар ушбу «пандемия» туфайли қийинчиликни ҳис қилмаслиги керак.

Чоршанба куни Лукашенко мамлакатнинг иқтисодий соҳалари раҳбарлари учун мажлис ўтказди. Мажлисда у одамларнинг кундалик ҳаёти билан боғлиқ масалалар раҳбарлар эътиборидан четда қолмаслиги кераклигини эслатди.»Сайлов кампанияси ўтади, сиёсий жараёнлар ҳарорати пасаяди ва иқтисодиёт яна жамоатчилик эътиборига чиқади. Иқтисодий масалалар ҳозир ҳам ҳеч қаёққа кетгани йўқ. Шу боис бугун мен марказий ва маҳаллий ҳокимият органларининг иқтисодий соҳалар бўйича раҳбарларини йиғдим. Мақсадимиз реал сектор ва хизматлар, молия ва ижтимоий соҳалар фаолиятини муҳокама қилиш.

Ушбу соҳалар барчамизнинг эътиборимизда бўлиши лозим. Йил бошида бизни «нефть пандемияси» билан синашди, аммо бу муаммони ечдик. Кейин COVID-19 пандемияси, «ахборот» пандемияси пайдо бўлди. Энди сиёсий пандемия бошланди», – деди Лукашенко.

Айни дамда Беларусда президент сайловолди кампанияси кетмоқда, овоз бериш 9 августга мўлжалланган. Беш киши номзод сифатида рўйхатдан ўтган, улар сафида Александр Лукашенко ҳам бор.

 

ЎзА