Марказ "COVID-19" оқибатлари ҳақида

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази май-июнь ойлари учун «COVID-19» нинг ижтимоий-иқтисодий оқибатларини маълум қилди.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Жаҳон банки билан ҳамкорликда «Ўзбекистон фуқароларини тинглаш» лойиҳаси доирасида «COVID-19» нинг ижтимоий-иқтисодий оқибатлари бўйича тадқиқот ўтказди.
Маълумот ўрнида айтиш жоиз, «Ўзбекистон фуқароларини тинглаш» лойиҳаси 1500 хонадон ўртасида сўров ўтказиш орқали бутун республикадаги оилаларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолатини ўрганишни кўзда тутади. 2019 йилдан буён лойиҳа доирасида 22 та сўровнома ўтказилди. Сўнгги сўровнома 2020 йилнинг 21 июнида ўтказилган.
Тадқиқот натижасига кўра, июнь ойида аҳолининг бандлиги жадал суръатларда олдинги даражаларга қайтишда давом этди. Камида битта оила аъзоси бўлган уй хўжаликларининг иш билан бандлик даражаси апрель ойида кескин 40 фоизга қисқарган бўлса-да, кейинчалик июнь ойида 33 фоизга кўпайди.
Шундай бўлишига қарамай, хонадонлар аъзоларидан кимдир «ишидан айрилган ёки ишламай қолгани» ҳақида хабар берган респондентлар сони апрель ойида 19 фоиз ўсди ва июнь ойида яна 3 фоизга кўпайди. Сўровномада деярли барча респондентлар фаолияти тўхтатиб турилишини вақтинчалик деб ҳисоблашган. Бироқ бандлик даражаси 2019 йилдагига нисбатан пастроқ бўлсада, «COVID-19» пандемиясидан олдинги тенденциялар сақланиб қолмоқда.
Бандликнинг пасайиши ўзини-ўзи иш билан банд қилганлар орасида энг сезиларли ва узоқ вақт давом этди. Ўзини иш билан банд қилганлигини кўрсатган респондентларнинг улуши апрель ойида 67 фоизга тушиб, июнь ойида 26 фоизга пасайишда давом этди. Aксинча, ойлик маош олиб ишлайдиган одамларни ишга қабул қилиш (ходимларнинг) июнь ойида ўртача 2019 йил даражасига қайтди, шу билан бирга аёлларга нисбатан эркаклар орасида тезроқ амалга ошди.
Бўш иш ўринлари бўйича кўрсаткичлар 80 фоизга тушиб кетгандан сўнг, янги иш ўринлари сони кўпайиши иқтисодиётнинг тикланиш белгиларини кўрсатмоқда. Ушбу пасайиш 2019 йилнинг шу даврига нисбатан туризм, дам олиш ва кўнгил очар хизматлар (-95 фоиз), ресторанлар ва барлар (-91 фоиз), таълим (-85 фоиз) соҳаларида жуда катта бўлди. Июнь ойида тиббиёт ва қурилиш соҳаларида жадал тикланиш кузатилиб, энг кам таъсир кўрсатган касблар орасида ҳам ўтган йилнинг шу даврига нисбатан пасайиш 50 фоиз ва ундан кўпроқни ташкил этди.
Ижтимоий қўллаб-қувватлашда тахминан 3,8 миллион фуқаро ҳукумат ёрдамини турли шаклларда олди.
Пандемия бошланганидан кейин аҳолининг 11 фоизи тўғридан-тўғри ҳукумат ёрдамини олганлиги ҳақида хабар берди. Ёрдамнинг энг катта қисми 92 фоизи тўғридан-тўғри ёки ваучерлар шаклларида берилган ва асосан шаҳарларда кўпроқ тарқалган. Кўрсатилган ёрдам ҳажми асосан даромади паст хонадонлар билан боғлиқлиги юқори бўлиб, мазкур дастур доирасида ёрдамнинг жуда катта улуши айнан ижтимоий заиф уй хўжаликларига йўналтирилган.
Даромадини йўқотган уй хўжаликларини харажатларнинг ошиши ва пандемиянинг иқтисодий таъсири кўпроқ ташвишга солган. Респондентларнинг 53 фоизга яқини ўз харажатларида жиддий ўзгаришлар бўлганини таъкидламоқда. Уларнинг 60-65 фоизи охирги 30 кун ичида одатдагидан кўпроқ пул сарфлаганини, қолганлари эса одатдагидан камроқ пул сарфлаганини билдиришган. Харажатларнинг ошиши инқироз даврида даромад йўқотилиши билан боғлиқ.
Инқироздан олдин даромади юқори бўлган хонадонлар таъсири анча барқарор бўлиб чиқди. Харажатлари кўпайганини билдирган респондентларда карантиндан олдин ҳам истеъмол даражаси юқори бўлган.

 

Ш. Маматуропова, ЎзА