Ўзбекистон ишчи кучи етказиб берадиган давлатми?

Халқаро миграция ташкилотининг (ХМТ) ҳисоб-китобларига кўра, халқаро муҳожирлар сони дунё бўйлаб 272 миллион кишига етган ва уларнинг учдан икки қисми меҳнат мигрантлари ҳисобланади. Бу дунё аҳолисининг 3,5 фоизидир. 2019 йилда муҳожирларнинг пул ўтказмалари 689 миллиард АҚШ долларидан ошган.
Бу ҳақда Тошкент шаҳрида “Ўзбекистонда ёшлар меҳнат миграциясини тартибга солиш истиқболлари” мавзусида халқаро илмий-амалий видеоконференцияда маълум қилинди.
Видеоконференция Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари ва халқаро иқтисодий ҳамкорлик департаменти, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Халқаро миграция ташкилоти (ХМТ) ва Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) ҳамкорлигида ташкил этилди.
2019 йилда АҚШ, Германия, Саудия Арабистони ва Россия Федерацияси яна мигрантларни қабул қиладиган мамлакатлар рўйхатида биринчи ўринни эгаллади.
Миграция тенденциялари 70 миллиондан ортиқ аҳоли яшайдиган Марказий Осиё мамлакатларида ҳам кузатилмоқда. Хусусан, ёшлар миграцияси. Миграция нуқтаи назаридан минтақанинг барча мамлакатларида умумий хусусиятларни кузатиш мумкин. Масалан, Қозоғистон иш берувчи давлат бўлса, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон асосан ишчи кучи етказиб берадиган давлатлар ҳисобланади.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда меҳнат миграциясини тартибга солишнинг ҳуқуқий ва институционал асослари, хорижда мамлакат фуқароларини ҳимоя қилиш механизмлари шакллантирилди. Ёшларни иш билан таъминлаш, уларни касб-ҳунар ва тадбиркорликка жалб қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Маълумотларга кўра, ҳар йили 600 мингдан зиёд битирувчи меҳнат бозорида барқарор иш ўринларини яратишни талаб қилмоқда ва уларнинг аксарияти иш қидираётганлиги ушбу соҳадаги ишлар етарли даражада олиб борилмаётганини кўрсатади. Ушбу вазиятдаги асосий вазифалардан бири тартибли меҳнат миграциясини ташкил қилишдир.
Ташқи меҳнат миграцияси соҳасини либераллаштириш Ўзбекистон меҳнат мигрантларига халқаро меҳнат бозорининг тўлақонли иштирокчиларига айланишига имкон берди. Хусусан, қабул қилинган ўндан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан ташқари, хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграциясини ташкил этиш соҳасида икки томонлама ҳукуматлараро битимлар тузилди.
Касбий таълим даражаси меҳнат бозорида ҳам фаолликка, ҳам муносиб меҳнат шароитларига эга бўлиш имкониятига таъсир қилувчи яна бир муҳим омил. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги маълумотларига кўра, сўнгги беш йилда коллеж битирувчиларининг ўртача 45-50 фоизи ўз мутахассислиги бўйича иш билан таъминланган. Ушбу муаммоларни ҳал қилиш, меҳнат мигрантларини қайта бирлаштириш мақсадида 2020 йилнинг ўтган даври мобайнида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан 151 минг ёшни иш билан таъминлашга ёрдам берилди. Жамоат ишлари фондидан ёшларни жамоат ишларига жалб қилиш орқали бандлигини таъминлаш учун 60 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилди.
Шунингдек, Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси 5,8 минг ёш тадбиркорга субсидия сифатида қишлоқ хўжалиги кооперативларининг устав фондига 13 миллиард сўмга яқин маблағ ажратди.
«Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили» Давлат дастурида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига топширилган 30 та коллеж базасида, Тошкент шаҳрининг ҳар бир туманида камида биттадан «Ишга марҳамат» мономаркази ва касб-ҳунар таълими марказларини ташкил этиш кўзда тутилган. Мазкур марказларда биринчи навбатда ишсиз ва кам таъминланган оилалар аъзоларига тадбиркорлик ва касб-ҳунар асослари ўргатилади. Қорақалпоғистон Республикаси туман ва шаҳарларида босқичма-босқич шундай мономарказ ва касб-ҳунар таълими марказлари ташкил этиш режалаштирилмоқда.
Шу билан бирга, меҳнат мигрантларига муносиб шароитлар яратиш, уларнинг ҳаёти ва соғлиғини ҳимоя қилиш учун ваколатли хорижий ташкилотлар билан самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш талаб этилади. Бу, ўз навбатида, соҳани янада такомиллаштириш, хорижий тажрибани ўрганган ҳолда мамлакатимизда ташқи меҳнат миграциясига тааллуқли ҳужжатларга тегишли ўзгартиришлар киритишни талаб этади.
– Ўзбекистонда меҳнат миграцияси асосан ташкиллаштирилмаган, – дейди «Ҳуқуқий муаммоларни ўрганиш маркази» ННТ директори Шамил Асьянов. – Чунки мамлакатда миграция соҳасидаги муносабатларни тартибга солишнинг зарур ташкилий-ҳуқуқий механизмлари, мигрантларни чет элларда уюшган ҳолда ёллаш, ишга жойлаштириш, ўқитиш, ҳаёти ҳамда соғлиғини суғурталаш ва ҳоказоларни белгиловчи махсус қонунчилик мавжуд эмас. Вазият ўрганилганида Фарғона, Сурхондарё ва Хоразм вилоятларидан хорижга ишлаш учун кетаётган мигрантларни танлаб олишда шу каби ҳолатлар маълум бўлди. Мамлакатда ташқи меҳнат миграцияси юқори даражада сақланиб қоляпти. Мисол учун, Ўзбекистонда иш ҳақи иш берувчи мамлакатлардаги иш ҳақига нисбатан паст. 2017-2018 йилларда Ўзбекистонда энг юқори ўртача иш ҳақи газ ва нефтни қайта ишлаш саноатида кузатилган (400 АҚШ доллари), соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларида эса ўртача иш ҳақи паст (150-170 доллар). Қишлоқ хўжалиги соҳасида ишчилар учун иш ҳақи 100 долларгача. Шундай қилиб, мигрантларнинг даромади маҳаллий аҳолининг ўртача даромадидан икки ёки уч баравар кўпдир.
Конференцияда миграция сиёсатини ишлаб чиқишда халқаро қонунчиликнинг ўрни, Ўзбекистон ёшларининг касбий фаолияти, хориждаги меҳнат мигрантларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, ёшлар меҳнат миграциясини тартибга солиш истиқболлари каби мавзуларда маърузалар тингланди.
Таъкидландики, миграция жараёнларида иштирок этаётган ёшларда халқаро талаблардаги билим ва кўникмаларнинг шаклланиши, иш тажрибасининг ошиши ўз самарасини беради. Шу сабабли, миграция жараёнларида фаол иштирок этаётган ўзбекистонлик ёшларга кўмак бериш, улар дуч келаётган муаммоларга ечим топиш, ўз ҳақ-ҳуқуқларини тўғри англаб олишлари учун зарур шароитларни яратиш лозим. Шунинг учун ёш авлодга Ўзбекистон ҳамда хорижий давлатлар қонунчилиги, меҳнат ресурслари, тили ва маданияти ҳақида доимий ахборотлар, илмий-услубий қўлланмалар орқали пухта билим берилса, қатор муаммолар ҳал этилиши мумкин.
Иш берувчи томонидан меҳнат мигрантлари ҳуқуқлари бузилишининг олдини олиш, меҳнат миграцияси жараёнларининг фаоллашуви ва унда ёшлар иштироки тобора ортиб бораётгани, 30 ёшгача бўлган ёшларнинг миграция жараёнидаги фаол иштироки, мамлакат иқтисодий кўрсаткичининг ўсиши, аҳоли бандлигини вақтинча таъминлашга ижобий таъсир қилиши билан боғлиқ масалалар муҳокама этилди.

 

Б.МЕЛИҚУЛОВА, ЎзА