Сўнгги кунларда юртимизда коронавирус пандемияси авж олгани, беморлар сони 17 минг нафардан ошгани, жумладан, Тошкент шаҳри ва вилоятидаги эпидемик вазият тобора хавотирли тус олиб, ўлимлар сони ортаётгани барчамизни ташвишга солмоқда. Афсуски, шундай синовли кунларда ўз манфаатини ҳамма нарсадан устун қўювчи айрим фуқароларнинг учраётганлиги ачинарлидир.
“Янги Ўзбекистон” газетасида эълон қилинган “Эл бошига иш тушганда сохта тадбиркорлик орқали ўз манфаатини ўйлаган кимсалар асло кечирилмайди” сарлавҳали мақолада ана шундай кимсаларнинг қилмишлари фош этилган. Хусусан, материалда таъкидланишича, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Тошкент шаҳри бошқармаси томонидан ўтказилган рейдларда ҳозир талаб кескин ортган ва дорихоналарда топиш қийин бўлган “Эргоферон” ва “Арбидол” дориларининг ноқонуний савдоси аниқланмоқда. “Ҳозир дорихоналарда йўқ дори воситалари одамларнинг қўлида 100-200 қутилаб жамланиб, ноқонуний сотиляпти, — деб ёзади мақола муаллифи Лутфулла Сувонов. — Чунки дорихонада нархини қиммат қилиб сотса, эътирознинг кимга билдирилиши аниқ бўлади. Шунинг учун ҳам улар “қўлга чиқиб кетган”. Халқимиз бошига тушган бу синовли кунларда уларнинг бу қилмишларини нима билан изоҳлашга ҳам ҳайронсан…”
“Халқ сўзи” газетасида эълон қилинган Республика махсус комиссияси аъзоси, тиббиёт фанлари доктори, профессор Феруза Ҳамробоеванинг “COVID-19: уйида даволанаётган беморларга дори-дармонлар бепул берилади” сарлавҳали мақоласида эса айни шу ҳолатнинг акси ҳақида сўз юритилади.
Хусусан, материалда яқинда Бош вазир раҳбарлигида бўлиб ўтган Республика махсус комиссиясининг йиғилишида коронавирус касаллиги енгил кечаётган ва шифокорлар тавсиясига асосан уйида даволанаётган беморларни бепул дори-дармонлар билан таъминлаш юзасидан қарор қабул қилингани муҳим аҳамиятга эга чора-тадбирлардан бири эканлиги айтилган.
“COVID-19 билан касалланган беморларни даволашда қўлланиладиган дори воситалари тўплами”, деб номланган жамлама алоҳида қутичага жойлаштирилган. Унинг устига тўплам таркибидаги дори воситалари ва тиббий буюмлар номи, улар фақатгина шифокор тавсиясига кўра қабул қилиниши кераклиги ёзиб қўйилган. Яна бир эслатма бор: бу дори-дармонлар бепул тарқатилиши кўрсатилган. Яъни мазкур жамлама сотувга чиқарилмайди.
Қутичага жойлаштирилган дорилардан бири “Азитромицин” бўлиб, макролидлар гуруҳига киради. Макролидлар эса антибактериал восита сифатида нисбатан кучли дори ҳисобланади. Тўпламдаги кейинги дори — “Парацетамол”. Бу дори воситаси фақатгина иситмани туширишга эмас, балки оғриқ қолдириш учун ҳам истеъмол қилинади. Бундан ташқари, уйда даволанаётган беморларга кукун шаклидаги “С витамини”, яъни аскорбин кислотаси ҳам берилади. Бу витамин организмнинг касалликка қарши курашувчанлигини оширади…
“Инсон ва қонун” газетасида босилган “Судьяга нисбатан ҳурматсизликка судьялар қандай муносабат билдирмоқда?” номли давра суҳбатида ёзилишича, суд ходимларига нисбатан қилинган тазйиқ, босим, ҳуқуқбузарлик ҳаракатлари ҳар бир ҳолатда синчиклаб ўрганилиши, жиноий қилмиш нуқтаи назаридан қиёсий ўрганилишни тақозо қилади. Ваҳоланки, бундай ҳуқуқий баҳо берилишни четлаб ўтиш ёки ҳодисага нисбатан “кўз юмиш” “суд мустақиллиги ва судьялар дахлсизлиги”га путур етказилишини рағбатлантиради. Чунончи, Тошкент шаҳар маъмурий суди судьяси Ҳолмуҳаммад Ҳасановнинг фикрича, судьяларнинг дахлсизлигига салбий таъсир кўрсатадиган бир қатор омиллар бор. Биринчидан, судьялар касб фаолиятининг ўзига хослигидан келиб чиқиб, улар учун махсус соғломлаштириш маркази ташкил этилиши керак. Сабаби, кўпчилик билан бирга даволанган судья ўзининг касб сирлари очилишига йўл қўяди. Иккинчидан, судьяларнинг жойларга чиқиб тарғибот-ташвиқот қилиши ҳам баъзи бир англашилмовчиликларни келтириб чиқаради. Негаки, таъбир жоиз бўлса, судьянинг ҳар бир воқеа-ҳодисага нисбатан билдирган фикри – “вердикт” каби қабул қилиниши, яъни мажлисда ўзининг савол-жавоблари билан қатнашаётган оддий иштирокчилар “фалончи судья фалон гапни гапирди”, деб жойларда нотўғри талқин этиб қўйиши мумкин…
Шунингдек, газетанинг бугунги сонида журналист Маруса Ҳосилованинг “Кутубхона қуриш ёки кутубхонага бориш қачон трендга киради?” номли таҳлилий мақоласи ҳам ўрин олган. Унда жойларда кутубхоналарнинг бугунги ҳолати, бу масканлардан кўра ёшлар кўпроқ интернет кафеларни афзал кўраётганларининг сабаби нима эканлиги ҳақида мушоҳада юритилган.
“O‘zbekiston bunyodkori” газетасида “Элтой – саҳро бағридаги мўъжиза” сарлавҳали сурат-лавҳа эълон қилинган. Унда қайд этилишича, Навоий вилоятининг Конимех тумани ҳудудидаги Элтой овулида 200 нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Ҳудудда чорвачилик турмушнинг муҳим қисмига айланган. Аҳолининг аксар қисми ушбу соҳа билан шуғулланиб, рўзғор тебратади. Элтойликлар қадим анъаналар, урф-одатлар, маданий мерос намуналарини асрлар оша асраб-авайлаб келмоқда. Бу ерда дўмбира садоси остида халқ термаларини, ялла ва лапарларни маҳорат билан ижро этадиган кишиларни кўплаб учратиш мумкин. Ўтган 2019 йили «Обод қишлоқ» дастури доирасида Элтой овулида кенг кўламдаги бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Ички йўллар асфальт қилиниб, йўл бўйига тунги чироқлар ўрнатилди. Шунингдек, аҳоли хонадонлари таъмирланди, янги мактаб барпо этилди ва ичимлик суви тармоғи янгиланди. Мухтасар айтганда, овул «Саҳро бағридаги мўжизавий маскан»га айланди.
* * *
Янги рукн ва бугунги шарҳ ҳақидаги фикр, таклиф ва истакларингизни pochta@uza.uz манзилида кутиб қоламиз.