Ҳарбий хизматчилар беллашди

Нукус гарнизони спорт базасида армия биатлони, ўқ отиш ва тош кўтариш спорти бўйича Шимоли-ғарбий ҳарбий округ миқёсида мусобақалар бўлиб ўтди.
Таъкидлаш жоиз, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ташаббуси билан жорий йилдан эътиборан вазирлик қўшинларига янгича ҳарбий мусобақа – армия биатлони кириб келди. Армия биатлони ўз ичига рельефнинг нотекисликларида югуриш, арқонга осилиб чиқиш ва тушиш, гранатани аниқликка улоқтириш, енгил атлетика тўсиқларидан ўтиш, пичоқни улоқтириш ва кичик калибрли милтиқдан ўқ отиш элементларини қамраб олган ҳарбий-амалий спорт туридир.
photo_2020-07-13_22-36-57.jpg
photo_2020-07-13_22-37-00.jpg
Мусобақанинг ҳарбий округ босқичида 24 нафар ҳарбий хизматчи 8 та жамоа таркибида ўзаро куч синашди. Ҳар бир ҳарбий хизматчи мусобақа шартида кўрсатилган машқларни бажаришда якка тартибда тўплаган баллари кейинчалик жамоанинг умумий натижасига қўшиб борилди.
Якуний натижаларга кўра мусобақаларда энг юқори балл тўплаган иштирокчилар яккалик баҳслари бўйича ҳамда жамоавий тартибда баҳоланди. Унга кўра энг юқори натижа кўрсатиб, ғолиб ва совриндор бўлган иштирокчи ва жамоалар Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони томонидан кубок, диплом, медаль ва фахрий ёрлиқ билан тақдирланди.
Биринчи ўринни қўлга киритган ҳарбий хизматчилар кейинги, Мудофаа вазирлиги қўшинлари миқёсида ўтказиладиган финал босқичига йўлланмани қўлга киритди.

 

Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ(сурат), ЎзА