Корея Бош вазирининг ўринбосари билан музокаралар бўлиб ўтди

Мамлакатимиз делегациясининг Жанубий Кореяга ташрифи доирасида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов Корея Республикаси Бош вазири ўринбосари – иқтисодиёт ва молия вазири Хонг Нам Ки билан учрашди. 
Музокара давомида икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликнинг жорий ҳолати таҳлил қилинди, ўзаро шерикликни кенгайтириш бўйича келгусидаги вазифалар белгилаб олинди.
Мулоқот чоғида Корея – Ўзбекистон муносабатлари алоҳида стратегик аҳамиятга эга эканлиги таъкидланиб, энг юқори даражада амалга оширилган ўзаро ташрифлар давомида эришилган келишувларнинг тўлиқ, сифатли ва ўз вақтида амалга оширилиши томонлар учун умумий устуворликка эга экани қайд этилди.
photo_2020-07-07_22-14-29.jpg
Ўзбекистон Республикаси ҳукумати номидан Корея ҳукумати ва йирик корпорациялари томонидан тақдим этилган тест тизимлари, тиббий асбоб-ускуналар ва жиҳозлар, шунингдек, бир неча ой давомида пандемия тарқалишига қарши курашда амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида Ўзбекистонга юборилган юқори малакали мутахассислар кўмаги, қолаверса, Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш ва аҳолининг энг заиф қатламларини ижтимоий қўллаб-қувватлашга техник ёрдам кўрсатишни назарда тутувчи “COVID-19 га тезкор жавоб чоралар кўриш дастури”ни амалга ошириш мақсадида грант ёрдамини ажратиш тўғрисидаги қарори учун Корея ҳукуматига алоҳида миннатдорлик билдирилди.
Ўзбекистоннинг Корея президенти томонидан юритилаётган «Янги Шимолий сиёсат»ни қўллаб-қувватлаш ва ушбу ташаббус доирасидаги истиқболли лойиҳаларни амалга оширишга ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш нияти қатъий экани айтилди. Ушбу дастур Кореянинг Марказий Осиё давлатлари билан савдо ҳажмини сезиларли даражада оширишга, шунингдек, Корея ва минтақа давлатлари ўртасида қишлоқ хўжалиги, автомобилсозлик, соғлиқни сақлаш, фармацевтика ва АКТ каби соҳаларда инвестиция ҳамкорлигини рағбатлантиришга йўналтирилган чора-тадбирларни фаоллаштиришга қаратилган.
Корея иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда 2021-2023 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон – Корея молиявий-техник ҳамкорлигининг янги 3 йиллик дастурини ишлаб чиқиб, тузилма бюджетини 1 миллиард долларга етказиш ташаббуси қўллаб-қувватланди.
Маълумки, ҳозирги вақтда 2018-2020 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури якунланмоқда. Бу жараёнда соғлиқни сақлаш, геодезия ва картография, АКТ ва таълим соҳаларига оид жами 500 миллион долларлик 6 та лойиҳа амалга оширилмоқда.
Шунингдек, Корея томони тегишли тартиб ва жараёнларни жадаллаштириш ҳамда Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги иштирокида амалга оширилиши режалаштирилган қатор янги лойиҳаларни илгари суриш орқали Корея Эксимбанки ва Иқтисодий ривожланиш ва ҳамкорлик жамғармаси (EDCF) билан биргаликда янги лойиҳалар амалга оширилишини қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди. Устувор тармоқлардаги истиқболли лойиҳаларга, жумладан, Корея қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат ва қишлоқ масалалари вазирлиги кўмагида картошка уруғчилигини ривожлантириш лойиҳаси, илғор қурилиш технологиялари ва стандартларини жорий этиш бўйича Ўзбекистон – Корея тадқиқот марказини ташкил этиш, Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш соҳасидаги рақамли инновациялар учун Корея – Ўзбекистон ҳамкорлигининг пилот моделини жорий этиш, кадрлар тайёрлаш, ўқитиш, ривожлантириш ва инновацион давлат мактабгача таълим тизимини ривожлантириш бўйича комплекс марказ қуриш каби қатор лойиҳаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, Корея томони Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши доирасида икки томонлама ҳамкорликни қўллаб-қувватлаётгани, хусусан, Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши бўйича Ишчи гуруҳ раиси – Кореянинг Женевадаги Фавқулодда ва мухтор элчисининг амалий ёрдами ҳамда Корея халқаро иқтисодий сиёсат институти билан Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш оқибатларини баҳолаш бўйича яқин ҳамкорлиги эътироф этилди. Ўзбекистоннинг Ташкилотга аъзо бўлиши ва кўп томонлама глобал савдо тизимига интеграциялашуви ўзаро савдо ҳажмини янада ошириш учун янги имкониятлар очиб бериши таъкидланди.
Бундан ташқари, Корея ҳукуматининг Орол экологик фалокати салбий оқибатларини камайтириш бўйича Ўзбекистонда кўрилаётган чора-тадбирларни қўллаб-қувватлашга тайёрлиги билдирилди. Бу борада Оролбўйи ҳудуди учун инсон хавфсизлиги бўйича кўп шериклик Траст фонди фаолиятини қўллаб-қувватлаш доирасида молиялаштириш масаласи кўриб чиқилади.
Учрашув якунида томонлар янги инвестиция лойиҳалари ва савдо битимларини амалга ошириш бўйича ўзаро манфаатли шартномалар портфелини кенгайтириш мақсадида ҳамкорликни янада фаоллаштиришга келишиб олдилар. Бу, ўз навбатида, Ўзбекистон ва Корея ўртасидаги муносабатларни янада ривожлантиришга хизмат қилади.
Шунингдек, Бош вазир ўринбосарларининг 3-учрашувини шу йил сентябрь ойида ўтказиш бўйича ҳам келишувга эришилди.

 

ЎзА