Қорақалпоқ сури қайта тикланади

Қорақалпоғистон Республикаси Қоракўл уюшмасининг Тахтакўпир туманидаги “Қоракўлчилик” илмий наслчилик тажриба станцияси янги биносининг қурилиши якунланиб, жиҳозлаш ишлари олиб борилмоқда.

Президентимизнинг 2019 йил 7 ноябрдаги “Қорақалпоғистон Республикасида чорвачилик тармоқларини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш доирасида барпо этилаётган мазкур станциянинг асосий вазифаси юқори наслдор элита синфига мансуб қорақалпоқ сури қоракўл зотли қўйлар отарларини илмий асосда кўпайтириш, наслчилик ва сунъий уруғлантириш ишларини тизимли ташкил этиш, жаҳон бозорлари рақобатбардош ҳисобланган ушбу қоракўл терисини етиштиришдан иборат. Шунингдек, станция томонидан юқори маҳсулдор қоракўл қўй ва қўчқорларни аҳоли хонадонларига, деҳқон ҳамда фермер хўжаликларига тизимли равишда етказишга ҳам алоҳида эътибор берилади.

photo_2020-07-07_14-40-57.jpg

Жорий йилнинг бошида бошланган қурилиш ишлари қисқа муддатда сифатли якунланди. Бу ерда идора биноси, меҳмонхона, ўқув хонаси, қўйларни сунъий уруғлантириш пункти ва лаборатория ишга туширилади. Ўтган йили наслчилик тажриба станцияси учун 738 бош наслдор қоракўл қўй харид қилинди. Улардан 318 бош қўзи олинди.

– Қорақалпоқ сури азалдан дунё бозорида юқори баҳоланиб келинган, – дейди станция директори Шарап Акаев. – Аммо сўнгги йилларда соҳада юзага келган муаммолар натижасида қорақалпоқ сури қоракўл қўйларининг бош сони камайиб кетди. Бугунги кунда ушбу қоракўл қўйларини Қорақалпоғистон Республикасининг Тўрткўл, Беруний, Элликқалъа, Тахтакўпир ва Қораўзак туманларидаги қоракўлчилик фермер хўжаликларида учратиш мумкин. Янгидан ташкил этилаётган илмий наслчилик тажриба станцияси қорақалпоқ сури қоракўл қўйлари бош сонининг кўпайишига, ички бозоримизни ноёб сур қоракўл терилари билан таъминлаш билан бир қаторда уни жаҳон бозорига экспорт қилиш имконини беради.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ(сурат), ЎзА