Суд амалиётининг долзарб масалалари муҳокама этилди

Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактабида суд амалиётининг долзарб масалаларига бағишланган халқаро конференция ўтказилди.
Мамлакатда қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, шунингдек, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини мустаҳкамлаш ислоҳотларнинг бош мезони ҳисобланади. Республикамизда бу борада олиб борилаётган ишлар жадаллашган. Аммо айрим йўналишларга янада кўпроқ эътибор қаратиш лозим.
Президентимиз раислигида 30 июнь куни бўлиб ўтган одил судловни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш борасидаги вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишида ҳам бу ҳақда таъкидлаб ўтилди.
Халқаро конференцияда видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифалар хусусида ҳам фикр алмашилди.
– Инсоният адолатли ҳаёт тарзига, умр йўлларида ҳақиқат қарор топишига ташна, дунёга қадалган нигоҳларимиз одиллик қидиради, – дейди Судьялар олий мактаби тингловчиси Наргиза Шарипова. – Суд-ҳуқуқ тизими эса ана шу орзуларни рўёбга чиқариш, жамиятда адолат барҳаётлигига масъулдир. Судлар адолатли ҳукмлар чиқарар экан, қонунлар устуворлигини йўқотмайди. Куни кеча Президентимиз раҳбарлигида ўтказилган йиғилишда бир жиҳатга алоҳида урғу берилдики, эндиликда судьяларга фаолиятидан ажралмаган ҳолда сиртқи магистратура йўналишида таълим олиш имконияти яратилмоқда. Бу эса судьяларнинг илмий салоҳиятини янада оширишга хизмат қилиши шубҳасиз. Чунки, кўп ҳолларда судьялар вазифаларига тайинлангандан сўнг илм билан шуғулланишлари жуда қийин бўларди. Эндиликда сиртқи магистратура курслари бевосита фаолият билан шуғулланаётган судьяларга амалиётдан ажралмаган ҳолда илм билан шуғулланиш имкониятини беради.
Конференцияда Япония Адлия вазирлиги Халқаро ҳамкорлик департаменти вакили судья Куроки Коута, Нагоя иқтисодиёт университети профессори Ичихаши Кацуя, ЮНИСЕФ халқаро ташкилоти эксперти Сафинас Ахаева, шунингдек, маъмурий, жиноят ва иқтисодий суд ишларини юритиш соҳасида фаолият юритаётган бир қатор миллий экспертларнинг маърузалари тингланди.
Конференция онлайн видеоконференцалоқа режимида ялпи ва икки секция мажлиси шаклида ўтказилди. Хусусан, “Суд амалиёти: хорижий ва миллий тажриба” номли ялпи йиғилишда маъмурий акт ва уни маъмурий орган ташаббуси билан бекор қилишдаги айрим чекловлар, маъмурий суд иш юритувида судга мурожаат қиладиган шахслар доираси – учинчи шахслар таҳлили мисолида, вояга етмаганларни жиноят судлови доирасидан чиқариш тажрибаси, прокурор томонидан процессуал қонунчиликни қўллаш масалалари муҳокама қилинди.
Шундан сўнг, конференция иши секция йиғилишларида давом эттирилди.
Маърузаларда жиноят ишлари юритувида бепул юридик ёрдам институтини такомиллаштириш, миллий қонунчиликка дастлабки суд муҳокамасини татбиқ қилиш, жиноят процессида тергов судьяси институтини жорий қилиш масалалари муҳокама қилинди. Шу билан бирга, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексни такомиллаштириш, маъмурий суд ишларини юритишда прокурорнинг иштироки, маъмурий суд ишларини юритишни такомиллаштириш, судловга тааллуқлиликни белгилашнинг асосий мезони каби масалалар муҳокама марказида бўлди.
Тадбир якунида халқаро ва миллий экспертлар суд ва қонунни қўллаш амалиётини такомилаштириш масалаларида конструктив ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олдилар.

 

Нурилло НАСРИЕВ, ЎзА