​Япония, Корея Республикаси ва БАА билан иқтисодий ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди​

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2 июль куни мамлакатимиз инвестицион ва ташқи савдо фаолияти прогноз кўрсаткичларининг жорий йил I ярмидаги ижросини муҳокама қилиш, шунингдек, Япония, Корея Республикаси ва Бирлашган Араб Амирликлари билан устувор қўшма лойиҳаларнинг боришини ҳамда савдо-иқтисодий, инвестицион ва молиявий-техник ҳамкорликни кенгайтириш истиқболларини кўриб чиқишга бағишланган видеоанжуман тарзида йиғилиш ўтказди.

Тадбирда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги олдига қўйилган вазифалар ижроси тўғрисидаги ҳисоботлар, шу жумладан, инвестицияларни жалб этиш ва экспорт бўйича прогноз кўрсаткичларни ҳамда хорижий шериклар билан эришилган келишувларни ўз вақтида амалга оширишга қаратилган комплекс чора-тадбирларга доир таклифлар тингланди.

Глобал миқёсдаги эпидемиологик вазият ва ундан келиб чиқаётган чекловлар Ўзбекистоннинг инвестицион ва ташқи савдо фаолиятига бевосита таъсир кўрсатиб, тадбиркорлар учун молиялаштириш, қурилиш, ишлаб чиқаришда зарур хомашё ва ускуналарни етказиб бериш масалаларида маълум тўсиқлар яратаётгани таъкидланди.

Шу муносабат билан мамлакатимиз ишлаб чиқарувчилари ва экспортчиларини ўз вақтида қўллаб-қувватлаш бўйича чоралар кўрилди.

Бу билан бирга, тижорат банкларини етарли ресурслар билан таъминлаш мақсадида халқаро молиявий институтларнинг 1,2 миллиард доллар миқдоридаги маблағлари жалб этилди.

Ҳисобот даврида умумий қиймати 1,8 миллиард долларлик 28 та йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш ҳисобига 3,8 мингта янги иш ўрни яратилишига эришилди.

Ҳудудларни ривожлантириш дастурлари доирасида умумий қиймати 9,5 триллион сўмлик 2049 та йирик инвестиция лойиҳаси амалга оширилди, бу 27 мингта янги иш ўрни яратиш имконини берди.

Бинобарин, бугунги кунда қатор тармоқларда коронавирус пандемияси билан боғлиқ хатарлар таъсири остида инвестицияларни ўзлаштиришнинг прогноз кўрсаткичларини бажариш кечикаётгани таъкидланди. Шу муносабат билан давлатимиз раҳбари 2020 йил якунига кўра кўзланган натижаларга сўзсиз эришиш мақсадида амалга оширилиши режалаштирилган инвестиция лойиҳаларининг кўрсаткичлари ва рўйхатларини қайта кўриб чиқиш топшириғини берди. Йил якунига келиб мамлакатимиз иқтисодиётига жалб қилинган инвестициялар ҳажми 9,9 миллиард долларни, шу жумладан, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар – 6,8 миллиард, халқаро молиявий институтлар маблағлари – 3,1 миллиард долларни ташкил этиши кутилмоқда. Иқтисодий тараққиётнинг муҳим драйверларидан бири сифатида экспорт фаолиятини қўллаб-қувватлаш чораларига алоҳида эътибор қаратилди.

Жорий йилнинг 6 ойи якунларига кўра мамлакатимиз корхоналари томонидан 6,1 миллиард долларлик маҳсулот экспорт қилингани таъкидланди. Айни пайтда экспорт фаолиятига 950 та янги корхона жалб этилди, хорижга янги 85 та номдаги маҳсулот етказиб бериш ўзлаштирилди, шунингдек, қўшимча 4 та давлат бозорига чиқилди.

Жаҳондаги иқтисодий вазиятнинг беқарорлиги ҳамда глобал бозордаги талаб ва таклифнинг пасайишини эътиборга олиб, жорий йилнинг иккинчи ярмида экспорт салоҳиятини ошириш мақсадида Республика комиссиясига пандемия оқибатидаги ташқи омиллар мамлакатимиз ташқи иқтисодий фаолиятига кўрсатиши мумкин бўлган салбий таъсирни камайтириш бўйича чора-тадбирлар мажмуини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш вазифаси юклатилди.

Кўрилган чора-тадбирлар натижасида Ўзбекистон экспорти йил якунига бориб 17,1 миллиард долларни ташкил этиши кутилмоқда.

Кейинги йилларда ушбу мамлакатлар билан ўзаро товар айирбошлаш кўрсаткичлари муттасил ошиб бормоқда, олий даражадаги учрашувлар якунлари бўйича қабул қилинган «йўл хариталари» доирасида турли тармоқларда янги кооперация лойиҳалари амалга оширилмоқда.

Йиғилишда амалдаги лойиҳаларни ўз вақтида амалга ошириш ҳамда инвестицион ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича янги таклифлар ишлаб чиқишга алоҳида эътибор қаратилди.

Мамлакатимизда япониялик шериклар билан ҳамкорликда геология, кимё ва нефть-кимё, банк-молия, соғлиқни сақлаш ва таълим каби соҳаларда умумий қиймати 5,6 миллиард долларлик 48 та лойиҳа амалга оширилаётгани таъкидланди.

Хусусан, “HIS” компанияси билан меҳмонхона мажмуаларини қуриш, “Isuzu” ва «Itochu» компаниялари билан «СамАвто» қўшма корхонасининг ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш, Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) билан Навоий иссиқлик электр станциясида энергетик блоклар барпо этиш бўйича ва кўплаб бошқа лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилмоқда.

Пандемияга қарамай, жорий йилда икки мамлакат ҳукуматлари ва ишбилармон доиралари ўртасидаги ўзаро мулоқотлар, шу жумладан, замонавий ахборот технологиялари орқали анча фаоллашгани қайд этилди.

Йиғилишда давлатимиз раҳбари аниқ иқтисодий дастур ва лойиҳаларни илгари суриш орқали Ўзбекистон – Япония амалий ҳамкорлигини кенгайтириш зарурлигини алоҳида таъкидлади.

Корея Республикаси билан икки томонлама ҳамкорлик ҳам кейинги йилларда ижобий суръат билан ривожланмоқда. Жорий йилнинг бошидан буён товар айирбошлаш қарийб 1 миллиард долларга етди, Жанубий Корея капитали иштирокида 60 та янги корхона ташкил этилди, уларнинг умумий сони эса 855 тага етди.

Жорий йилда Тошкент шаҳрида кўп тармоқли болалар тиббиёт маркази ҳамда Фарғона шаҳрида Ўзбекистон – Корея халқаро университетини ташкил этиш бўйича лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилгани, улар доирасида мингга яқин янги иш ўринлари яратилгани таъкидланди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан жорий йил 17 апрель куни Тошкент вилояти Зангиота туманида тамал тоши қўйилган Инновацион илмий ишлаб чиқариш фармацевтика кластерини қуриш ишлари жадал давом этмоқда. Ушбу лойиҳа доирасида Фармацевтика техника университети ҳамда дори воситаларини ишлаб чиқариш бўйича замонавий қувватларни ташкил этиш кўзда тутилган.

Қишлоқ хўжалиги, АКТ, соғлиқни сақлаш, кимё, енгил, электротехника, фармацевтика ва заргарлик саноати, таълим ва инновациялар каби соҳалар ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари сифатида белгиланди.

Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) ва Иқтисодий тараққиёт фонди орқали молиявий-техник кўмак дастурлари доирасида умумий қиймати 750 миллион доллардан ортиқ бўлган 17 та лойиҳа, жумладан, Кимёвий технологиялар маркази, ёши катталар учун клиника ташкил этиш, юртимиз тиббиёт ва таълим муассасаларини жиҳозлаш лойиҳалари амалга оширилмоқда.

Япония ва Жанубий Корея билан қўшма лойиҳаларнинг амалга оширилиши натижасида жами 1 миллиард доллардан зиёд хорижий инвестицияларни ўзлаштириш кўзда тутилмоқда.

Умуман, эришилган келишувларни тўлиқ рўёбга чиқариш 50 мингдан ортиқ янги иш ўринларини яратиш, ишлаб чиқариш ҳажмларини 4,1 миллиард долларга, экспорт ҳажмини эса 1,14 миллиард долларга ошириш имконини беради.

2019 йилда Бирлашган Араб Амирликларига амалга оширилган олий даражали ташриф якунида салмоқли икки томонлама ҳужжатлар тўплами, шу жумладан, савдо-иқтисодий ва инвестицион битимлар имзоланган эди. Энергетика, инфратузилма, кимё ва нефть-кимё, қишлоқ хўжалиги, туризм ва бошқа соҳаларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилмоқда.

Бугунги кунда умумий қиймати 4 миллиард доллардан ортиқ аниқ лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда. БАА сармояси иштирокидаги корхоналар сони 141 тани ташкил этяпти. Амирликлар компаниялари билан келишувлар ўз натижасини бераётгани таъкидланди.

Хусусан, “Masdar” компанияси Навоий вилоятида 500 МВт қувватига эга шамол электр станцияси қурилишига инвестиция киритмоқда, сармояларнинг умумий ҳажми эса 500 миллион доллардан ошади.

Абу-Даби тараққиёт фонди иштирокида эълон қилинган капитали 1 миллиард доллар бўлган қўшма инвестиция компанияси таъсис этилди. Компания илк лойиҳаларни молиялаштиришни бошлади.

Шунингдек, Абу-Даби тараққиёт фонди Самарқанд шаҳрининг инфратузилмасини модернизация қилишда иштирок этмоқда.

БААнинг “Mubadala” давлат инвестицион компанияси билан энергетика соҳасида ҳамда углеводородлар қазиб олишни кўпайтириш ва уларни чуқур қайта ишлашни ташкил этиш бўйича лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев Япония, Корея Республикаси ва БАА билан ҳамкорлик бўйича “йўл хариталари”нинг 2020 йил учун белгиланган чора-тадбирларини тўлиқ ва сифатли бажариш зарурлигини таъкидлади.

Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар бўйича мутасадди вазирлик ва идоралар раҳбарларининг ҳисоботлари тингланди, аниқ вазифа ва чора-тадбирлар белгилаб берилди.

 

ЎзA