Барқарор тараққиётни таъминлаш йўлидаги ҳамкорлик давом этади

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев ва БМТнинг мамлакатимиздаги доимий координатори Хелена Фрейзер яқинда имзоланган БМТ ва унинг ихтисослаштирилган муассасалари билан ҳамкорликни ривожлантириш бўйича ҳаракатлар режаси доирасида ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди.

Ҳаракатлар режаси барча, айниқса, жамиятнинг энг заиф ва эҳтиёжманд қатлами учун инсон салоҳиятини ривожлантиришга кўмаклашиш мақсадида миллий, минтақавий ва глобал даражаларда БМТ тизими билан ҳамкорлик муносабатларини чуқурлаштириш ҳамда мустаҳкамлашга қаратилган.
Ўзбекистон БМТнинг тўлақонли аъзоси, шунингдек, 2015 йил сентябрда БМТга аъзо барча 193 та давлат томонидан қабул қилинган 2030 йилгача бўлган даврда барқарор тараққиёт соҳасидаги кун тартибини имзолаган томон сифатида хавфсиз ва соғлом сайёрада барча одамлар учун тенглик, тараққиёт, қадр-қиммат ва адолат ҳукм сурадиган тинчликка интилиш бўйича глобал мажбуриятни ўз зиммасига олади.
photo5422517643266600837.jpg

Учрашувда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсадларга эришиш, шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 75 йиллигини кенг нишонлаш каби масалалар муҳокама этилди.

2020 йилда БМТга асос солинганлигига 75 йил тўлади. Мазкур юбилей йилида кўп томонлама ёндашувга содиқлик белгиси сифатида Ўзбекистон ҳукумати ушбу ҳаракатлар режасини қабул қилади.– Бугунги кунда жаҳонда бўлаётган ҳодисалар, пандемиянинг биринчи сабоқлари, иқтисодий инқироз шундай хулоса бермоқдаки, инсоният бу синовлар олдида ҳали заиф, – дейди Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари С.Сафоев. – Бу даврда кучларни, ҳаракатларни, имкониятларни бирлаштириш эҳтиёжи ниҳоятда катта. Бугунги глобаллашаётган дунёда барча мамлакатлар, халқлар, жамиятлар биргаликда, бир ёқадан бош чиқариб иш юритишлари муҳим.

photo5422517643266600838.jpg
Бу вазифани бажарадиган ягона институт БМТ ҳисобланади. Шу йилда ташкилотнинг 75 йиллиги нишонланмоқда. Ўтган йиллар давомида инсоният қандай ютуқларга эришган бўлса, бунда ташкилотнинг ўрни муҳим. Шу жиҳатдан БМТ ва унинг ихтисослаштирилган муассасалари билан ҳамкорликни ривожлантириш жуда долзарб.
Ҳамкорликни янги даражага кўтариш бўйича ҳаракатлар режаси (йўл харитаси) ишлаб чиқилди. “Йўл харитаси” 17 йўналишни ўз ичига олади. Бу, шунингдек, давлатимиз раҳбарининг ташқи сиёсий ташаббуслари, минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашга қаратилган таклифларини ўз ичига олади.
Шу билан бирга ҳозирги шароитда иқтисодий барқарорликни таъминлаш ва унга эришишга қаратилган фикр-мулоҳазалар илгари сурилган.
photo5422517643266600839.jpg

Ижтимоий муҳофаза қилиш, соғлиқни сақлаш, таълим соҳаларида янги дастурларни амалга ошириш назарда тутилган. Бугунги учрашувда бир ойда бир марта БМТ вакиллари ва тегишли ташкилот ва идоралар билан мана шу “Йўл харитаси”ни амалга ошириш бўйича қилинаётган ишларни мониторинг қилишга келишиб олдик.

Ҳаракатлар режаси ҳукумат зиммасига барча инсонлар, айниқса, энг заиф ва эҳтиёжманд кишилар салоҳиятини ривожлантиришга кўмаклашиш, тинч, тараққий этадиган, барқарор ва мустаҳкам дунё яратиш мақсадида миллий, минтақавий ҳамда глобал даражаларда БМТ тизими билан ҳамкорлик муносабатларини чуқурлаштириш ва мустаҳкамлаш мажбуриятини юклайди.

Учрашувда Хелена Фрейзер хоним бундан кейин ҳам Ўзбекистоннинг БМТ билан муносабатлари тенглик ва манфаатли шериклик асосида ривожланиб боришига ишонч билдирди. Ҳаракатлар режасини амалга ошириш бўйича ҳамкорликка доим тайёрлигини ҳамда буни қўллаб-қувватлашини таъкидлади.

 

Нурилло НАСРИЕВ, ЎзА