Тадбиркорлик ва таълимга янгича ёндашув ҳаётимиз фаровонлигининг асоси

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев аҳоли ҳаёти, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, йирик лойиҳалар билан танишиш мақсадида 5-6 июнь кунлари Фарғона вилоятида бўлди. 

Ташрифнинг иккинчи куни Фарғона шаҳрида вилоят ва туман ҳокимлари, соҳа ва тармоқлар раҳбарлари, жамоатчилик вакиллари билан йиғилиш бўлиб ўтди.

Давлатимиз раҳбари халқ билан очиқча гаплашиб, муаммоларни биргаликда ҳал этиш, одамларнинг оғирини енгил қилиш мақсадида келганини таъкидлади.

– Мен қисқа, сизлар кўпроқ гапирсаларингиз тўғри бўлади. Мақтов керак эмас. Президентга энг катта мақтов – бу халқ ишончи. Ҳали энди биринчи қадамларни қўяяпмиз. Келиб, қарсак эшитиб кетиш менгаям осон. Лекин бундан натижа бўлмайди. Туманларга ўзим боришимнинг сабаби – одамларнинг яшаш шароитларини юрагимдан ўтказиб, аниқ чоралар кўриш, ислоҳотлар узоқ-узоқ жойларда ҳам натижа беряптими, қуйи тизимдаги раҳбарлар садоқат билан, жон куйдириб ишлаяптими, деган саволларга жавоб топиш. Ҳар куни бундай учрашув бўлмайди. Аччиқ-аччиқ масалаларни қатъий қўйинглар, – деди Президент.

Давлатимиз раҳбари ўтган ҳафта Сўх туманида бўлган воқеаларга ҳам тўхталиб, муносабат билдирди.

– Кейинги йилларда қўшни давлатлар билан чегарадош жойлардаги кўп муаммоларни ҳал қилишга эришдик. Сўхдаги воқеалар қирғиз халқи билан дўстлигимизга, борди-келдимизга, режаларимизга таъсир қилмаслиги керак. Вазмин, сабр-тоқатли, меҳр-оқибатли бўлишимиз зарур. Қўшничилик – минг йилчилик. Халқларимиз елкадош бўлиб, бир-бирини ҳурмат қилиб яшаши керак, – деди Шавкат Мирзиёев.

Бош вазир раҳбарлигида Ҳукумат комиссияси томонидан муаммолар ўрганилиб, кенг қамровли таклифлар тайёрланган. 2020-2022 йилларда Сўх туманини комплекс ривожлантиришга 500 миллиард сўм маблағ йўналтириш белгиланган. 11 минг янги иш жойи ташкил этиш режалаштирилган.

98 лойиҳа амалга оширилиб, саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш соҳалари ривожлантирилади. Жисмоний шахслар ер ва мол-мулк солиғидан озод этилиб, якка тартибдаги тадбиркорлар учун даромад солиғи ставкаси 2 баробар камайтирилади. 1 минг гектар экин ерларида сув таъминоти яхшиланади.

1 (2).jpg

Туман тиббиёт бирлашмаси бўлимлари, юқумли касалликлар шифохонаси, марказий шифохона тиббий асбоб-ускуналар ва махсус реанимобиль билан таъминланади. Мактаблар, қишлоқ врачлик пунктлари, йўллар ва ижтимоий объектлар таъмирланади.

Сўхлик ёшлар учун водий вилоятларидаги олий таълим муассасаларида 2020/2021 ўқув йилида давлат гранти асосида мақсадли равишда қўшимча 500 та ўрин ажратилади.

Мамлакатимизда камбағалликни қисқартириш, одамларни иш билан таъминлаш, даромадини ошириш бўйича катта ишлар амалга оширилмоқда. Йиғилишда бу борада Фарғонада ҳам кенг кўламли саъй-ҳаракатлар бошлангани, вилоятдаги 43 мингдан зиёд оилани йил якунига қадар камбағалликдан чиқариш мақсад қилингани қайд этилди.

Хусусан, кичик бизнес, оилавий тадбиркорлик ва ўзини ўзи банд қилиш орқали қарийб 14 минг оиланинг оёққа туришига кўмаклашилади. Бундай лойиҳаларни молиялаштириш учун кредит ресурслари ҳажмини 25 фоизга ошириш, оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида 400 миллиард сўм кредит ажратиш бўйича кўрсатма берилди.

Инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва эркин иқтисодий зоналар орқали 6 мингдан, қишлоқ хўжалиги соҳасида 17 мингдан ортиқ оилани камбағалликдан чиқариш чоралари кўрилади.

Масалан, ғалладан қисқарган 4 минг гектар, фойдаланишдан чиққан 3,5 минг гектар ерда боғ ва токзорлар ташкил этилади. Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ҳузурида Доривор ўсимликлар илмий маркази ташкил этилиб, 10 минг гектарда доривор ўсимликлар етиштириш йўлга қўйилади.

Ирригация тизимидаги йўқотишларни камайтириш ва замонавий технологияларни жорий этиш, бунинг учун Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан 50 миллион доллар ажратиш тўғрисидаги қарор ҳам Фарғона вилояти учун катта аҳамиятга эга.

2.jpg

Йиғилишда Президентимиз Фарғона вилоятида “Тадбиркор –ислоҳотчи” ташаббусини амалга ошириш кераклигини таъкидлади.

Бугунги таҳлиллар, глобал иқтисодий инқироз бутун дунёга хавф солиб турган айни пайтда, мамлакатимизда бундан уч йил аввал тадбиркорликка кенг эркинлик бериш бўйича қўйилган қадамлар тўғри бўлганини кўрсатди. Юртимизда тадбиркорлик ривожланмаганда, фақат давлат ташкилотлари ишлаб турганда ҳозир аҳвол нима кечарди?

“Тадбиркор – ислоҳотчи” ташаббуси асосида соҳа вакилларига имкониятлар берилиб, масъулияти оширилади. Бош вазир ўринбосари, Савдо-саноат палатаси раиси, Бизнес-омбудсман, Фарғона вилояти ҳокими бир ойда икки марта онлайн тизим орқали тадбиркорлар билан яккама-якка мулоқот ўтказиб, улар фаолиятига тўсиқ бўлаётган муаммоларни ҳал қилади. Чунки қанча имтиёз берилмасин, шароит яратилмасин, пул айланмаси, кредит олиш, экспорт қилиш, муҳандислик тармоқларига уланиш каби йўналишларда барибир муаммолар учраяпти.

– Бунга ким айбдор? Маҳаллий ҳокимиятми, солиқчими, прокурорми? Ёки қонунларимиз ишламайдими? Мана шу масалаларни ўрганиб, йил якуни бўйича “Фарғона тадбиркорлари – ислоҳотчи” тажрибаси давомида эришилган натижаларни бошқа вилоятларга ҳам татбиқ этамиз, – деди Президент.

Давлатимиз раҳбари Бизнес-омбудсман уч ой Фарғона вилоятида юриб, ҳар бир корхона, ҳар бир тадбиркор билан диллашиб, тиллашиб, соҳа вакилларига қонуний кафолатларни кучайтириш бўйича тавсиялар бериши лозимлигини таъкидлади. Уй-жойлар қуриш, ичимлик суви таъминоти ва оқова тармоқларини яхшилаш бўйича ҳам вазифалар белгиланди.

Фарғона тажрибаси асосида «лойиҳалар фабрикаси»ни кенг ривожлантириш, IT марказларда ўқув курслари ташкил этиб, йилига 262 мингдан зиёд ёшни ўқитиш муҳимлиги таъкидланди.

Йиғилишда Бош вазир ўринбосарлари, вазирлар, иқтисодиёт тармоқлари мутасаддилари, ҳокимларнинг ҳисоботи эшитилди.

Фаолиятида сусткашликка йўл қўйган Тошлоқ тумани ҳокими ва солиқ инспекцияси бошлиғини вазифасидан озод этиш бўйича кўрсатма берилди.

3.jpg

Давлатимиз раҳбари Фарғона шаҳридаги Ўзбекистон – Корея халқаро университетида бўлди.

Мазкур таълим муассасаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 23 августдаги қарорига мувофиқ ташкил этилган. Бу ерда таълим тўлов-контракт асосида, илғор ўқув режалари ва дастурлари бўйича ўзбек, корейс, инглиз тилларида олиб борилади.

Университет 4000 талабани қабул қилиш имкониятига эга. Тугаётган ўқув йилида биринчи курсда 720 йигит-қиз таълим олди. Жанубий Корея Республикасидан 11 тажрибали педагог жалб қилинган бўлиб, келгусида 43 нафарга етади.

Жорий йилда мазкур халқаро таълим даргоҳи учун янги бино қурилди.

Шавкат Мирзиёев университет ректори Пак Жун Ху ва кореялик ўқитувчилар билан суҳбатлашди. Ўқув дастури ва мазмуни, ёшларнинг фанларни ўзлаштириши билан қизиқди.

Муассасада гуманитар ҳамда техник-муҳандислик йўналишларида таълим берилади. Хусусан, туризм менежменти, мактабгача таълим, менежмент ва компьютерлаштирилган бухгалтерия ҳисоби, корейс тили ва адабиёти фанлари ўқитилади. Шунингдек, машинасозлик муҳандислиги, келажак автомобилсозлиги инжиниринги, электротехника ва электроника муҳандислиги, архитектура муҳандислиги, компьютер муҳандислиги, энергетика ва кимё муҳандислиги бўйича малакали мутахассислар тайёрланади.

– Бизда биринчи курсда умумий фанлар ўқитилиб, мактаб дастури қайтарилади, – деди Шавкат Мирзиёев. – Ёшлар бир йил умрини йўқотиб, қизиқиши сўниб ҳам қолади. Ривожланган давлатларда бундай эмас, биринчи йилдан мутахассислик фанларига ўтиб, амалиётга муҳим ўрин берилади. Натижадаги фарқни ҳаёт кўрсатиб турибди.

Мутасаддиларга Жанубий Корея университетларидаги ўқув дастурлари ва соатларини ўрганиб, мамлакатимиз олий таълим тизимини қайта кўриб чиқиш, талабаларни амалиётга максимал йўналтириш бўйича кўрсатмалар берилди.

Шу билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Фарғона вилоятига ташрифи якунланди.

Матназар ЭЛМУРОДОВ,

Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,

Маъсуджон СУЛАЙМОНОВ,

ЎзА махсус мухбирлари

 

ЎзА