Мақсад атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва экологик муаммоларни ҳал этиш

Пойтахтимизда 2030 йилга қадар Барқарор ривожланиш соҳасида Миллий мақсадлар ҳамда Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик Траст фондининг фаолиятини қўллаб-қувватлаш юзасидан жамоатчилик эшитуви ташкил этилди.

Бутунжаҳон атроф-муҳит кунига бағишланган жамоатчилик эшитуви видеоконференция шаклида ўтказилди.Мамлакатимизда парламент, давлат ва жамоат, халқаро ташкилотлар ҳамкорлигида 2030 йилга қадар Барқарор ривожланиш соҳасида Миллий мақсадларга эришишга қаратилган тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан оқилона фойдаланиш соҳасида дастур ва лойиҳаларнинг қамрови ва кўлами янада кенгаймоқда.Қайд этилганидек, 1972 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеясининг 27-сессиясида атроф-муҳит муаммоларига дунё ҳамжамияти эътиборини жалб қилиш мақсадида 5 июнь – Бутунжаҳон атроф-муҳит куни деб эълон қилинган. Ҳар йили дунё бўйлаб ушбу кунда оммавий «яшил» акциялар, концертлар ва танловлар, илмий, амалий ва маърифий тадбирлар ўтказилиши анъанага айланган. Бироқ бу йил коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазият туфайли бундай тадбирлар онлайн виртуал тарзда амалга оширилмоқда.

Тадбирда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва экологик муаммоларни ҳал этиш, БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш бутун жамиятнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш, бу соҳада давлат, жамоат ва халқаро ташкилотларнинг ҳамкорлигини янада кучайтириш зарурлиги таъкидлаб ўтилди.

Барқарор ривожланиш учун сув ресурсларини тежаш ва улардан оқилона фойдаланиш, мавжудларида эса санитария ҳолатини яхшилаш, иқлим ўзгариши ва унинг оқибатларига қарши шошилинч чоралар кўриш, ер экотизимларини ҳимоя қилиш ҳамда тиклаш ва улардан оқилона фойдаланиш лозимлиги қайд этилди.

Шунингдек, ўрмонларни барқарор бошқариш, чўлланишга қарши курашиш, ерларнинг деградацияга учраши ва биологик хилма-хиллик қисқаришини камайтиришга эришиш ҳам муҳим вазифалардан. Таъкидланганидек, бу йўналишдаги ишларни самарали амалга оширилишини таъминлашнинг бош мезони, давлат ва жамоат ташкилотлари, халқаро ташкилотларнинг ҳамжиҳатликдаги саъй-ҳаракатлари билан ўзаро яқин алоқаларни йўлга қўйишдир.

Ушбу мақсадлар Ўзбекистон Экологик партияси ва унинг парламентдаги депутатлик фракциясининг асосий дастурий мақсадларидан ҳисобланади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси режалари, Ўзбекистон экологик ҳаракати ва экология йўналишидаги бошқа нодавлат нотижорат ташкилотларининг мақсадларига ҳам ҳамоҳанглиги алоҳида қайд этилди.

Миллий ривожланиш стратегиясини амалга оширишда жамоатчиликнинг иштирокини таъминлаш ва Барқарор ривожланиш мақсадлари тўғрисида аҳолининг хабардорлигини ошириш муҳим аҳамият касб этади.

Шунингдек, жамоатчилик эшитуви иштирокчилари Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори билан тасдиқланган Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик Траст фонди фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича «Йўл харитаси»нинг амалга оширилиши жамоатчилик мониторинги билан боғлиқ масалаларни ҳам муҳокама қилишди.

Траст фондининг фаолияти ва мазкур фонд томонидан Оролбўйида амалга оширилаётган лойиҳалар 2030 йилга қадар Барқарор ривожланиш мақсадларининг аниқ натижаларга эришишга қаратилганини алоҳида қайд этишди.

Вазирлик ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, жамоат ташкилотлари томонидан «Йўл харитаси»нинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши зарурлиги, шунингдек, Оролбўйи минтақасида Траст фонд лойиҳаларини амалга оширишда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги маҳаллий органлар ва ННТ салоҳиятидан фойдаланиш муҳимлиги таъкидланди.

2030 йилга қадар Барқарор ривожланиш соҳасида Миллий мақсадларнинг ва Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик Траст фонди фаолиятини янада жонлантириш бўйича тавсиялар қабул қилинди.

Анъанага кўра, экологик муаммолар, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва экологик тоза, ресурс тежамкор, энергия манбааларидан ҳамда сувни тежаш технологияларидан фаол фойдаланиш борасидаги янгиликларни ОАВ ва ижтимоий тармоқларда ёритиб келаётган фаол журналистлар тақдирланди.

 

Нурилло НАСРИЕВ, ЎзА