Юртимизга коронавирус пандемияси кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича Республика махсус комиссиясининг 2020 йил 29 майдаги қарорига асосан 2020 йил 1 июндан «сариқ» ва «яшил» ҳудудларда спорт секциялари, тўгараклари, спорт заллари ва фитнес клублар фаолиятига рухсат берилди.
Шунингдек, Республика махсус комиссиясининг қарори билан футбол бўйича халқаро ва ички мусобақаларга юқори даражада тайёргарлик кўриш ҳамда уларда қатнашиш мақсадида, профессионал футбол клубларига ўқув-машғулотларни санитария қоидалари ва гигиена талабларига мувофиқ ҳолда бошлашга, 2020 йил 5 июндан эса Ўзбекистон профессионал футбол лигаси мусобақаларини давом эттиришга рухсат берилди. Албатта, футбол ўйинлари томошабинлар иштирокисиз ўтказилади.
Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги раҳбарияти томонидан ўтказилган онлайн видеоконференцияда вазирнинг тегишли буйруғига мувофиқ карантин даврида фаолияти йўлга қўйиладиган спорт секциялари, тўгараклари, спорт заллари ва фитнес клубларининг фаолиятини ташкил этиш бўйича вақтинчалик талаблар ўқиб эшиттирилди.
Буйруққа мувофиқ, уч кун муддатда амалдаги карантин қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда «сариқ» ва «яшил» ҳудудларда жойлашган спорт секциялари, тўгараклари, спорт заллари ва фитнес клублари фаолияти йўлга қўйилади.
Қолаверса, спорт иншоотлари (шу жумладан, очиқ майдонлар)га кириш-чиқиш жойларида фуқароларнинг тана ҳароратини пирометрларда ўлчаш, 37°С ва ундан юқори тана ҳарорати бўлган фуқароларни спорт иншоотларига киритмаслик ва бу ҳақида соғлиқни сақлаш бўлимларига хабар бериш, спорт тадбирлари ҳамда бадантарбия машғулотларини соат 0730 дан 1830 гача бўлган вақт оралиғида ташкил этишга қатъий амал қилинади.
Шунингдек, спорт тадбирларини ўтказишда сузиш ҳавзаларидан асло фойдаланмаслик ҳамда спорт таълим муассасалари фаолиятини йўлга қўймаслик кўзда тутилган.
ЎзА