“Green Card” ютган қизга уйланасизми?

Иштихонлик А.Худаёров Пайариқ туманида яшовчи М.Файзиевга ана шундай таклиф билдириб, уни бу орқали АҚШга бориб ишлашга ишонтирди. Ушбу масалада унга ёрдам беришини айтиб, 2018 йил апрель-август ойларида М.Файзиевнинг отаси Б.Нурмановдан 9500 АҚШ доллари олиб, ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборади.

Иш хамирдан қил суғургандек кечаётган эди. Ҳатто Жиззах вилояти Дўстлик туманида “Green Card” ютган қиз топилиб, унинг розилиги билан 2018 йилнинг 25 июль куни М.Файзиев билан никоҳ тўйи ҳам бўлиб ўтади.Аммо йўли бузуқнинг ёқаси йиртиқ эмасми, А.Худаёровнинг фирибгарлик ортидан бойиш орзуси чиппакка чиқди. 2018 йилнинг сентябрь ойида АҚШ элчихонасидан рад жавоб олган М.Файзиевнинг отаси ундан пулларини қайтариб беришни талаб қилди. Зўрға 1000 доллар пулни қайтарган фирибгарнинг қолган пулни бера олмаслиги маълум бўлди.

Жиноят ишлари бўйича Пайариқ туман судининг яқинда ўтган очиқ суд мажлисида мазкур жиноят иши атрофлича кўриб чиқилди. А.Худаёров Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисмининг “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилди. Унга нисбатан жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят судининг 2020 йил 21 январь куни Ўзбекистон Республикаси ЖК 168-моддаси 3-қисмининг “б” банди бўйича тайинланиб, ўталмай қолган жазо мазкур ҳукм билан тайинланган жазога қисман қўшилиб, узил кесил ўташ учун 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.

Халқимиз “Қинғирлик – тириклик гўри, эгрилик – умрнинг шўри” дейди. Мана шу пурмаъно сўзлардан хулоса чиқармаган ҳар кимки, вақти келиб ўз қилмишининг жазосини тортади.

Шу ўринда мана шу кимсага ўхшаган фирибгарларнинг тегирмонига сув қуядиган кишилар ҳалиям борлигидан таажжубга тушасан, киши. Ота-боболаримиз келин танлашда қуда томоннинг етти пушти билан бекорга қизиқмаган, ахир. Америкага чиптаси бор қизларнинг насл-насабини суриштирмай “бор барака” қилиш, ҳали жисми-ю жони, онг-у қараши мурғак ёшларнинг умрини пулга чақиш ҳеч қайси мезонларга тўғри келмайди.

Моддий аҳволини бўлажак келиннинг мавқеи ёки бойлиги эвазига тиклашга уринаётганлар кейинчалик мана шу йигитнинг “уддабурон” отасидек бошини чангаллаб қолмайди, деб ким айта олади?! Бундайларга қарата, “Қарс икки қўлдан чиқади”, дуч келган одамга кўр-кўрона ишониб, оғзингиздаги ошни олдирманг, дегинг келади беихтиёр.

Х.КЕЛДИЯРОВА,
Жиноят ишлари бўйича Пайариқ туман суди судьяси

 

ЎзА