Давлатимизнинг юксак мукофотлари топширилди

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг фармонларига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 26 йиллиги арафасида мамлакатимизни ҳар томонлама ривожлантириш, юртимиз тинчлиги ва осойишталигини мустаҳкамлашга катта ҳисса қўшган, ижтимоий-иқтисодий ва маънавий-маърифий соҳаларда фидойилик кўрсатган бир гуруҳ юртдошларимиз давлат мукофотлари – фахрий унвонлар, орден ва медаллар билан тақдирланган эди.

Тошкентда 7 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирокида ана шу юксак мукофотларни тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди.

STU_6955.JPG

Давлатимиз раҳбари йиғилганларни юксак унвонлар, орден ва медалларга сазовор бўлгани муносабати билан самимий қутлади. Улар орқали барча ватандошларимизни Конституциямиз қабул қилинганининг 25 йиллиги билан муборакбод этди.

Шавкат Мирзиёев бугун юртимизда амалга оширилаётган барча ислоҳотлар Конституциямиз ва Ҳаракатлар стратегиясига асосланишини алоҳида таъкидлади. Якунига етиб бораётган йилда амалга оширилган ишларга тўхталар экан, халқ билан мулоқотда бўлиб, одамларнинг оғирини енгил қилишга асосий эътибор қаратилганини қайд этди.

Дарҳақиқат, Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида оддий одамлар билан мулоқотнинг мутлақо янги ва самарали тизими йўлга қўйилди. Президентнинг Виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналарига 1,5 миллиондан зиёд мурожаат келиб тушди ва уларнинг 1 миллиондан ортиғи ижобий ҳал этилди.

Бугунги кунда дунёдаги нуфузли эксперт ва мутахассислар ҳам халқ билан мулоқотнинг бундай усули катта самара бераётганини эътироф этмоқда.

Халқимиз Яратгандан аввало тинчлик-хотиржамликни сўрайди. Шундан сўнг ўз уйим, бошпанам бўлса, оилам, бола-чақам билан соғ-саломат яшасам, дейди. Биз халқимизнинг ана шундай орзу-ниятларини рўёбга чиқариш учун иккита масалага, яъни ички ишлар ва соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишга алоҳида эътибор қаратаяпмиз, деди Шавкат Мирзиёев.

Бу борада, албатта, улкан ишлар амалга оширилди. Участка профилактика инспекторларига хизмат машиналари ва уй-жойлар ажратилмоқда. Ҳафтанинг ҳар пайшанба куни “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни” сифатида белгиланди. “Хавфсиз шаҳар” лойиҳаси амалга оширилмоқда.

STU_7056.JPG

Айниқса, ёшларимиз учун уларнинг соғлом туғилишидан то мустақил ҳаётга қадам қўйгунича барча зарур шароитлар яратиб берилаётгани эътиборлидир. Давлатимиз раҳбари сентябрь ойида БМТ Бош ассамблеяси сессиясида Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисида халқаро конвенция ишлаб чиқиш ташаббусини илгари сургани бу борадаги яна бир муҳим қадам бўлди.

Жорий йилда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи тузилиб, барча давлат органлари ва маҳаллаларда ёшлар масалалари бўйича раҳбар ўринбосари лавозимлари ташкил этилди.

Аёлни эъзозлаш, аёлга эҳтиром кўрсатиш халқимизнинг энг олижаноб қадриятларидан ҳисобланади. Шу маънода, Республика Хотин-қизлар қўмитаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари фаолиятини жонлантириш, хотин-қизларнинг оила ва жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини ошириш, уларнинг меҳнатини муносиб баҳолаш ва рағбатлантириш, ҳаётий манфаатларини таъминлаш масалалари давлатимизнинг доимий эътиборида бўлиб келмоқда.

Шу билан бирга, соғлиқни сақлаш соҳасида улкан янгиланишлар рўй берди. Дори-дармон таъминоти, тез тиббий ёрдам, қишлоқ врачлик пунктлари фаолиятини тубдан яхшилаш, ҳудудларда ихтисослаштирилган тиббий марказлар фаолиятини йўлга қўйиш билан боғлиқ муҳим вазифалар амалга оширилди. Қишлоқ врачлик пунктлари негизида 800 га яқин оилавий поликлиника, 400 дан ортиқ тез тиббий ёрдам шохобчаси ташкил этилди. Қишлоқда ишлайдиган 700 га яқин шифокор хизмат уйлари билан таъминланди.

Хориждаги нуфузли клиникаларда ишлаётган 60 га яқин ўзбекистонлик малакали шифокор юртимизга қайтди ва қулай шароитлар билан таъминланди. Улар аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йўлида хизмат қилмоқда. Шунингдек, хориждаги йирик тиббиёт масканларининг шифокорлари Ўзбекистонга келиб, мураккаб операцияларни амалга оширмоқда. Ҳудудларда республика ихтисослашган тиббиёт марказларининг филиаллари ташкил этилди. Патронаж ва скрининг масаласига энг асосий вазифа сифатида қаралмоқда.

Бугунги кунда юртимизда йўл-транспорт инфратузилмаси, коммунал хизмат даражасини яхшилашга ҳам алоҳида эътибор берилмоқда. Қишлоқ жойларга тоза ичимлик суви, табиий газ ва электр энергияси етказиб бериш бўйича катта-катта дастурлар амалга оширилмоқда. Ҳудудларда янги маданият ва истироҳат боғлари, дам олиш масканлари, кинотеатрлар, кўргазма заллари, кутубхоналар бунёд этилмоқда.

Давлатимиз раҳбари иқтисодиётни барқарор ривожлантириш мавзусига тўхталиб, ўнлаб янги саноат корхоналари бунёд этилаётгани, валюта бозори либераллаштирилиб, сўмнинг эркин конвертацияси йўлга қўйилганини алоҳида таъкидлади.

Таъкидлаш жоизки, тадбиркорларга қўшимча имтиёз ва преференциялар бериш, бу соҳани жадал ривожлантиришга қаратилган амалий саъй-ҳаракатлар туфайли юртимизда янги-янги саноат корхоналари, хизмат ва сервис шохобчалари ташкил этилмоқда, энг муҳими, минглаб одамлар иш билан таъминланмоқда.

Бу йилги мавсумда мураккаб иқлим шароити, об-ҳаво инжиқликларига қарамасдан, миришкор деҳқон ва фермерларимиз улкан ғалла ва пахта хирмонлари кўтариб, барча қишлоқ хўжалиги экинларидан мўл ҳосил етиштиришга муваффақ бўлди. Шавкат Мирзиёев шуни таъкидлар экан, бу йил юртимизда Қишлоқ хўжалиги ходимлари кунини белгилаш тўғрисида қонун қабул қилингани, шу кунларда барча вилоят ва туманларда ана шу сана ҳосил байрами сифатида кенг нишонланаётганини қайд этди.

Илм-фан, адабиёт, санъат ва маданият соҳаларини ривожлантириш бўйича ҳам қатор қарорлар қабул қилинди. Давлатимиз раҳбари ушбу соҳалар вакиллари билан бир неча бор учрашиб, улар олдида турган долзарб масалаларни муҳокама қилди. Фанлар академиясининг илмий ва моддий-техник базасини мустаҳкамлашга зарур маблағ ва ресурслар ажратилди. Янги илмий марказлар, технопарклар ташкил этилди. Инновацион ривожланиш вазирлиги ташкил этилгани бу борада муҳим янгилик бўлди.

Илм-фан – тараққиёт асоси, деди Шавкат Мирзиёев. Замонавий илм-фан ютуқларига, инновацион ғояларга таянмаган давлатнинг ҳам, жамиятнинг ҳам келажаги йўқ. Фақат илм ва маърифат, интеллектуал салоҳият, ҳар томонлама билимли кадрлар ҳисобидан Ўзбекистонни янги тараққиёт босқичига олиб чиқа оламиз.

Кейинги бир йилда юз берган ва яққол кўзга ташланадиган яна бир воқеа – қўшни мамлакатлар билан дўстлик ва ҳамкорлик муносабатлари янги босқичга кўтарилгани бўлди. Чегара масалаларида тарихий келишувларга эришилди. Юртимиздаги миллатлараро тотувлик ва ўзаро ҳурмат муҳити янада мустаҳкамланди.

Давлатимиз раҳбари 2017 йилда амалга оширилган ишларни таҳлил қилиб, халқ билан бамаслаҳат иш олиб борган одам ҳам, давлат ҳам ҳеч қачон кам бўлмаслигига, ҳар қандай қийинчиликларни енгиб, ўзининг эзгу мақсад-муддаоларига албатта эришишига барчамиз кундалик ҳаётимизда ишонч ҳосил қилаётганимизни алоҳида таъкидлади.

Шундай экан, бу йўлда бошланган хайрли ишлар келгусида ҳам албатта давом этаверади.

Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, адабиётшунос олим Иброҳим Ғофуров, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, шоир Бахтиёр Генжемуратов, Давлат мукофоти совриндори, Республика фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббиёт маркази бош врачи ўринбосари Вера Белоцерковец, «Эл-юрт ҳурмати» ордени соҳиблари – меҳнат фахрийси Каллибек Камалов, «Нуроний» жамғармасининг Наманган вилояти бўлими раиси Икромхон Нажмиддинов, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиблари – Иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш “Улуғбек” жамғармаси раҳбари Оқил Салимов, Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети профессори Азмиддин Садриддинов, Бўз туманидаги 26-ихтисослаштирилган умумий ўрта таълим мактаб-интернати директори Галина Цой, «Дўстлик» ордени соҳиби, «Нуроний» жамғармасининг Самарқанд вилояти бўлими раиси Ҳасан Нормуродов ва бошқалар камтарона меҳнатларини юқори баҳолаб, давлатимизнинг юксак мукофотларига муносиб кўргани учун Президентимизга миннатдорлик билдирди.

 

Сарвар Ўрмонов (сурат), ЎзА