Европа коронавируснинг иккинчи тўлқинига тайёргарлик кўриши керакми?

Евроиттифоқ мамлакатлари ҳукуматлари карантин чораларини юмшатишни бошлашяпти. Айни чоғда фуқароларини коронавирус билан курашиш ҳали якунига етмагани ҳақида қатъий огоҳлантирмоқдалар ҳам.
Гап шундаки, касалланиш билан боғлиқ янги ҳолатлар ва қурбонлар сонининг камайиши одамлар ҳушёрлигини пасайтириб юбориши мумкин. Боз устига илиқ ҳавонинг кириб келиши билан ижтимоий масофани сақлаш ва гигиена қоидаларига риоя этиш ҳолатлари камайиши кузатилади.
Экспертлар бундан олдинги пандемияларни ўрганиб чиқишганидан сўнг ишонч билан шундай хулосага келишди: коронавирус “босқини” яна такрорланади.
“ЕИга аъзо давлатлар мавжуд эпидемиологик назорат тизимини яхшилаган ҳолда инфекциянинг юз бериши мумкин бўлган иккинчи тўлқинига тайёргарлик кўришлари шарт, — деди Еврокомиссия вакили Стефан де Кеерсмэкер. — Комиссия Европа касалликлар профилактикаси ва назорати маркази билан яқиндан ҳамкорликда хатарнинг такрорий кўпайиши ҳақида хабардор қилиш каналларини яратмоқда. Улар фуқароларнинг гарчи дастлабки тўлқин муваффақиятли енгиб ўтилган бўлса-да, янгилари юзага келиши эҳтимоли ҳақида самарали огоҳлантириш имконини беради”.
Европарламентнинг айрим аъзолари ҳам миллий ҳукуматларга шу каби масалаларни бутун ЕИ миқёсида кўриб чиқиш учун тақдим этишни таклиф этяпти.
“Ҳар бир мамлакат агар рўй берса, иккинчи тўлқинга тайёр туриши керак. Ўйлашимча, коронаинқироз Иттифоқ ичида соғлиқни сақлаш сиёсати соҳасида ҳамкорликни кучайтириш зарур эканлигини кўрсатиб қўйди”, — дея таъкидлаб ўтди швециялик сиёсатчи Ютте Гутеланд.
Германиянинг Паул Эрлих номидаги тадқиқотлар институти раҳбарининг айтишича, ҳар бир мамлакатда Covid-19 билан боғлиқ жиддий касалликлардан азият чекаётган беморлар учун шифохоналарда жойлар ва интенсив терапия бўлинмалари етарли даражада тайёрланиб қўйиши лозим.
Кези келганда, айтиш жоиз, мазкур мамлакатда ҳар 100 минг инсон орасида вирусга чалиниш билан боғлиқ янги ҳолатларнинг фавқулодда чегараси 50 та қилиб белгиланган. Агар бу миқдор ошадиган бўлса, кураш чоралари кўпайтирилади, кучайтирилади.
“Биз иккинчи тўлқинни тўхтатиб туришимиз ва даволаш методларини излаш учун вақтдан ютишимиз керак. Институтимизда биотиббиёт соҳасида илмий маслаҳатлашувлар олиб борамиз ва шу йўл билан жамоатчилик соғлиғи манфаатлари йўлида вакцина яратилишини тезлаштиришга ҳисса қўшмоқдамиз. Буларнинг барчаси узоқ истиқболда бизга ёрдам беради”, — дея таъкидлаб ўтди доктор Клаус Чичутек.
Олимлар карантин чоралари қайта жорий этилишига тайёр туришлари шарт эканлиги, зеро, иккинчи марта улар янада оғриқли кечиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.
“Ҳукуматлар бу борадаги қадамларни ҳозирдан ташлашлари лозим. Бу юқишлар даражаси билан боғлиқ. Агар юқиш ҳолатлари сезиларли даражада кўпайса, карантин яна қайта жорий этилади. Ҳатто вирус бутунлай йўқ бўлиб кетса ҳам, хотиржамликка берилиш керак эмас. Ёки бизда даволаш ҳамда вакцина қилишнинг энг яхши услублари яратилади. Ҳар қандай вазиятда булар жуда узоқ вақтга чўзилади” , — дея хулоса қилади у.

ЎзА