Тиббиёт соҳасида ҳамкорлик

Бухоро давлат тиббиёт институти таълим сифатини ошириш, хорижнинг етакчи олий таълим муассасалари билан илғор тажрибасини таълим ҳамда илмий-тадқиқотлар жараёнига интеграция қилиш мақсадида дунёнинг етакчи академик муассасалари билан янги ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришни давом эттирмоқда.

Жумладан, институт Германиянинг етакчи олий таълим муассасаларидан бири – Франкфурт Амалий Фанлар Университети (Frankfurt University of Applied Science — FUAS) билан илмий кадрларни тайёрлаш бўйича англашув меморандумини имзолади. Ушбу илмий ҳамкорлик доирасида гиёҳвандликни даволашда психосоциал ёрдам кўрсатиш мавзусида 2020-2024 йиллар орасида учта таянч докторантура (PhD) даражасида илмий ходим тайёрлаш режалаштирилган. Бундан ташқари, БухДТИ ва FUAS ҳамкорлиги доирасида фан доктори илмий даражасига эга ўзбекистонлик бир нафар мутахассисга Франкфурт ва Берлинда жойлашган клиника ва илмий ташкилотларда гиёҳвандлик мавзусида тажриба алмашиш ҳамда тадқиқот олиб боришига имкон яратилади.

Германия халқаро академик алмашувлар фонди (DAAD) томонидан молиялаштириладиган ушбу лойиҳада Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Ўзбекистон ва Германия университетлари ўртасида илмий ҳамкорлик асосида гиёҳвандликни даволашда психосоциал ёрдам йўналишида халқаро талабларга жавоб берувчи магистрлик дастурини хамда гиёҳвандликни даволаш ва олдини олиш мавзусига бағишланган масофавий таълим дастурини яратиш тадбирларини амалга ошириш режалаштирилган.

– Мазкур лойиҳа доирасида тайёрланадиган илмий ходимлар очиқ танлов асосида қабул қилинади, – дейди институтнинг Халқаро ҳамкорлик бўйича проректори Аҳатжон Насуллаев. – Шунингдек, танловда ғолиб бўлган мутахассисларга лойиҳа фондидан стипендия ажратилади. Уларнинг илмий харажатлари, жумладан, соҳага оид адабиётлар хариди, халқаро илмий анжуманларда қатнашиш ва илғор журналларда илмий мақолаларни чоп этиш билан боғлиқ харажатлари қопланиши хам кўзда тутилган.

 

Зариф КОМИЛОВ, ЎзА