Олий Мажлис Сенати ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви раисининг ҳисоботи эшитилди.
Қайд этилганидек, 2019 йилда тижорат банклари томонидан хорижий кредит линиялари ҳисобидан 2,1 миллиард АҚШ доллари миқдорида кредитлар ажратилган.
Ўтган йил давомида тижорат банкларининг иқтисодиётга ажратилган жами кредит қўйилмалари 1,6 бараварга кўпайиб, 2020 йил 1 январь ҳолатига 208,6 триллион сўмни ташкил қилган.
Хусусан, 2019 йилда тадбиркорлик субъектларига ажратилган кредитлар 1,5 баробарга ошиб, 58,4 триллион сўмга етган. Шу билан бирга, жисмоний шахсларга ажратилган кредитлар қолдиғи жорий йилнинг 1 январь ҳолатига 40 триллион сўмни ташкил қилган.
Шунингдек, аҳолининг бандлигини таъминлаш ва оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган ижтимоий дастурлар доирасида жами 7,6 триллион сўм, шу жумладан, бевосита жисмоний шахсларга 4,9 триллион сўм миқдорида имтиёзли кредитлар ажратилган.
2020 йилда Марказий банк томонидан алоҳида эътибор қаратилиши зарур бўлган қатор вазифалар ҳам муҳокама қилинди.
Хусусан, 2020 йилнинг 1 январь ҳолатига мавжуд 30 та банкнинг 13 таси капиталида салмоқли давлат улуши мавжудлиги кўрсатилиб, банклар ва бизнес субъектларининг самарали ҳамкорлиги учун кенг шарт-шароитлар яратиш ва банк тизимида рақобат муҳитини яхшилаш мақсадларида банкларнинг иқтисодиётдаги молиявий воситачилик ролини ошириш ҳамда банк тизимида хусусий капитал иштирокини кенгайтириш лозимлиги таъкидланди.
Ушбу масала юзасидан Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.
ЎзА