Бош прокурор: Қарийб 7 миллиард сўм иш ҳақи, пенсия ва нафақа пули ундириб берилди

Олий Мажлис Сенатининг ялпи мажлисида прокуратура органлари фаолиятига оид ҳисобот эшитилди.
Бош прокурор Н.Йўлдошев қонунлар ижроси устидан назоратни амалга оширишнинг мутлақо янги тизими йўлга қўйилганини қайд этди.
Ҳар бир соҳага масъул ходимлар бириктирилган ҳамда қонун ҳужжатларининг ижросини мунтазам мониторинг ва таҳлил қилиб бориш жорий қилинган.
Қонунлар ижроси устидан назоратни таъминлаш баробарида фуқароларга манзилли ёрдам кўрсатиш, уларни қийнаб келаётган муаммоларни амалда бартараф этиш доимий эътиборда.
Хусусан, 2019 йилда тегишли идоралар билан ҳамкорликда ёрдамга муҳтож фуқароларнинг 167 минг 509 муаммоси ҳал этилган, 3 минг 521 нафар фуқаронинг қарийб 7 млрд. сўм иш ҳақи, пенсия ва нафақа пули ундириб берилди.
Тадбиркорликни ривожлантириш, экспортни кенгайтириш, хорижий инвестицияларни жалб қилиш каби ҳаётий муҳим масалаларга устувор аҳамият берилиб, 7 минг 584 нафар тадбиркорнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди. 15 минг 961 нафарига турли муаммоларини бартараф этишда кўмаклашилди.
Прокурорлар кўмагида 15 минг 446 та янги тадбиркорлик субъекти ташкил этилиб, фаолияти тўхтаб қолган 11 минг 981корхона фаолияти тикланди.
Прокурорлар ташаббуси билан 600 нафар тадбиркор экспорт фаолиятига жалб этилган бўлиб, ҳозирги пандемия шароитида ҳам бу ишлар давом эттирилиб, 3 минг 379 экспортёрнинг ҳар бирига прокуратура ходимлари бириктирилган ҳолда, карантин чекловлари туфайли экспорт фаолияти тўхтаб қолишининг олдини олиш чоралари кўрилмоқда.
Тегишли идоралар билан ҳамкорликда ўтказилган хатловларда 36 минг гектар қишлоқ хўжалиги экин ер майдони ноқонуний ажратиб берилгани, 10 минг гектар ер ўзбошимчалик билан эгаллаб олингани, 4 минг гектарда ноқонуний қурилишлар амалга оширилгани аниқланиб, тегишли чоралар кўрилган.

 

ЎзА