ЕТТБ “Ипотека-банк” АТИБга савдони молиялаш учун қўшимча равишда 30 миллион доллар ажратди.
Ушбу маблағлар маҳаллий экспорт ва импорт билан шуғулланувчиларга молиявий ёрдам кўрсатиш, шунингдек коронавирус пандемияси шароитида ҳаётий муҳим аҳамиятга эга бўлган савдо алоқаларни давом эттириш учун йўналтиришга мўлжалланган.
Ўзбекистоннинг тобора кўпроқ корхоналари, шу жумладан, кичик ва ўрта корхоналар ЕТТБ ва Ўзбекистоннинг етакчи банкларидан бири –
“Ипотека банк” АТИБ ўртасида имзоланган савдони молиялаш тўғрисидаги битим доирасида кўзда тутилган экспорт ва импорт имкониятларидан фойда олади.
Коронавирус пандемияси ва унинг иқтисодий оқибатларига жавобан ЕТТБ бутун фаолиятини ўз ҳудудларини қўллаб-қувватлашга қаратмоқда. Бу ишларнинг муҳим қисмини ЕТТБ нинг савдони молиялашга оид ёрдамини кўпайтириш ташкил этади. Бу йўналишда фақат Ўзбекистонга ҳозирги пайтгача 220 миллион АҚШ доллари ҳажмида ёрдам кўрсатилган.
Савдони молиялашнинг кўпайтирилиши савдо ва етказиб бериш занжирларида оғир бозор шароитлари туфайли вужудга келган узилишлар оқибатини юмшатишга ёрдам беради. Бу айниқса, савдони молиялаш бўйича тижорий кредит линиялардан фойдаланиш имкониятлари чекланиб қолиши мумкин бўлган шароитларда муҳим аҳамият касб этади.
ЕТТБ нинг “Савдони ривожлантиришга кўмаклашиш дастурлари” (СРКД) доирасида “Ипотека банк” АТИБга ажратилаётган 30 миллион АҚШ доллари қийматидаги қўшимча савдо лимити маҳаллий экспорт ва импорт билан шуғулланувчиларга ўз фаолиятини давом эттиришларига кўмаклашади.
ЕТТБ СРКД томонидан инвестициялар киритилаётган мамлакатларда, шу жумладан Ўзбекистонда халқаро савдонинг ривожланишига кўмаклашади. Ушбу дастур доирасида ЕТТБ банклар томонидан ушбу мамлакатларда амалга оширилаётган халқаро савдо операциялари бўйича сиёсий ва тижорий таваккалчиликни ўз зиммасига олиб, халқаро тасдиқловчи банкларга кафолатларни беради. СРКД экспорт ва импорт билан шуғулланувчилар, шу жумладан, кичик корхоналар учун молиялашдан фойдаланиш имкониятини яратади, маҳаллий салоҳиятни мустаҳкамлаб, савдони молиялаш кўникмаларини ривожлантиради.