Бу ҳақда ЎзАга Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати маълум қилди.
Олдин хабар берганимиздек, ўсиб келаётган ёш авлодни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, Иккинчи жаҳон уруши йилларида фашизм устидан қозонилган буюк ғалаба учун мардларча курашган юртдошларимизнинг номини абадийлаштириш мақсадида Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус шаҳридаги “Мотамсаро она” ҳайкали жойлашган Хотира хиёбонининг орқа томонида Жасорат боғи барпо этилиши бошланган эди.
Коронавирус пандемияси тарқалишининг олдини олиш мақсадида юртимизда жорий этилган карантин сабаб мазкур боғда қурилиш-монтаж ишлари вақтинча тўхтатилган эди.
Айни вақтга қадар боғда жами 8 дона техника: Т-64 танки, пиёдалар жанговар машиналари, зирҳли транспортёрлар ҳамда артиллерия ва зенит қурилмалари ўрнатилган. Кеча, 7 май куни боғ экспонатларидан ўрин олган бир дона Су-17 қирувчи самолёти Тошкент шаҳридан келтирилган.
Карантин қоидаларининг юмшатилиши ҳамда бунёдкорлик ишларини ижтимоий масофа ва шахсий гигиена талабларига риоя этган ҳолда амалга оширишга берилган рухсатдан кейин боғда қурилиш-монтаж ишлари давом эттирилмоқда. Шимоли-ғарбий ҳарбий округ ҳарбий хизматчилари ҳам ушбу ишларда фаол иштирок этаяпти.
Таъкидлаш жоизки, Жасорат боғи “Мотамсаро она” ҳайкали жойлашган майдоннинг орқа томонида илгари ташландиқ ҳудуднинг деярли 100 сотих майдонида бунёд этиляпти. Боғни яратиш концепциясига асосан у ердаги 153 квадрат метр майдонида Иккинчи жаҳон уруши йиллари қорақалпоқ халқи ва қорақалпоғистонликларнинг матонати, ғалабага қўшган ҳиссаси акс этган бир қаватли хотира музейи, пневматик милтиқдан ўқ отиш тири, ҳарбий альпинизмни ривожлантириш мақсадида скалодром, ҳарбий объектларни қўриқлашда фойдаланиладиган соқчиларнинг кузатув минораси, жанггоҳларни акс эттирадиган окоп, блиндаж ва ертўлалар ҳамда жанговар техникалар ўрин олади. Уруш йилларида юртдошларимизнинг қаҳрамонликларини акс эттириш учун Мудофаа вазирлиги музей фондига яқиндан кўмак бериб, ҳозирда жамланаётган экспонатлар ҳамда ҳарбий техникаларни тақдим этиши белгиланган. Музей фонди бошқа манбалардан ҳам тўлдириб борилади.