Тожикистонга навбатдаги инсонпарварлик ёрдами

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига мувофиқ, коронавирусга қарши курашда катта тажриба тўплаган 8 нафар шифокор навбатдаги инсонпарварлик ёрдами билан бирга 8 май куни Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрига жўнаб кетди.

Тиббиёт гуруҳи таркибида анестезиолог-реаниматолог, пульмонолог, эпидемиолог, инфекционист, вирусолог мутахассислар бор. Улар «COVID-19» инфекциясининг олдини олиш, назорат қилиш ва даволашни ташкил этишда тожикистонлик ҳамкасбларига яқиндан кўмаклашади.Беғараз кўмак юки таркибида эса 10 та ўпкани сунъий вентиляция қилиш ускунаси, турли дори воситалари, тиббий ҳимоя кийимлари, қўлқоплар, респираторлар бор.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 5 май куни Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон билан телефон орқали мулоқот қилиб, минтақа ва дунёдаги мавжуд эпидемиологик вазиятни муҳокама қилган эди. Икки давлат раҳбари бир-бирларини коронавирус инфекцияси тарқалиши муносабати билан мамлакатларимизда юзага келган ҳолатдан хабардор этиб, тангликни биргаликда бартараф этиш бўйича ҳамкорликка тайёрлигини билдирган эди.

Ўзбекистондан жўнатилган навбатдаги инсонпарварлик ёрдами ва тажрибали шифокорлардан иборат гуруҳ Тожикистонда коронавирусга қарши кураш ишларини самарали ташкил этишда мамлакатларимиз ҳамкорлигининг амалий ифодаси бўлади.

 

ЎзА