Халқ учун жонини қурбон қилган қаҳрамон қандай йигит эди?

Ёки Сардобадаги фожиа оқибатида қурбон бўлган Ҳусниддин Суяров ҳақида…
Ватан учун жонини қурбон қилганлар ҳақида суриштирсангиз “У жуда ватанпарвар эди…” дейишади.
Сардобадаги фожиа оқибатида ҳалок бўлган Миллий гвардия ҳарбий хизматчиси сержант Ҳусниддин Суяров ҳақида ҳам шундай фикрлар эшитдим.
Анчадан бери Андижон вилоятида хизмат олиб бораётган Ҳусниддин ўз она юрти Сирдарёга яқиндагина келган экан. Гўёки у бу фожиани олдиндан сезган-у, элдошларига қалқон бўлишга шошилган.
Боёвут туманининг Бўз қишлоғида туғилиб ўсган Ҳусниддин бор-йўғи 31 ёшда эди. Унинг онаизори Зулфия опа ўғлининг тобути орқасидан катта йўлгача чопиб фарёд қилган бўлса ҳам паҳлавондек ўғлини йўқотганига ҳали юрагини ишонтира олмади. Бу ғамдан отаси Зокир аканинг 54 ёшида қадди букилди.
Ҳусниддиннинг 27 ёшида икки фарзанди билан бева қолган турмуш ўртоғининг ҳолини тасвирлайдиган сўзлар луғатимизда йўқ…
Атак-чечак қилиб юрган уч ёшли, бир ёшли қизалоқлар яхшиямки ўлим нима, отасиз ўсиш нима эканини ҳали тўлиқ англамайди.
Сув тошқини оқибатида жабр кўрганларни қутқариш пайтида Ҳусниддиннинг йўқолиб қолгани ҳақида оиласига 2 май куни хабар келган. Улар ўғлонининг топилиши, яна бағриларига қайтишидан умидвор бўлди. Афсус, ўлим хабари дунёни остин-устун қилди.
Фақатгина бир таскин бор. Яъни халқ, юрт учун қаҳрамонларча қурбон бўлган Ҳусниддиннинг номи Ватан аталган улуғ кошона пештоқида бошқа қаҳрамонлар билан бирга ёзилиб туради.
Ҳусниддиннинг дўстлари уни қатъиятли бўлиш бирга самимий инсон эди, деб таърифлайди. Яқинларига, дўстларига меҳр улашиб, бундан ўзи ҳам шод юрадиган камтар бир йигитнинг ҳақига бугун бутун эл дуо қилмоқда. Руҳинг шод бўлсин, жигарим!
Назаримда нигоҳларидан самимият балқиб турган бу йигит менга танишдек. Бу йигитнинг шонли умр йўли ҳақида қўлимда жуда кўп ахборот бордек. Аммо уларни қоғозга туширишда сўзлар ўзини олиб қочди, компьютер клавиатурасидаги ҳарфларни гоҳида тополмай қолдим…
Дарвоқе, Ҳусниддин Суяровга вафотидан сўнг Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўмондонлигининг “Намунали хизматлари учун” I даражали кўкраш нишони берилган.
Аммо хизмат вақтида қурбон бўлган Ҳусниддин Суяров халқимизнинг асл қаҳрамони. Ҳали унга муносиб мукофот албатта берилади.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил 1 май куни эрта тонгда Сирдарё вилояти ҳудудида жойлашган “Сардоба” сув омборида юз берган фавқулодда ҳолатнинг илк соатларида тезкор гуруҳ таркибида эвакуация қутқарув ишларида иштирок этган Миллий гвардиянинг 2 нафар ходими кучли оқим сабаб оқиб кетган.
Оқибатда Миллий гвардия ҳарбий хизматчиси сержант Суяров Ҳусниддин Зокирович табиий офатга қарши курашиш жараёнида ҳалок бўлган.
Ҳозирда иккинчи ходимни қидириш ишлари давом этмоқда.
Одамларни бошпанасидан айирган, ёш йигитлар умрига зомин бўлган Сирдарёдаги фавқулодда ҳолат бўйича жиноят иши очилган.
Умид қиламизки, жиноят жазосиз қолмайди. Бу мавзуга яна қайтамиз.

 

Норгул Абдураимова, ЎзА