Қорақалпоғистонда коронавирусдан тузалган 8 нафар фуқаро ва бир гуруҳ тиббиёт ходими реабилитацияга кузатилди

Қорақалпоғистон Республикаси юқумли касалликлар шифохонасида коронавирус инфекциясидан тўлиқ тузалган 8 нафар фуқаро ва беморларни даволашда меҳнат қилган бир гуруҳ тиббиёт ходимлари реабилитацияга кузатилди.

Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутахассисларнинг таъкидлашича, соғайиб чиққан беморларнинг 7 нафари Нукус шаҳридан, 1 нафари Мўйноқ туманидан бўлиб, барчаси коронавирусга чалинганлар билан мулоқот орқали юқтириб олишган. Беморларнинг ёши каттаси 65 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 12 ёшда. Шунингдек, беморларга тиббий хизмат кўрсатган 9 нафар шифокор, 28 нафар ҳамшира ва 15 нафар санитар ходимнинг самарали меҳнати юксак эътироф этилиб, чуқур миннатдорлик билдирил. Эндиликда улар ўрнида навбатдаги фидойи тиббиёт ходимлари фаолият бошлайди.

photo_2020-05-02_20-46-43.jpg

– Жамоамизнинг фидокорона меҳнати натижасида тузалиб чиқаётганлар сони ортиб бормоқда, –дейди Қорақалпоғистон Республикаси юқумли касалликлар шифохонаси реаниматолог-инфекционист шифокори Алишер Мадаминов. – Бунинг барчаси давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан тиббиёт соҳасига қаратилаётган катта эътиборнинг ижобий самарасидир.

Шу жумладан, бизнинг шифохонамиз ҳам замонавий тиббий асбоб-ускуналар, зарур дори воситалари билан таъминланган. Шунинг натижасида бугунги кунга Қорақалпоғистон Республикасида коронавирусга чалинган жами 109 нафар беморнинг 70 нафари бутунлай соғайди. Қолган 37 нафар беморнинг ҳолати енгил, 2 нафариники ўртача оғир деб баҳоланмоқда. Яқин кунларда барчаси тўлиқ тузалиб чиқади, деган умиддамиз.
photo_2020-05-02_20-46-52.jpg

–Тиббиёт ходимларининг ҳар бир бемор билан самимий мулоқоти, муолажаларнинг жаҳон стандартлари асосида вақтида амалга оширилганлиги туфайли бугун реабилитацияга чиқиб кетаяпмиз,–дейди тузалиб чиққан мўйноқлик фуқаро. –Коронавирус инфекциясига чалинган беморларни даволашдаги яратилган шарт-шароитлар учун давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевга чексиз миннатдорлик билдирамиз.

Қорақалпоғистон Республикаси юқумли касалликлар шифохонасидан мана шундай хушхабарлар келиши давом этмоқда. Мутахассисларнинг таъкидлашича, коронавирус инфекциясига чалинган фуқаролардан яна бир гуруҳи яқин кунларда бутунлай соғайиб чиқиши кутилмоқда.

 

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА