5-май – Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири

Ибройим ЮСУПОВ туғилган кун.

 

 

Англаш

                                                  Ибройим Юсуповнинг 90 йиллиги

танталаридан кейин ёзилган шеър

 

Ненидир англаймиз, неларнидир йўқ

Гоҳида, ғафлатда ўтар ҳар кунинг

Ибройим Юсуповни англамоқ учун

Элликка киришим шартмиди менинг

 

Ҳар қалай, кўрганман, кўришганман мен.

Кўнглимда беадоғ ғурур ўнгланар

Шундай бир инсонлар бўлар, уларнинг

Номи айтилганда  юрти англанар

 

Бу юртни ўрганмоқ, англамоқ бўлиб

Кунни кун, тунни тун демаган олим

Бир эски буюмдан  қорақалпоқни

Англадим десанг гар келар малолим

 

Топганинг,  осори-атиқанг билан

Қанчалар  мозийга киргансан балки.

Қорақалпоқнинг қоқ ўтмишида  жим

Ҳайратларга  тўлиб тургансан балки.

 

Балки, эшитгансан ўланларини

Недир англагандай бўлиб, сел бўлиб

Сенга кўрингандир шу чоғ балки, бу

Ҳар томон сочилган селдай эл бўлиб

 

Англамоқ бўласан шу халқни  буткул

Башорат ҳам  қилгинг келар беғараз

Тилсиз тахламларни титасан, лекин

Топганинг  тахминдир, билганинг фараз

 

Балки, олимдирсан, балки фузало

Ким бўлсанг ҳам сенга айтай бир ҳақни

Ибройим Юсуповни англамай туриб

Англаш мумкин эмас қорақалпоқни.

                                                                   Назира Матякубова

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги