Ёввойи ҳолда ўсувчи доривор ўсимликларни муҳофаза қилиш, маданий ҳолда етиштириш, қайта ишлаш ва мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

қ а р о р и

Республикада сўнгги йилларда доривор ўсимликларни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, доривор ўсимликлар етиштириладиган плантациялар ташкил этиш ва уларни қайта ишлаш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Маҳаллий флорага мансуб 4,3 мингдан ортиқ ўсимликларнинг 750 тури доривор ҳисобланиб, улардан 112 тури илмий тиббиётда фойдаланиш учун рўйхатга олинган, шундан 70 тури фармацевтика саноатида фаол қўлланиб келинмоқда.

2019 йилда 48 миллион АҚШ доллари қийматидаги қайта ишланган доривор ўсимликлардан олинган маҳсулотлар экспорт қилинган.

Шу билан бирга, таҳлиллар доривор ўсимликларни муҳофаза қилиш, уларнинг плантацияларини ташкил этиш, қайта ишлаш орқали қўшимча қиймат занжирини яратиш зарурлигини кўрсатмоқда.

Доривор ўсимликлар етиштириш ва қайта ишлашни янада ривожлантириш учун қулай муҳит яратиш, соҳанинг экспорт салоҳиятини ошириш, шунингдек, таълим, илм-фан ва ишлаб чиқариш жараёнларини интеграциялаш мақсадида:

1.Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг 2020 йил 1 майдан бошлаб доривор ўсимликларни етиштириш, сақлаш, бирламчи ёки чуқур қайта ишлаш кластерларини (кейинги ўринларда – доривор ўсимликлар кластери) ташкил этиш, шунингдек, ҳудудларни доривор ўсимликлар етиштириш бўйича ихтисослаштириш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.

2.Доривор ўсимликларни етиштиришга ихтисослаштириладиган ҳудудлар рўйхати иловага мувофиқ тасдиқлансин.

3.Белгилаб қўйилсинки:

а) доривор ўсимликлар кластерига ер майдони Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари ва ташаббускорлар ўртасида тузиладиган битим асосида ажратилади;

б) хорижий инвесторлар иштирокида ташкил этиладиган доривор ўсимликлар кластерига ер майдони Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, ўрмон фонди ерларида эса Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси билан тузиладиган инвестиция киритиш тўғрисидаги шартнома имзолангандан сўнг Вазирлар Маҳкамаси томонидан ажратилади.

Бунда, доривор ўсимликлар кластерларига ер майдони доривор ўсимликлар етиштиришга мос бўлган, юридик ва жисмоний шахсларга ажратилмаган ва қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланган ерлардан, захирадаги ерлардан, шунингдек, лалми ва ўрмон фонди ерларидан ажратилади;

в) доривор ўсимликлар кластерини ташкил этадиган ташаббускор томонидан тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари ва Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (ўрмон фонди ерларида – Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси)га қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

доривор ўсимликлар кластерини ташкил этиш бўйича ариза;

доривор ўсимликлар кластери фаолиятини ташкил этишда доривор ўсимликларни етиштириш, муҳофаза қилиш, қайта ишлаш ва ресурс тежайдиган технологияларни жорий этиш бўйича инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш юзасидан бизнес-режа ёки техник-иқтисодий асоснома;

доривор ўсимликлар кластерининг фаолият юритиши учун зарур инфратузилма объектлари (фойдаланиш ҳуқуқи асосида), шунингдек, мол-мулк ва бошқа воситаларнинг мавжудлиги ҳақида маълумотнома.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ҳокимлари доривор ўсимликлар кластерларини ташкил этишда иқтисодий жиҳатдан барқарор фаолият юритаётган, зарур инфратузилма объектлари, шунингдек, мол-мулк ва бошқа воситаларга эга бўлган салоҳиятли юридик шахсларни танлаш ва шакллантиришга шахсан масъул ҳисобланади.

4.Қуйидагилар доривор ўсимликлар кластерининг асосий вазифалари этиб белгилансин:

доривор ўсимлик етиштирувчилар билан етиштирилган маҳсулотни харид қилиш бўйича шартномалар тузиш, уларни уруғлик, минерал ўғитлар, техника, ёқилғи ва бошқа воситалар билан таъминлаш;

ихтисослаштирилган ҳудудларда доривор ўсимликларни етиштириш, уруғликлар ва кўчатлар тайёрлаш, босқичма-босқич замонавий доривор ўсимликлар плантациялари ташкил этиш;

доривор ўсимликларни етиштириш ва уруғчилигини ташкил этишда илғор илм-фан ютуқларини қўллаш;

доривор ўсимликлар етиштириш ва уларни қайта ишлаш бўйича халқаро ташкилотлар билан ўзаро фаол ҳамкорлик қилиш ва соҳага босқичма-босқич инновацион ечимлар (ноу-хау) жорий этиш;

доривор ўсимликлар етиштириш ва уларни қайта ишлашга хорижий компанияларнинг инвестициялари ҳамда илғор технологияларини жалб қилиш;

доривор ўсимликлар ва улардан олинадиган маҳсулотларга бўлган ички бозор талабини қондириш ҳамда уларни экспорт қилиш;

тажриба ва маълумотларнинг доимий алмашинувини ташкил этиш орқали ушбу йўналишдаги хорижий илмий-тадқиқот марказлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, халқаро тадқиқот дастурлари, анжуманлар ва симпозиумларда иштирок этиш.

5. Белгилансинки:

а) доривор ўсимликлар плантациялари ресурс тежовчи технологияларни қўллаган ҳолда, “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида ажратиладиган, Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси, халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан барпо этилади;

б) доривор ўсимликлар кластерларига:

ер майдонларини фойдаланишга киритишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 июндаги “Қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–5742-сон Фармонида;

қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмалари, энергия самарадоргаз-горелкали қурилмалар ва қозонлар, шунингдек, энергия самарадор бошқа ускуналарни харид қилишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 22 августдаги “Иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг энергия самарадорлигини ошириш, энергия тежовчи технологияларни жорий этиш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантиришнинг тезкор чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–4422-сон қарорида;

қишлоқ хўжалиги техникаларини харид қилишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 4 апрелдаги “Аграр секторни қишлоқ хўжалиги техникалари билан ўз вақтида таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ–4268-сон қарорида назарда тутилган имтиёзлар татбиқ этилади.

6.Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг доривор ўсимликлар кластерлари, доривор ўсимликлар етиштирувчилар ва уларни қайта ишловчилар томонидан 2023 йил 1 январга қадар Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун белгиланган тартибда тасдиқланадиган рўйхат бўйича олиб келинадиган хомашё, шу жумладан, маданий плантациялар барпо этиш учун уруғ ва кўчатларни, ускуналар ҳамда махсус техникаларни, шунингдек, фитобарлар учун вендинг автоматларини божхона божидан озод қилиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.

Бунда, вендинг автоматлари фақат фитобарлар ташкил этиш учун, божхона имтиёзлари берилиши ҳисобидан бўшайдиган маблағлар ишлаб чиқаришни техник қайта жиҳозлаш ва модернизация қилишга мақсадли йўналтирилади.

7. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Инновацион ривожланиш вазирлиги билан биргаликда:

бир ой муддатда камайиб бораётган табиий ҳолда ўсувчи ноёб доривор ўсимликлар рўйхатини шакллантирсин ва тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасалари томонидан амалга оширилган доривор ўсимликларга доир илмий тадқиқотлар, янги инновацион ишланмалар бўйича маълумотлар базасини шакллантирсин, шунингдек, уларнинг тизимли равишда янгилаб борилишини таъминласин;

тиббиётда қўлланиладиган доривор ўсимликлар коллекцияси участкаси ва генбанкини ташкил этсин;

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги билан биргаликда икки ой муддатда ўсимлик хомашёсини чуқур қайта ишлаш асосида дори субстанциялари ишлаб чиқаришни ташкил этиш механизмларини жорий этиш бўйича чора-тадбирлар режасини тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

8.Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги:

а) Инновацион ривожланиш вазирлиги билан биргаликдадори дори воситалари билан бир қаторда кимёвий дори воситаларининг организмга салбий таъсирининг олдини олиш хусусиятларига қараб доривор ўсимликларни минимум стандарт рецептларига киритиш бўйича тегишли ҳужжатларга ўзгартиришлар киритсин;

2020 йилнинг 1 июндан бошлаб тиббиёт муассасалари, шу жумладан, оилавий поликлиникалар ва қишлоқ (овул) врачлик пунктларида фитобарлар ташкил этсин;

б) Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги қошидаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш фонди маблағлари ҳисобидан халқ табобати усулларидан фойдаланган ҳолда тиббий хизмат кўрсатувчи ташкилотлар ва мутахассислар, уларнинг иш тажрибаси, кўрсатадиган хизмат турлари ҳақидаги маълумотларни ўз ичига олган ягона маълумотлар базасини шакллантирсин.

9.Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ҳар йили 1 декабрга қадар фармацевтика тармоғининг доривор ўсимликларга бўлган талаби (тури, ҳажми, технологик талаблар ва бошқалар)ни Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасига киритсин.

10. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг марказий аппаратида Доривор ва зиравор ўсимликларни ривожлантириш бўлими негизида 5 та штат бирлигидан иборат Доривор ва зиравор ўсимликларни ривожлантириш бошқармаси ташкил этилсин.

Мазкур бошқарманинг қўшимча штат бирликлари Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари ва тизимидаги 3 та штат бирлигини қисқартириш ҳисобидан шакллантирилади.

11. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат таъминоти илмий-ишлаб чиқариш маркази Ўсимликшунослик илмий-тадқиқот институтида мавжуд штат бирликлари доирасида доривор ўсимликлар селекцияси, уруғчилиги ва агротехникаси бўлимини ташкил қилсин.

Бунда, мазкур бўлимга доривор ўсимликларни етиштириш, уларнинг селекцияси ва уруғчилиги бўйича илмий тадқиқотлар олиб бориш ҳамда агрокимёкартограммалар ишлаб чиқиш вазифалари юклатилсин.

12. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат таъминоти соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш агентлиги, тижорат банклари билан биргаликда доривор ўсимликларни етиштириш, қайта ишлаш, уларнинг маданий плантацияларини яратиш, уруғчилиги ва оналик кўчатзорларини ташкил этиш учун халқаро ташкилотлар ва молия институтлари, хорижий ҳукумат ташкилотларининг маблағлари ва грантларини жалб қилиш чораларини кўрсин.

13. Белгилансинки:

камайиб бораётган табиий ҳолда ўсувчи ноёб доривор ўсимликларни тўплаш (ғамлаш) ва ташқарига олиб чиқиш учун рухсатномалар ажратиладиган квотанинг камида 50 фоизи ҳажмида табиий плантацияларни барпо этиш шарти билан берилади;

доривор ўсимликларни тўплаш (ғамлаш), уларни олиб кириш ва ташқарига олиб чиқишга рухсатномалар учун, аризаларни кўриб чиққанлик ва рухсатнома берганлик учун ундирилиб, маҳаллий бюджетга йўналтириладиган тўловлар (ўрмон фонди ерлари бундан мустасно) табиий ҳолда ўсувчи, шу жумладан, йўқолиб бораётган доривор ўсимликларни сақлаш, хатловдан ўтказиш, уларнинг маданий плантацияларини яратиш, оналик кўчатзорларини ташкил этиш, доривор ўсимликларни етиштиришга доир технологик хариталар ишлаб чиқиш харажатларини қоплаш учун сарфланади;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари табиий ҳолда ўсувчи, шу жумладан, йўқолиб бораётган доривор ўсимликларни сақлаш, хатловдан ўтказиш, уларнинг маданий плантацияларини яратиш, оналик кўчатзорларини ташкил этиш, доривор ўсимликларни етиштиришга доир технологик хариталар ишлаб чиқиш харажатларини қоплаш учун маҳаллий бюджетга йўналтириладиган маблағларни сарфланишига шахсан жавобгар ҳисобланади.

14. Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси:

а) Фанлар академияси билан биргаликда:

йўқолиб кетиш хавфи остида бўлган ёввойи ҳолда ўсувчи доривор ўсимликлар муҳофазасини кучайтириш, уларни табиий плантациялар барпо этиш йўли билан тиклаш чораларини кўрсин;

икки ой муддатда камайиб бораётган ноёб доривор ўсимликлар мавжуд бўлган “махсус ҳудуд”ларни ажратиш ва уларни муҳофазага олиш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин;

б) Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда бир ой муддатда йўқолиб бораётган доривор ўсимликларни сақлаш, хатловдан ўтказиш, уларнинг маданий плантацияларини, оналик кўчатзорларини ташкил этиш, доривор ўсимликларни етиштиришга доир технологик хариталарни ишлаб чиқиш харажатларини қоплаш тартибини ишлаб чиқсин ҳамда Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

15. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги бир ой муддатда:

а) Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда доривор ўсимликлар плантацияларини барпо этиш бўйича фундаментал ва амалий тадқиқотлар ҳамда инновацион илмий-техник лойиҳалар бўйича грант танловларини эълон қилишни таъминласин. Бунда, доривор ўсимликлар маданий плантацияларини яратиш, уруғчилиги оналик кўчатзорларни ташкил этиш ва инновацион технологияларни жорий қилишга алоҳида эътибор қаратилсин;

доривор ўсимликлар маданий плантацияларини барпо этиш ва қайта ишлаш бўйича “стартап” лойиҳалар шакллантирилишини ҳамда грант танловлари асосида амалга оширилишини таъминласин;

б) Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Фанлар академияси билан биргаликда давлат-хусусий шериклик шартлари асосида “Ўзбекистон доривор ўсимликлари” кичик инновацион корхонасини ташкил этсин. Бунда, ушбу корхонанинг асосий вазифаси этиб доривор ўсимликларнинг намунавий кластерини ташкил этиш, доривор ўсимликларга оид илмий-тадқиқот ишлари натижаларини жорий этиш ва тарғиб қилиш, ҳудудларда фитобарлар очиш, доривор ўсимлик етиштирувчиларни қўллаб-қувватлаш, халқаро молия институтлари маблағларини, хорижий инвестицияларни жалб этиш ҳисобланади.

Белгилансинки, “Ўзбекистон доривор ўсимликлари” кичик инновацион корхонаси фаолияти Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари, банк кредитлари, ташаббускорлар маблағлари, ҳомийлик, хизмат кўрсатишдан тушадиган, халқаро молия институтлари маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.

16. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги:

2020/2021 ўқув йилидан бошлаб 2025/2026 ўқув йилига қадар ўрта, ўрта махсус ва олий таълим тизимида доривор ўсимликларга оид махсус соатларни ўқув режаларига киритсин;

2020/2021 ўқув йили бошлангунга қадар Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда ўқув дастурлари, дарсликлар ва қўлланмаларга доривор ўсимликлар ҳақида маълумотлар киритилишини таъминласин;

2020/2021 ўқув йилидан бошлаб мактаб ва олий таълим муассасаларида фитобарлар ташкил этсин.

17. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси 2020 йилнинг 1 июнидан бошлаб босқичма-босқич барча вазирлик ва идораларда, Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропорти ҳамда маҳаллий аэропортларда, барча турдаги автовокзал, темир йўл вокзалларида, бозорлар, санаторий-курорт муассасаларида ҳамда бошқа аҳоли гавжум жойларда фитобарлар ташкил этиш чораларини кўрсин.

18. Белгилаб қўйилсинки, тадбиркорлик субъектлари томонидан давлат муассасаларида фитобарлар ташкил этилганда, давлат мулки объектларидан фойдаланганлик учун ижара тўлови белгиланган миқдорлари 50 фоизга камайтирилган ҳолда ҳисобланади.

Бунда, фитобарлар вендинг автоматлари орқали ташкил қилинган ҳолларда, давлат мулки объектларидан фойдаланганлик учун ижара тўловлари ҳисобланмайди.

19. Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг палата марказий аппаратида мавжуд штат бирликлари доирасида Доривор ва зиравор ўсимлик етиштирувчиларни қўллаб-қувватлаш бўлимини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин;

Бунда, мазкур бўлимнинг асосий вазифалари доривор ва зиравор ўсимлик етиштирувчилар манфаатларини қўллаб-қувватлаш, хорижий мамлакатларда кўргазмалар ташкил этиш, етиштириладиган доривор ва зиравор ўсимликларнинг хусусиятлари, улар етиштириладиган ҳудудлар тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олувчи электрон ахборот тизимни яратиш эканлиги маълумот учун қабул қилинсин.

20. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари (Ў.Барноев):

икки ҳафта муддатда 2020 йилда доривор ўсимликларни етиштирувчи, қайта ишловчи ва экспорт қилувчилар томонидан ташкил этиладиган кластерларнинг манзилли рўйхати ва доривор ўсимликлар етиштиришнинг прогноз кўрсаткичларини тасдиқласин;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларининг таклифига кўра, ҳар йили 1 октябрга қадар доривор ўсимликлар кластерлари ташкил этувчиларнинг рўйхатини шакллантирсин.

21. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ҳафта муддатда доривор ўсимликлар маданий плантацияларини ва оналик кўчатзорларини барпо этиш учун олиб келинадиган уруғ ва кўчатлар учун карантин рухсатномасини бериш тартибини соддалаштириш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.

22. Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат таъминоти соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш агентлиги Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг буюртмасига асосан доривор ўсимликлар соҳасида халқаро молия институтлари иштирокида амалга оширилаётган лойиҳалар доирасида доривор ўсимликлар етиштирувчилар, қайта ишловчилар ва мутахассисларни хорижий мамлакатларга юборсин.

23. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, Тошкент шаҳар ва вилоятлар ҳокимлари:

Ўзбекистон доривор ўсимликлари кичик инновацион корхонаси томонидан намунавий доривор ўсимликлар кластерлари ва жойларда фитобарлар ташкил этилишини;

Доривор ўсимликлар кластерларига доривор ва зиравор ўсимликларни етиштиришга мос бўлган ер майдонлари ажратилишини таъминласин.

24. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Инновацион ривожланиш вазирлиги, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

25. Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясига доривор ўсимликларнинг тиббий аҳамияти, тиббиётда қўлланилиши, халқ табобати, доривор ўсимликлар табиий плантацияларини яратиш, оналик кўчатзорларни ташкил этиш, инновацион технологияларни жорий қилишга оид махсус кўрсатувлар ва роликларни мунтазам намойиш этиб бориш юклатилсин.

26. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ў.И.Барноев зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси

         Президенти                                                                              Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри,

2020 йил 10 апрель

 

ЎзA