​Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш – энг долзарб масала​

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 10 апрель куни пахтачилик ва ғаллачиликда кластер тизимини ривожлантириш, баҳорги агротехник ишларни самарали ташкил қилиш, ҳосилдорликни ошириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Йиғилиш аввалида давлатимиз раҳбари коронавирус пандемиясига қарши курашиш борасидаги ишларга алоҳида тўхталиб ўтди.

– Авваламбор, дунёнинг кўплаб давлатларида коронавируснинг тез тарқалиши билан боғлиқ бугунги вазият биз Ўзбекистонда карантин ва аҳолининг бесабаб кўчага чиқмаслик режимини ўз вақтида жорий этганимизни исботлаганини таъкидламоқчиман.

Буни тўғри тушуниб ва маъқуллаб, сабр-тоқат билан уйида ва карантин масканларида ўтирган барча фуқароларимизга, шунингдек ўз бурчини мардлик ва матонат билан бажараётган шифокорларимизга чуқур миннатдорлигимни билдираман.

Очиғини айтиш керак, агар халқимизнинг менталитети ва турмуш тарзини, жумладан, иш-ўқиш, тўй-маърака, маҳалла, бозор, қариндошлар, қўшнилар, дўстлар, айниқса, беморлардан тез-тез хабар олиш каби жуда кенг ижтимоий муносабатларимизни ҳисобга олсак, карантин ва чеклаш тадбирларини вақтида киритмаганимизда, беморлар ва йўқотишлар бундан анча кўп бўлиши аниқ эди.

Инфекция тарқалишини деярли бир ой давомида секинлаштириб, бу вақтдан даволаш ўринларини кўпайтириш, чет давлатларнинг даволаш тажрибасини ўрганиш ва жорий қилишда унумли фойдаландик.

Шунингдек, Россиядан 500 та сунъий нафас бериш аппаратини харид қилдик. Уларнинг биринчи қисми яқин кунларда олиб келинади. Хитойдан касалликни аниқловчи 200 минг дона ва Германиядан 50 минг дона тест олиб келинмоқда.

Биз бу иллатга қарши курашишда халқаро ҳамжамият билан кенг ҳамкорлик қиляпмиз. Бугун Туркий тилли давлатлар кенгашининг айнан шу масалага бағишланган навбатдан ташқари саммити видеоконференция шаклида бўлиб ўтди.

Анжуманда Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия, Туркманистон, Ўзбекистон ва Венгриянинг давлат ва ҳукумат раҳбарлари, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Бош директори Тедрос Адханом Гебрейесус иштирок этди.

Саммитда биз Туркий кенгаш доирасида қўшма эпидемиологик кузатув тизимини шакллантириш, диагностика, даволаш масалалари бўйича ўзаро маълумотлар ва тажриба алмашиш юзасидан келишиб олдик, кенг йўлга қўйишни таклиф этдик.

Шуни алоҳида айтиб ўтмоқчиманки, барча делегация раҳбарлари биринчи навбатда савдо-иқтисодий, инвестициявий, молия ва транспорт соҳаларидаги ҳамкорлигимизни пандемия тарқалиши шароитида ривожлантириш учун янги механизм ва форматлар кераклигини таъкидладилар.

Туркий кенгаш давлатларининг ўзаро савдо айланмаси ҳажмларини инқирозолди даражасида сақлаб қолиш,

инвестицияларни рағбатлантириш ва устувор лойиҳаларни амалга оширишда ўзаро кўмак кўрсатиш,

транспорт инфратузилмасидан самарали фойдаланиш ва юк ташиш тарифларини пасайтириш,

умуман олганда, давлатларимиз учун биринчи галда зарур бўлган маҳсулотлар ташувлари учун ҳеч қандай тўсиқлар бўлмаслиги ҳақида атрофлича келишиб олдик.

Биз бу хатарга қарши курашда мамлакат ичида бўладими, юртимиздан ташқарида бўладими, бор куч ва имкониятларимизни тўла сафарбар этамиз.

Ватанимизда яшаётган ҳеч бир инсон, ҳеч бир оила давлатимиз ва жамиятимизнинг эътибори ва ғамхўрлигидан четда қолмаслиги керак.

Шунинг учун жойлардаги 6 та сектор раҳбарлари, барча мутасаддилар, республикадан бириктирилган вазирлар жуда қаттиқ иш олиб боришлари керак!

Хавф ҳали ўтиб кетгани йўқ. Ҳали олдинда жуда катта синовлар кутмоқда.

Темир интизом ва юксак масъулият билан кечаю кундуз иш давом этиши керак!

Бугунги кунда коронавирус пандемияси инсонлар ҳаётига хавф солиш билан бир қаторда бутун дунёни иқтисодий инқирозга олиб келаётгани тобора аниқ бўлиб бормоқда. Халқаро ташкилотлар таҳлилларига кўра, пандемиянинг жаҳон иқтисодиётига зарари камида 5 триллион долларни ташкил қилади.

Хусусан, юқори даромад берадиган халқаро туризм, транспорт ва логистика соҳаларида тушумлар 2 баробаргача камайиши кутилмоқда. Саноатнинг кўплаб тармоқларида ишлаб чиқариш занжири бузилиши ҳисобига ҳам зарар катта бўлиши тахмин қилинмоқда.

Бу вазиятда озиқ-овқат таъминоти масаласи кучайиб, айрим давлатлар ўзи етиштирган асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотларини четга чиқармаслик чораларини кўрмоқда. Шунинг учун қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш бугунги кунда энг долзарб масалага айланиб боряпти.

Жаҳон банки ўз ҳисоботида Европа ва Марказий Осиё давлатларида иқтисодиётнинг ўсиш суръатларини таъминлайдиган манба қишлоқ хўжалиги эканини эълон қилиб, бу борада Ўзбекистонда имкониятлар катталигига алоҳида эътибор қаратди.

Йиғилишда давлатимиз раҳбари энди барча ҳокимлар, сектор раҳбарлари аграр соҳадаги резервларни сафарбар қилиб, маҳсулот ишлаб чиқаришни кўпайтириши зарурлигини таъкидлади. Шундагина иқтисодиётнинг бошқа тармоқларидаги йўқотишлар ўрнини қисман тўлдириб, аҳоли бандлиги ва даромадини таъминлаш мумкин.

Маълумки, мамлакатимиз қишлоқ хўжалигида ғоят кенг қамровли ва жиддий ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, пахта ва ғаллага давлат буюртмасидан воз кечилиб, нарх белгилаш эркинлаштирилди. Маҳсулот ишлаб чиқаришда кластер тизимига ўтилди ва уларнинг ривожланиши учун барча шароит яратилди. Бундан мақсад – маҳсулот ҳажмини кескин ошириш, юқори қўшимча қиймат ва янги иш ўринлари яратиш, энг асосийси – даромад ва манфаатдорликни оширишдан иборат.

Кластерлар қишлоқ хўжалигида инновацион ғоялар ва тежамкор технологияларни жорий қилиб, иқтисодий самарадорликни таъминлаяпти.

Мисол учун, ўтган йили Қуйичирчиқ туманидаги “ТСТ кластер”, Дўстлик туманидаги “Сангзор текстиль” кластери пахтадан гектаридан ўртача 30-35 центнер хирмон кўтариб, ҳосилдорликни олдинги йилгига нисбатан қарийб 2 баробар оширди. Қўрғонтепа туманидаги “Хантекс” кластери томчилатиб суғориш жорий қилинган пахта майдонларида ўртача 70 центнергача ҳосил олди.

Бундай натижалар пахтачиликда ҳали резерв кўплигини яққол кўрсатиб турибди. Йиғилишда кластерлар бу имкониятлардан тўлиқ фойдаланиб, ўзи фаолият юритаётган туманнинг ижтимоий-иқтисодий ривожига ҳисса қўшиши, одамларнинг онги ва турмуш тарзини ижобий томонга ўзгартириши кераклиги қайд этилди.

Бунинг учун зарур қулайлик яратилмоқда. Масалан, пандемия таъсирини юмшатиш бўйича қабул қилинган фармонларга мувофиқ, кредитларни қайтариш муддати узайтирилди, солиқ бўйича қатор енгилликлар жорий қилинди.

Буни тўғри баҳолаган, юртини севган кластерлар раҳбарлари пахта ҳосилдорлигини 10 центнерга ва ғалла бўйича 20 центнерга ошириш бўйича ташаббус билан чиқди.

Президентимиз бугунги оғир шароитда барча раҳбарлар ва фермерлар бир бўлиб, маҳсулот ишлаб чиқаришни кўпайтириш билан шуғулланиши лозимлигини таъкидлади.

Кластерлар фаолиятини мувофиқлаштириш, илғор тажрибаларни кенг жорий қилиш мақсадида Пахта етиштирувчи ва қайта ишловчи кластерлар уюшмасини ташкил қилиш ташаббуси маъқулланди.

Мутахассисларнинг фикрига кўра, бу йил сув таъминоти жуда оғир бўлади. Шунинг учун сув ресурсларини тежаб ишлатиш ғоят муҳим, сувни 2 баробар иқтисод қилиш чораларини кўриш зарур.

Сув хўжалиги вазирлигига ушбу ҳаётий ресурснинг аниқ ҳисоб-китоблар асосида ажратилишини таъминлаш, бу йил 150 минг гектар майдонда сув тежовчи, жумладан, 44 минг гектарда томчилатиб суғориш технологияларини жорий қилиш вазифаси юклатилди.

Видеоселектор йиғилишида ғаллачиликка доир чора-тадбирлар ҳам муҳокама қилинди.

Пандемия натижасида охирги уч ойда мамлакатимизга кириб келаётган ун ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 50 фоизга, дон 31 фоизга камайди. Бугунги эпидемиологик вазият ҳар қандай шароитга тайёр бўлиш даркорлигини, озиқ-овқат аҳолининг талаби даражасида захира қилиниши зарурлигини кўрсатмоқда.

Ўтган йили ғалланинг давлат харид нархлари оширилиб, деҳқонларнинг манфаатдорлиги таъминлангани ва қўшимча дон етиштирилгани учун ички бозордаги нархлар барқарор сақланиб турибди.

Бу мавсумда эса қўшимча агротехник тадбирларни бажариб, ғалла ҳосилдорлигини 20 центнер кўпайтириш, гектаридан камида 70 центнердан ҳосил олиш чораларини кўриш зарурлиги таъкидланди.

Шу мақсадда ҳар бир вилоят ва туман учун илмий асосланган тавсиялар ишлаб чиқиб, уларга мувофиқ агротехник тадбирларнинг тўғри йўлга қўйилишини ташкил этиш муҳимлиги қайд этилди. Ғаллани озиқлантириш, занг касаллиги, зараркунанда ва бегона ўтларга қарши кимёвий ишлов бериш, ўрим-йиғимни уюшқоқлик билан ташкил этиш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди.

Жорий йилда ташкил қилинган 102 та ғаллачилик кластери фермерларга намуна бўлиб, олинган қўшимча дон ҳисобидан аҳолига арзон гўшт, балиқ ва паррандачилик маҳсулотлари етказиб бериши мақсадга мувофиқ.

Пандемия даврида барча давлатлар озиқ-овқат маҳсулотлари танқислиги юзага келишининг олдини олишга қаратилган жиддий чоралар кўрмоқда. Ўтган йили май-декабрь ойларида юртимизга 116 минг тонна кунгабоқар, 7 минг тонна соя, 15 минг тонна гуруч, 2,6 минг тонна дуккакли экин ёрмалари импорт қилинган.

Бу озиқ-овқат маҳсулотлари турлари ва ҳажмини кўпайтириш устида жиддий ишлаш кераклигини англатади. Нафақат импорт ўрнини тўлдириш, балки янги экспорт бозорларида ўрин топиш зарур. Шунда ҳозирги глобал инқироздан кучли давлат бўлиб чиқиш мумкин.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажмини кўпайтириш мақсадида 10 минг гектар янги боғ ва 9 минг гектар токзорлар орасига картошка, сабзи, пиёз, саримсоқпиёз, кўкат, нўхат, мош, ловия, помидор, бодринг, булғор қалампири ва полиз экинлари экиш бўйича кўрсатма берилди.

Бахмал, Янгиобод, Фориш ва Қўшработ туманларида юзлаб қудуқлар қазилиб, 10 минг гектар лалми ер майдонларида узумзорлар барпо этилган эди. Йиғилишда бу тажрибани барча вилоятларда жорий қилиш, лалми ерли туманларга бурғулаш техникалари етказиб бериш зарурлиги қайд этилди.

Барча сектор раҳбарлари ўз ҳудудида озиқ-овқат захирасини ҳисоб-китоб қилиб, ички имкониятларини кенгайтириб бориши кераклиги айтилди.

Соҳа мутасаддилари, вилоят ҳокимлари ва кластерлар раҳбарлари йиғилишда белгиланган вазифалар ижросини ташкил этиш юзасидан ахборот берди.

ЎзА