Одатда кўп давлатлар Конституцияси нуфузли экспертлар, депутатлар томонидан ишлаб чиқилиб, сўнгра парламентда қабул қилинади. Бундай ҳужжатлар мутахассис нуқтаи назаридан юқори баҳоларга сазовор бўлса-да, унда халқчиллик, халқ руҳияти етишмайди.
Айрим давлатлар ҳатто ўз Асосий қонунларининг референдумда, халқ иштирокида қабул қилингани билан фахрланишади. Албатта, бу энг олий даражадаги қарор. Бироқ бу жараёнда халқ олдида фақат икки саволдан бирига жавоб бериш имконигина бўлади: Конституция матнини тасдиқлаш ёки рад этиш.
Ўзбекистон Конституциясининг ўзига хослиги шундаки, у икки маротаба халқ муҳокамасида юртдошларимиз хоҳиш-иродаси билан бойитилди. Умумхалқ муҳокамаси давомида Конституция лойиҳаси юзасидан жами 6 мингдан ортиқ таклиф ва мулоҳаза билдирилган.
Маълумки, давлат ва жамият ҳаётида баъзи бир нарсалар бўладики, у Ватанимиз каби ягонадир: байроғимиз битта, гербимиз битта, мадҳиямиз битта, шу қатори Конституциямиз ҳам битта. Буларнинг ҳар бири ўз тимсолида она Ватанимиз, халқимизнинг эзгу-мақсадларини ўзида акс эттиради. Шу маънода Конституциямиз ҳар бир фуқаро учун байроғимиз, гербимиз, мадҳиямиз каби муқаддасдир.
Бош қомусимиз қабул қилинишидан мақсад ва вазифаларга эътибор берадиган бўлсак, муқаддимасида мамлакатимиз фуқароларининг муносиб ҳаёт кечиришларини таъминлашга интилиш, демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш, фуқаролар тинчлиги ва миллий тотувлигини таъминлаш мақсадида Конституция қабул қилинганлиги қайд этилган. Яъни Конституциямизнинг асосий моҳияти инсонга муносиб ҳаёт шароитлари яратиш, уни бахтли қилишдан иборат.
Яна муҳим ҳамда халқаро экспертлар томонидан эътироф этиладиган хусусият – бу Конституциянинг “Ўзбекистон халқи” деб бошланишидир. Бундай жумлаларни бошқа бирон бир қонунда учратмаймиз. Бунинг ўзи ҳам халқ ҳокимиятчилигининг ёрқин далолати.
Конституциямизнинг яна бир энг муҳим хусусияти – бу халқ суверенитети эътироф этилганлигидадир. Асосий қонунимизнинг 7-моддасида асосан халқ давлат ҳокимиятининг бирдан бир манбаи экани муҳрланган. Асосий қонунимизда “демократия” ва “демократик” сўзлари 7 марта, “халқ” сўзи 24 марта қўлланган.
Ғарб олимлари дунё конституциялари таҳлили натижасида 70 та асосий мавзунинг қамраб олиниши бўйича 190 давлат конституцияси ва конституциявий аҳамиятдаги бошқа ҳужжатларни ўрганганда давлатимиз Асосий қонуни 0,59 натижани кўрсатиб, нисбатан кўпроқ мавзуларни қамраб олгани аён бўлди. Бу жиҳатдан Австрия Конституцияси 0,57, АҚШ Конституцияси 0,49, Буюк Британиянинг конституциявий аҳамиятдаги ҳужжатлари 0,43 натижани кўрсатган.
Конституциямизда инсон манфаатлари устун қўйилган. Асосий қонунимизни синчиклаб ўрганган ҳар бир шахс бевосита гувоҳи бўладики, унинг бутун мазмун-моҳияти инсонга хизмат қилишга йўғрилган. Конституциямизнинг бирон бир жойида “давлатнинг ҳуқуқи” ёки “фуқаролар давлат ҳохиш-иродасини бажариши шарт” қабилидаги қоидалар учрамайди. Аксинча, Асосий қонунимизда “Давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилади. Давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъулдирлар”, “Давлат фуқароларнинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамланган ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлайди” каби давлатнинг мажбуриятларини учратамиз.
Конституциямиз ўзининг инсонпарварлиги билан ҳам ажралиб туради. Унга кўра вояга етмаганлар, меҳнатга лаёқатсизлар ва ёлғиз кексаларнинг ҳуқуқлари давлат ҳимоясидадир. Давлат ва жамият етим болаларни ва ота-оналарининг васийлигидан маҳрум бўлган болаларни боқиш, тарбиялаш ва ўқитишни таъминлайди, болаларга бағишланган хайрия фаолиятларни рағбатлантиради.
Конституциямизнинг яна бир муҳим жиҳати, бу унинг барқарорлигидадир. Қайд этиш жоизки, ўтган 25 йил мобайнида Конституциямизнинг асосий принциплари, инсон ва фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчлари, жамият ва шахс муносабатлари, маъмурий-ҳудудий ва давлат тузилишига оид нормалари ўзгармади. Ўтган давр мобайнида унга 10 та ўзгартиш ва қўшимча киритилган бўлса-да, буларнинг деярли барчаси давлат ҳокимиятини ташкил этиш бўлимига киритилган тузатишлар бўлиб, у ҳам бўлса мамлакатимизда конституциявий принцип бўлган халқ ҳокимиятчилигини кучайтириш, давлат ҳокимиятини ташкил этиш ва фаолият кўрсатишида фуқароларнинг бевосита ва билвосита таъсирини ошириш, парламентнинг давлат ички ва ташқи сиёсатидаги ролини кенгайтириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишда конституциявий ва одил судловнинг ўрнини янада мустаҳкамлашга оид тузатишлардир.
Қадимги Рим юристларининг фикрича, қонун қисқа, лўнда бўлиши лозим. Дунёда энг кўп сўз ишлатилган Конституция Ҳиндистон Асосий қонуни бўлиб, мутахассислар фикрига кўра унда 146 минг 385 сўз ишлатилган. АҚШ Конституциясида 7 минг 762, Франция Конституциясида 10 минг 180 сўз ишлатилган. Ўзбекистон Конституциясида эса 7 минг 550 сўз қўлланилган.
Қайд этиш жоизки, дунёдаги энг ривожланган давлатлар Конституциялари билан рақобатлашадиган Конституцияни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш масаланинг бир жиҳати. Масаланинг бошқа бир муҳим томони, қабул қилинган ҳужжатни ҳаётимизга самарали татбиқ этишда намоён бўлади. Бу Конституцияда кўзлаган мақсадларимизнинг энг муҳим шартидир.
Қадимдан ҳуқуқшуносликда “ҳуқуқ, қонун ҳушёр, огоҳ, ғайратли одамлар учун ёзилади, ғафлатда қолганлар учун эмас. Ким ҳуқуқларидан фойдаланмаса, кўрган зарари учун ўзи айбдор” деган қарашлар мавжуд.
Шундай экан, Конституциямиз ва қонунларимизда кафолатланган ҳуқуқлардан ҳар биримиз ўз ўрнида фойдалана олсак, ҳамиша, ҳар ерда ҳуқуқларимиз таъминланишига эришамиз.