Ўқувчилар қандай имтиҳон топширади?

Мактаб дарслари масофавий ва мустақил ўзлаштирилади, дейилмоқда. Шу ўринда ота-оналарда ўқув жараёни бошланганда имтиҳон ёки назорат иши олинадими, фарзандларимизнинг дарсларни ўзлаштирганлик даражаси қандай баҳоланади, каби саволлар туғилмоқда.
Халқ таълими вазирлигидан олинган маълумотларга кўра, телевизион дарсларни параллел равишда вазирликнинг расмий веб-сайтида, kundalik.com ҳамда онлайн мактаб электрон портали орқали кузатиб бориш имконияти яратилади.
Kundalik.com орқали ўқитувчилар ўқувчиларнинг видеодарслар орқали билим олишини назорат қилиб, баҳолаб боради. Kundalik рақамли таълим платформаси мактабларда масофавий таълимни ташкил қилиш учун барча зарур функцияларга эга. Бу ўқувчиларга уйда ўтирган ҳолда ўқув жараёнини тўхтатмаслик, фанларни мустақил равишда ўрганиш ва педагог билан масофадан туриб мулоқот қилиш имконини беради.
Педагоглар Kundalik орқали уй вазифаларини ва ўқув материалларини бериши, ўқувчилар эса бажарилган ишларни текширишга юбориши мумкин. Шу асосда ўқитувчилар электрон журналга баҳо қўяди ёки жавоблар устида яна ишлаш бўйича шарҳларини қолдиради.
Аммо бу тизим ҳозирча фақат Тошкентда эканини ҳисобга олиш зарур. Шу боис, қолган ҳудудларда таътил даври тугаб, ўқув жараёнлари бошланган вақтда 4-чоракда режалаштирилган назорат ишлари (оралиқ ва якуний) ўтказилади. Чунки ўқувчиларнинг ўқув йилини муваффақиятли якунлаши ҳамда синфдан синфга кўчирилиши, битирувчи синф ўқувчиларига эса аттестат берилиши керак.
Бу жараёнда ота-оналардан масъулиятли бўлиши талаб қилинади. Улар фарзандлари билимини мустаҳкамлашда ўз ёрдамини аямаслиги, фақатгина теледастурлар орқали берилаётган дарсларда эмас, балки мунтазам равишда мактаб дастурини ўзлаштиришида кўмак бериши керак.

 

ЎзА