Вазир: коронавирус тарқаган давлатлардан юртдошларимиз олиб келиниши давом этади

Президентимизнинг 2020 йил 29 январдаги тегишли фармойишига мувофиқ Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг янги тури кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш мақсадида Республика махсус комиссияси тузилган. Фармойишга асосан Республика махсус комиссиясига Бош вазир бошчилик қилади. 
Комиссия қарорига мувофиқ чартер рейслар орқали хориждаги Ўзбекистон фуқаролари юртимизга олиб келинмоқда. Маълумки, Ухандан 84 нафар талаба олиб келинган эди. Хитойдан 630, Жанубий Кореядан 700 нафардан ортиқ фуқароларимиз олиб келиниб, санаторийларга жойлаштирилди ҳамда карантинга олинди.
Бугун чартер рейслар орқали Латвиянинг Рига шаҳридан юртдошларимиз олиб келиниб, Наманган вилоятидаги санаторийларда карантинга олинади. Шунингдек, Эрон Ислом Республикасидан ҳам 30 дан ортиқ фуқаромиз олиб келинади. Улар Наманган вилоятидаги Косонсой ва Тўрақўрғондаги санаторий ва шифохоналарга жойлаштирилади. Бундан кейин ҳам Ҳукумат бу каби чораларни кўришни давом эттиради. Бунинг учун мамлакатимизда санаторийлар, шифохоналар тайёрланмоқда.
 
Алишер Шодмонов,
Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири

ЎзА