Мактабгача таълим вазирлиги бу йил қамровни 60 фоизга етказмоқчи

Мактабгача таълимни ривожлантириш борасида бошлаган ислоҳотларимиз натижасида ўтган йили 6 минг 426 давлат, хусусий, оилавий болалар боғчалари ташкил этилди. Шунинг ҳисобидан фарзандларимизни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси бир йил давомида 37,7 фоиздан 52,3 фоизга кўтарилди.
Президентимиз Мурожаатномасида вазирлигимиз фаолиятига алоҳида тўхталиб, “Бу йилдан бошлаб, тарихимизда илк бора 6 ёшли болаларни мактабга тайёрлаш тизими жорий қилинади. Бунга бюджетдан 130 миллиард сўм ажратилиб, бу жараёнда хусусий мактабгача таълим муассасалари ҳам бевосита иштирок этади” деган эди.
Мурожаатномада билдирилган таклифлар Президентимизнинг 2 мартдаги “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармонида ўз аксини топди.
Бу фармон асосида 2020 йил охирига қадар 6 ёшли болаларни мактабга тайёрлаш тизимини жорий этган ҳолда мактабгача таълим билан қамраб олиш даражасини 60 фоизга етказишни мақсад қилганмиз.

Санжар ОБИДОВ,

Мактабгача таълим вазирлиги 
бош бошқарма бошлиғи ўринбосари

ЎзА