Ўзбекистон Президентининг кўрсатган инсонпарварлик позицияси таҳсинга сазовор​

Термизда “Сурия ва Ироқдан қайтариб олиб келинганларни реабилитация ва реинтеграция қилиш бўйича Марказий Осиё мулоқоти: Ўзбекистон тажрибаси” мавзусида Тошкент шаҳрида ўтказилган халқаро илмий-амалий конференциянинг сайёр йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон давлатлари вазирлик, идора ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, қатор хорижий экспертлар, шунингдек, вилоятдаги давлат ва нодавлат ташкилотлари раҳбарлари иштирок этди.
photo5404388513295740047.jpg

Анжуманда фуқаролик жамиятини ривожлантириш маркази раҳбари Р.Комилов, Сурхондарё вилояти маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари М.Қобулова ва бошқалар Сурия ва Ироқдан қайтариб олиб келинганларни реабилитация ва реинтеграция қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар ўз самарасини бераётганини таъкидлади. Жанубдаги воҳада уруш ўчоғидан олиб келинганларнинг психологик, ижтимоий муаммоларини ҳал этиш, уларни турар-жой билан таъминлаш, ишга жойлаштириш, фарзандларига таълим бериш юзасидан муайян тажрибалар тўплангани қайд этилди.

Сайёр йиғилишда иштирокчилар «Барқарор ҳаёт» нодавлат нотижорат ташкилотининг давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида олиб бораётган ишлари билан яқиндан танишди. «Барқарор ҳаёт»нинг психолог, ижтимоий, диний йўналишлардаги реабилитация ва реинтеграция ишлари акс этган слайдлар намойиш этилди.

photo5404388513295740045.jpg

– Бу масала фақат битта давлат ёки ёт ғоялар ортидан эргашиб, йўлидан адашган шахсларнинг эмас, балки дунё халқларини ўйлантираётган, ташвишга солаётган жиддий муаммо, –дейди Қирғизистон Республикаси Бишкек шаҳар ижтимоий ривожланиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Л.Губина. – Ўзбекистон Президентининг бу борада кўрсатган инсонпарварлик позицияси ҳар қанча таҳсинга сазовор. Биз, қайтариб олиб келинган болалар ва аёлларни реинтеграция қилиш йўналишида хайрли ишлар амалга оширилганини кўрдик. Мамлакатда нафақат минтақадаги давлатлар, балки дунё ҳамжамияти ўрганса арзийдиган тажрибага гувоҳ бўлдик. Бу саъй-ҳаракатлар биз учун ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Анжуман иштирокчилари «Барқарор ҳаёт» нодавлат нотижорат ташкилотининг тикувчилик, миллий ҳунармандлик, қандолатчилик ва бошқа ўқув хоналарида бўлиб, бу ерда яратилган шароитлар билан танишди. Ижтимоий ҳаётга мослашаётган аёллар ва болалар билан суҳбатлашди.

photo5404358366920289568.jpg

– Уруш майдонларидан олиб келинган аёллар ва болаларга кўрсатилаётган ғамхўрлик эътиборимизни тортди, – дейди Олма-ота шаҳар вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий, психологик ёрдам кўрсатиш марказининг дин бўйича мутахассиси Л.Рисакова. –Сурхондарёга келиб ўзимизга тегишли кўп нарсани ўргандик. Менда айниқса, реабилитация жараёнларида диний компонентларнинг ўрни бўйича олиб борилаётган ишлар жуда ёқди. Албатта, Қозоғистонга боргач, бу тажрибани қўллашга қарор қилдим.

Сайёр йиғилишда хорижлик экспертлар ва маҳаллий ҳамкорлар иштирокида мазкур йўналишда воҳадаги саъй-ҳаракатлар атрофлича таҳлил қилиниб, тегишли таклиф ва тавсиялар билдирилди.

 

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ​ (сурат), ЎзА