Тошкентда “Сурия ва Ироқдан қайтариб олиб келинганларни реабилитация ва реинтеграция қилиш бўйича Марказий Осиё мулоқоти: Ўзбекистон тажрибаси” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтмоқда.
Конференцияда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон давлатлари вазирлик, идора ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, Ўзбекистон Республикасида аккредитациядан ўтган халқаро ташкилот ва дипломатик ваколатхоналар ходимлари, шунингдек бир қатор хорижий экспертлар иштирок этмоқда.
Мухбиримиз анжуман қатнашчиларининг фикрлари билан қизиқди.
Рустам Комилов, Фуқаролик жамиятини ривожлантириш маркази директори:
– Ўзбекистонда амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар замирида уруш ўчоқларида қолиб кетган фуқароларига, аёлларга ва уларнинг фарзандларига ғамхўрлик ва меҳр кўрсатиш ғояси мужассам. Муаммога мана шу тарзда ёндошув халқаро ҳамжамиятнинг, қўшни мамлакатларнинг қизиқишини уйғотмоқда. Чунки, Ўзбекистон бу борада маълум бир ижобий амалиётга ва тажрибага эга бўлди. Шу боис бугунги конференция халқаро ҳамжамият учун Ўзбекистон тажрибасини ўрганиш имконини беради. Бундан ташқари, биз ҳам мазкур муаммолар бўйича қўшни мамлакатларда тўпланган тажрибаларни ўрганмоқчимиз. Зеро, мазкур муаммо фақат давлатники эмас, ёки ёт ғоялар ортидан эргашиб йўлдан адашганлар муаммоси эмас, балки барча мамлакатларни бирдек ташвишга солаётган муаммолардир. Шу боис, ушбу йўналишда эришилган ҳар бир натижа эътиборга молик. Конференцияда иштирок этаётган халқаро ташкилотлар вакиллари Ўзбекистон бу тажрибани айнан халқаро андозаларга мувофиқ юритаётганини эътироф этмоқда ва ушбу тажрибаларни ўрганишга эътибор қаратмоқда. Реинтеграция масаласига тўхталадиган бўлсак, бу масаланинг бир қанча жиҳатлари бор. Бу, биринчи навбатда психологик жиҳатлар, яъни уларнинг даҳшатли уруш ўчоғида бўлиб қайтиши, инсон фожиаси билан боғлиқ масала. Ўлим кўриш, яқин одамларини йўқотиш, ҳеч қандай ҳақ-ҳуқуқсиз бегона юртда қолиб кетиш даҳшатини бошдан кечирган одамлар руҳияти ҳақида гап кетмоқда. Худди шу ерда давлатимиз раҳбарининг қатъий позицияси, сиёсий иродаси ҳамда бағри кенглиги, ўз халқига чексиз меҳри намоён бўлди. Мана шунинг учун ҳам, олиб келинган одамларнинг психологик, ижтимоий муаммоларини ҳал этиш, уларни турар-жой билан таъминлаш, ишга жойлаштириш, фарзандларига таълим бериш борасида эришилган ижобий тажриба халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилмоқда ва ўрганилмоқда.
Саидмурод Раҳимов, ЎзА