Ўзбекистоннинг Оролбўйи муаммоларини ҳал қилиш бўйича ташаббуслари Францияда бўлиб ўтган «ChangeNOW 2020»  саммитининг якуний рисоласига киритилди.

«ChangeNOW» – Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг (БМТ) иқлим ўзгаришлари бўйича доиравий конвенцияси (ИЎДК)га бағишланган Париж конференциясининг 21-сессиясида сайёрамиз ва халқлар учун янги ечимларни топиш мақсадида ташкил этилган асосий глобал ташаббус ҳисобланади.

Рисолада иқлим ўзгаришининг оқибатларига мослашиш ва барқарор ривожланиш мақсадларига эришишга алоҳида урғу берган ҳолда шаҳар ва минтақаларнинг муаммо ва ечимлари, янги, инновацион ва замонавий ижтимоий ва технологик ечимларни амалга оширишда ҳамкорлик имкониятлари кўрсатилган.

Шунингдек, мазкур ҳужжатда Орол фожиаси ва Ўзбекистоннинг Орол денгизининг қуриши оқибатларини юмшатиш, Оролбўйи минтақаларини тиклаш ва ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида маълумот киритилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг БМТ шафелигида Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп шериклик Траст фондини ташкил этиш, Оролбўйи ҳудудида Халқаро инновацион марказ очиш,  Орол минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар зонаси деб эълон қилиш борасидаги ташаббуслари алоҳида таъкидланган.

 

“Дунё” ахборот агентлиги