АҚШ ва Толибон ҳаракати ўртасидаги учрашув иштирокчилари Ўзбекистоннинг Афғонистонда тинчлик ўрнатиш йўлидаги қатъий саъй-ҳаракатларини эътироф этишмоқда

“Толибон” ҳаракатининг Қатардаги ваколатхонаси аъзоси Анас Ҳаққоний: Биз Мирзиёевга ишонамиз!
– Жаноб Президент Шавкат Мирзиёев Афғонистон тараққиёти ва эртанги равнақини таъминлаш мақсадида, ушбу мамлакатда тинчликни қарор топтириш йўлида қатъий ирода намоён этмоқда. Ягона минтақада қўшни бўлиб яшаётган жамики халқлар, мамлакатлар учун аҳил-иноқ, осойишта яшаш ҳаётий заруратдир. Бир қўшнининг тинчлиги бошқа қўшниларнинг ҳам осойишталиги ҳисобланади. Бирон-бир қўшнига хавф туғилиши эса бошқа қўшниларга ҳам хавф-хатар уйғотади. Бу борада биз жаноб Мирзиёевнинг сиёсати ва қарашларини қўллаб-қувватлаймиз. Энг муҳими, у киши Афғонистонда тинчлик, сулҳ ва осойишталикни қарор топтира олади, деб ишонамиз.
Германия Федератив Республикасининг Афғонистон ва Покистон бўйича вакили Маркус Потцель: Афғонистонда тинчлик ўрнатилиши бутун Марказий Осиё манфаатларига хизмат қилади.
Марказий Осиёнинг бир қисми ҳисобланган Афғонистон масаласида Ўзбекистон ва Германия кўп йиллардан буён ҳамкорлик қилиб келмоқда. Ушбу ҳамкорлик доирасида икки давлат афғон ёшлари таълим олиши учун грантлар ажратиб келяпти. Бугунги келишувдан сўнг амалга ошадиган беш томонлама ёндашув, яъни Қатар, Норвегия, Индонезия, Ўзбекистон ва Германиянинг Афғонистондаги турли сиёсий кучлар ва гуруҳлар ўртасида ўзаро мулоқотни йўлга қўйиш борасидаги ҳаракатлари ҳам биргаликдаги интилишларнинг ёрқин мисолидир.
Умуман, олганда Германия ва ЕИ давлатлари Афғонистон заминида тинчлик ўрнатилиши тарафдори, чунки бу можаронинг якун топиши аввало жабрдийда афғон халқи манфаатларига хизмат қилади. Бу ўз навбатида Марказий Осиё учун ҳам ҳар томонлама фойдали. Жумладан, савдо-сотиқни йўлга қўйиш ва ривожлантириш, иқлим ўзгаришига қарши биргаликда курашиш йўлларини топиш, муқобил энергия ишлаб чиқариш бўйича лойиҳаларни ҳаётга тадбиқ этиш яхши самара беради. Мен 2018 йилнинг март ойида Афғонистон масаласида Тошкентда бўлиб ўтган халқаро анжуманда иштирок этгандим.
Кейин 2019 йил августда ҳам Ўзбекистонга келиб, ташқи ишлар вазири ҳамда Президентнинг Афғонистон масалалари бўйича махсус вакили билан учрашдим. Германия Ўзбекистоннинг Афғонистонда тинчлик ўрнатиш борасидаги алоҳида ўрнини эътироф этади. Зеро, Афғонистонда тинчликни таъминлашга қаратилган Тошкент конференцияси айнан Ўзбекистон етакчиси ташаббуси билан ташкил этилди. Қолаверса, 2019 йил май ойида ГФР Президенти Франк-Вальтер Штайнмайернинг Тошкентга ташрифи мобайнида ҳам икки давлат раҳбари ўртасида Афғонистон масаласи чуқур таҳлил қилинган эди.

 

ЎзА