Ташқи ишлар вазирлиги фаолиятида камчиликлар қайд этилди

Сенат ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирлигининг 2019 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ахбороти эшитилди.
Мажлисда вазирлик фаолиятида бир қатор муаммо ва камчиликлар мавжудлигига тўхталиб ўтилди.
Хусусан, вазирлик ва Ўзбекистон дипломатик ваколатхоналарининг ахборот-таҳлил фаолияти натижадорлиги ўта суст бўлиб қолмоқда. Ишончли маълумот манбаларининг камлиги, асосан оммабоп маълумотларга таянган ахборотномаларнинг тайёрланиши, ҳар томонлама чуқур ишлаб чиқилган долзарб ташқи сиёсий ташаббус ва таклифларнинг тақчиллигига олиб келмоқда.
Иқтисодий дипломатия самарадорлиги ўта паст. Вазирлик ҳисоботига кўра республиканинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари томонидан 1 минг 200 дан ортиқ бизнес-форумлар, 3 минг 700 дан ортиқ ўзаро ташрифлар ўтказилди. Аммо уларнинг амалий натижаси деярли йўқ, айрим ҳолларда тадбирлар номига ва самарасиз ўтказилмоқда.
Хорижий шериклар билан ҳамкорлик қилиш бўйича ҳар томонлама пухта ўйланган аниқ мақсадли режалар ишлаб чиқилишига ҳанузгача юзаки қаралмоқда. Хорижий мамлакат компанияларининг таклифлари бўйича тегишли ташкилотларнинг жавоб бермаслиги, қайта алоқанинг йўқлиги натижасида лойиҳаларни кўриб чиқиш муддати чўзилиб кетмоқда.
Бу борадаги идоралараро ҳамкорлик ҳанузгача талаб даражасида эмас. Ўз вақтида айнан шу мақсадларда таъсис этилган Ташқи сиёсат масалалари бўйича идоралараро Кенгаш ўз фаолиятини амалда бошламаган, натижада қабул қилинган “йўл харита”лари ижросидаги вазирликнинг мувофиқлаштирувчи функциясини бажарилмаяпти.
Республика ҳудудларининг ташқи иқтисодий фаолияти самарадорлигини оширишда уларга бириктирилган Ўзбекистон элчихоналарнинг кўпчилигини ҳиссаси кам ёки у кўринмайди.
Ўзбекистоннинг қатор хориждаги дипломатик ваколатхоналарида узоқ давр мобайнида вакансиялар сақланиб келинмоқда.

 

Нурилло НАСРИЕВ, ЎзА