Айрим мансабдор шахсларнинг бепарволиги туфайли ёшлар ўртасида ажримлар, жиноятчилик кўпаймоқда...

Нукусда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг иккинчи сессияси бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, вазирликлар, ташкилот ва корхоналар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ва секторлар раҳбарлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган тадбирни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Ерниязов бошқариб борди.
Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбари ўтган йили август ойида Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи давомида ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга кенг имкониятлар яратиш борасида кечиктириб бўлмайдиган вазифаларга алоҳида эътибор қаратган эди. Бу борада Президентимиз томонидан белгилаб берилган 5 та муҳим ташаббус ҳамда ишлаб чиқилган “Йўл харита”лари ёшларимиз ҳаётида алоҳида аҳамият касб этмоқда.
photo_2020-02-23_18-12-36.jpg
Қорақалпоғистон Республикасида 1 миллион 80 мингдан зиёд ёш бор. Ёшларга барча соҳаларда кенг имкониятлар яратиш ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бугунги куннинг энг долзарб масалаларидандир.
Бу борада 2019 йил катта ишлар амалга оширилди. Жумладан, ёшларни иш билан таъминлаш мақсадида ўтказилган меҳнат ярмаркаларида 3 минг 400 нафарга яқин ёшлар ишли бўлди. Улар ўртасида тадбиркорликни янада ривожлантириш бўйича ҳам қатор ишлар амалга оширилди. “Ёшлар – келажагимиз” давлат дастури асосида 168 бизнес лойиҳа учун 68 миллиард сўмдан зиёд кредит ажратилди, 500 га яқин иш ўрни яратилди.
“Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури асосида 500 нафардан зиёд ёш учун 14 миллиард сўмлик кредит ажратилди. Ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 270 нафарга яқин ёш тадбиркорга ер майдони ва фойдаланилмай бўш турган объект ажратиб берилди.
photo_2020-02-23_18-12-37.jpg
Беруний, Қонликўл ва Мўйноқ туманларида “Ёшлар марказ”лари қурилди. Бундан ташқари, шаҳар ва туманларда 22 та “Ёшлар меҳнат гузари” мажмуаси қурилаётган бўлса, шу кунгача Хўжайли, Элликқалъа, Беруний ва Мўйноқ туманларида ана шундай мажмуалар фойдаланишга топширилди. Шунингдек, ёш тадбиркорлар учун Нукус шаҳри ва Хўжайли туманида “Ёш тадбиркор” коворкинг марказларида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.
Президентимиз 2019 йил 27 декабрь куни Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги мактабда ёшлар билан бўлиб ўтган учрашувда 2020 йил Ёшларга оид давлат сиёсатида туб бурилиш йили бўлишини таъкидлади ва бу борада муҳим вазифаларни белгилаб берди. Бу бўйича “Ёшлар сиёсатида Қорақалпоғистон тажрибаси” ишлаб чиқилиб, самарали амалга оширилмоқда. Шу билан бир қаторда, ёшларга бу йил қўшимча 20 минг гектардан ортиқ ер майдони ажратиб бериш борасида чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, бугунги кунда Мўйноқ туманида ёшларга ҳамда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимларига 6 минг гектар ер майдони ажратиб берилиб, бу ер майдонларига оқар сув етказиб бериш ва мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича аниқ чоралар кўрилмоқда. Шунингдек, ўтган декабрь-февраль ойларида 200 нафардан зиёд ёшга 5 минг гектардан ортиқ ер майдони ажратиб берилди. Бугунги кунда 739 фермер хўжалигини ёшларимиз бошқариб келмоқда.
photo_2020-02-23_18-12-38.jpg
Сессияда Қорақалпоғистон Республикасида 2020 йилда ёшларнинг бандлигига кўмаклашиш, уларни касб-ҳунарга йўналтириш, тадбиркорлик, фермерлик, ҳунармандчиликка жалб этиш ва ёшлар миграциясини тўғри ташкил этиш бўйича амалга ошириладиган ишлар ҳақида маълумот берилди. Жумладан, “Ёшлар – келажагимиз” ва “Ҳар бир оила – тадбиркор” Давлат дастурлари асосида 1000 дан зиёд ёшга жами 87 миллиард сўмлик кредитлар ажратиш режалаштирилмоқда.
Яна бир муҳим жиҳат – ҳар бир сектор ҳамда соҳа раҳбарлари камида 20 нафар ёшни оталиққа олиши белгиланмоқда. Бунда ҳар бир раҳбар оталиққа олган ёшларни тадбиркорликка жалб қилиши, фермерликка ўргатиши, янги иш ўринлари яратиш орқали ёшларнинг бандлигини таъминлаши, уларнинг ўз даромадига, шахсий мулкига, ҳатто, автомашинасига эга бўлишига эришиши лозимлиги таъкидланди.
Шунингдек, жорий йилнинг дастлабки 6 ойи давомида Мўйноқ ва Бўзатов туманларида ёшларни тикувчилик, трактор ва махсус техникаларни бошқариш курсларига жалб этиш, томорқа ер хўжалиги, иссиқхона ва парникларда маҳсулот етиштириш ҳамда бу йўналишда амалга оширилаётган ишларга ёшларни кенг қамраб олиш, “Ёшлар қурилиш отряд”ларини, қурилиш, экология ва саломатлик масалалари бўйича волонтёрлик гуруҳларини ташкил этиш, “Ҳар бир ёшга 20 туп кўчат” шиори остида манзарали ва мевали кўчатларни ўтқазиш сингари вазифалар белгилаб олинди.
Муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан Орол денгизи атрофида экологик вазиятни яхшилаш мақсадида денгиз тубида жорий йилги мавсумда 626 минг гектардан зиёд майдонга саксовул, қандим, қорабарақ ва бошқа чўлга чидамли ўсимликлар экилади. Бу ишларда бугунги кунда 1500 нафардан зиёд ишчи ва механизатор, 850 та техника, 4 кичик самолёт сафарбар этилган. Бунда ёшлар ҳам фаол қатнашаётир.
Сессияда бугунги кунда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга барча имкониятларни яратиб бериш бўйича тегишли соҳа раҳбарларига, ҳокимларга аниқ вазифалар белгилаб берилганлиги, лекин айрим мансабдор шахсларнинг бепарволиги туфайли ёшлар ўртасида ажримлар, жиноятчилик, ташқи таъсирларга тушиб қолиш ҳолатлари учраётганлиги танқид қилинди. Бундай ҳолатларни бартараф этишда ёшлар учун янги иш ўринларини яратиш, уларнинг бандлигини таъминлаш масаласи муҳим аҳамиятга эга эканлиги алоҳида таъкидланди.
Кун тартибидаги асосий масала, яъни ёшларнинг бандлигини таъминлаш, уларни касб-ҳунарга ўргатиш, тадбиркорлик, фермерлик ва ҳунармандчиликни ривожлантириш, ёшлар миграцияси бўйича сектор раҳбарларининг ахбороти тингланди ва тегишли қарор қабул қилинди.
Қарор асосида Қорақалпоғистон Республикасида 2020 йилда ёшларни қўллаб-қувватлаш бўйича ишлаб чиқилган махсус “Йўл харита”си ва унда белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича ишчи гуруҳ таркиби, ёшларнинг бандлигини таъминлаш бўйича Манзилли режа ҳамда бу чора-тадбирларни мувофиқлаштириш бўйича мониторинг гуруҳи таркиби тасдиқланди.
Сессияда бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди ва тегишли қарор қабул қилинди.
Сессияда Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Т.Худайбергенов, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси А.Саъдуллаев иштирок этди.

 

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА